ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯ ТАЪЛИМ ФОРУМИ ЎТКАЗИЛАДИ

Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан юртимизда биринчи маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда.
Халқаро форум шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Форумда икки давлат президентлари администрациялари, Ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясини Таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.
Халқаро форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Биринчи марта ўтказилаётган “Ўзбекистон-Россия таълим форуми”да Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилишади.
Мазкур нуфузли анжуманда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар асосида талабаларни ўқитиш, факультет ва кафедралар филиалларини ташкил қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, мақсадли илмий изланишлар олиб бориш, ўқув ва илмий адабиётлар алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун замин яратилади.
Халқаро форум доирасида Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон-Россия таълим форуми” якунлари бўйича:
– Ўзбекистонда Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш;
– академик тайёргарлик бўйича ҳамкорликни кенгайтириш;
– биргаликда илмий ва инновацион форумларни ўтказиш;
– илмий-тадқиқот бўйича лойиҳаларни амалга ошириш;
– қўшма тадбирларни ўтказиш;
– олий таълим муассасалари ўртасида ахборот алмашинувини ўрнатиш;
– ҳамкорликни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ахборот хизмати

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan