Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб белгиланди:
• соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни уни унификациялаш ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг масъулияти ва ҳимояланганлигини кучайтиришга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир қилувчи қонунларни қабул қилиш орқали такомиллаштириш;
• жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этишни таъминлайдиган замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантириш, тиббиёт ва фармацевтика муассасаларини аккредитация қилиш, шифокорлик ва фармацевтик фаолиятни лицензиялаш тизимини жорий этиш;
• тиббиёт соҳасини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш;
• тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, шунингдек, тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш, патронаж хизмати ва диспансеризациянинг самарали моделларини яратиш орқали соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва касалликларни профилактика қилиш;
• тиббий генетикани, аёллар ва болаларга шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш асосида, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, “Она ва бола” ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт мажмуалари ва маълумотлар тизимларини шакллантириш асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;
• хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш;
• фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, нарх шаклланиши механизмларини такомиллаштириш, дори воситалари, тиббий техника ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш;
• тиббий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантириш, шу жумладан, тиббиёт илмий ва таълим муассасаларини халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш (аккредитациядан ўтказиш) замонавий таълим дастурлари, усул ва технологияларини жорий этиш асосида;
• “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
• 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси;
• 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури.
• Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар экани белгилаб қўйилди.
Фармонга кўра:
• 2019 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг айрим туманларида тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизими (молиялаштиришнинг янги механизмлари) эксперимент тартибида жорий этилади;
• эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиш асосида молиялаштиришнинг янги механизмлари 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этилади;
• 2019 йил 1 июлдан бошлаб вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизими жорий этилади, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади;
• 2019 йил 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасалари ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга берилади;
• 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади.
Фармонга кўра, 2019 йил 1 июлга қадар “Мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Фармон билан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ишчи комиссия ташкил этилди ва унинг таркиби тасдиқланди.
Концепцияни амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда сифатли ишлаб чиқиш ва киритиш ҳамда амалий чоралар кўрилишини ташкил қилиш Ишчи комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Шунингдек, Фармон билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилиши белгиланди.
Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, шунингдек муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан ҳисобланади.
Манба: huquqiy_axborot
2019 – 2025 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ