Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси шу мавзуда бўлди.
Унда таъкидланганидек, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашга муҳим масала сифатида қаралмоқда.
Президентимизнинг соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлари, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишларда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш доимий эътиборда.
Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларнинг соат 8:00 дан 20:00 гача хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди. Уларда туну кун давомида мобиль ишлайдиган тез ёрдам подстанциялари ташкил этилиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшиланди. Натижада чақирув манзилига етиб бориш вақти қарийб уч марта қисқарди.
Шу билан бирга соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Сессияда шу каби масалалар муҳокама қилинди. Журналистлар саволларига жавоб берилди.
– Мурожаатномадан келиб чиқиб 2019 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қандай чора-тадбирларни белгилаб олди?
Ушбу саволга соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев жавоб берди:
– Мурожаатномада 2019 йил учун аниқ мақсадли вазифалар белгилаб берилди. Бу вазифалардан келиб чиқиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз иш режасини ишлаб чиқди. Биринчи навбатда, бор эътиборни касалликларни профилактика қилиш, яъни олдини олиш масаласига қаратдик. Бу борада, биринчи навбатда, бирламчи тиббий ёрдам тизимини мустаҳкамлаш эътиборимизда бўлади. Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Оилаларга бориб, уйма-уй юриб аҳолининг тиббий хизмат билан боғлиқ муаммоларини аниқлаш механизми йўлга қўйилмоқда.
Халқимиз генофондини мустаҳкамлаш ҳам долзарб масаладир. Шу боис, вазирлик томонидан болаларнинг соғлом овқатланиши масалаларига бағишланган қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу қонунда генофондни мустаҳкамлаш соғлом овқатланиш орқали қандай амалга оширилиши аниқ белгилаб берилади. Навбатдаги долзарб муаммо аҳоли ўртасида онкологик касалликлар кўпайиб бораётгани билан боғлиқ. Юртимизда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик касаллик аниқланмоқда. Нафақат Ўзбекистонда, балки дунё миқёсида ушбу касалликнинг ўсиши кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур касалликка қарши кураш тизимини такомиллаштиришни талаб этиб, юқори технологик тиббий ёрдамга эҳтиёжни кучайтиради. Бу бўйича Республика онкология илмий маркази билан биргаликда дастур ишлаб чиқдик. Унга кўра, касалликни эрта аниқлашга эътибор қаратаяпмиз. Шунингдек, ушбу марказда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Президентимизнинг Германияга ташрифи доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида иккита муҳим Меморандум имзоланди. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда германиялик ҳамкорлар билан онкологик клиникалар ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
– 2019 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги айнан соғлиқни сақлаш соҳасида қайси хорижий олий ўқув юртлари билан, қайси давлатлар билан ҳамкорлик қилади?
Ушбу саволга олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов жавоб берди:
– Соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий олий ўқув юртлари, чет давлатлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича вазифалар Президентимиз Мурожаатномасида аниқ белгилаб берилди. Яъни, бу йил Россия, Жанубий Корея, Германия, Италия тиббиёт институтлари билан қўшма факультет ва филиаллар очиш бўйича амалий чоралар кўриш назарда тутилмоқда. Президентимизнинг Германияга ташрифи доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Манхайм университети клиникаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якунида педиатрия ва нефрология мутахассисликлари бўйича ўқитувчилар, талабалар ва шифокорлар алмашинувига келишиб олинди. Шунингдек, Росток университети ректори Вольфганг Шарек билан генетик касалликлар, неврология ва кардиология йўналишлари бўйича шифокорлар тайёрлаш режалаштирилди. Шарите университетининг Науэн клиникаси вакиллари билан юртимизда олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликда ўқув дастурини яратиш, шунингдек, магистрлар ва ёш шифокорларнинг Германияда стажировкасини ташкил этиш юзасидан дастлабки келишувга эришилди.
Сессияда таъкидланганидек, сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 1 минг 500 та турли русумдаги тез тиббий ёрдам машинаси олиб келинди ва фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда 2 минг 400 га яқин тез тиббий ёрдам машинаси хизмат кўрсатмоқда. Дунё тажрибасига кўра, ўртача 70-80 фоиз тез тиббий ёрдам машиналари оддий чақириқларга ёрдам кўрсатадиган бригадалар ҳисобига тўғри келади. 20-30 фоизи бу юқори ихтисослашган тез ёрдам машиналаридир. Охирги икки йилда Ўзбекистонга 400 га яқин реанимобиллар олиб келинди. 3 йил олдин тез тиббий ёрдамнинг кечикиш ҳолати 6-7 фоиз эди. Ҳозирги кунда бу 1-2 фоизга тушди.
Сессия давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА
Translate: Рус