Тажриба 2021 йилда Сирдарё вилоятида ўтказилади, 2023 йилдан Қорақалпоғистон, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, 2025 йилдан эса бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади, деб ёзмоқда Norma.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида унинг ҳудудий бошқармалари барпо этилади. Жамғарманинг асосий вазифаси маблағларни бошқариш ва фуқароларни мажбурий суғурталаш, суғурталанган шахсларни ҳисобга олиш ва ҳаракатланиш механизмларини жорий қилишдан иборат.
Жамғармага қуйидаги маблағлар келиб тушади:
• базавий мажбурий тиббий суғурта учун давлат бюджетидан олинган маблағлар;
• тамаки маҳсулотлари, алкоголь, таркибида шакар, трансёғлар юқори даражада бўлган маҳсулотлар ва соғлиқ учун зарарли бўлган бошқа маҳсулотларга акциз солиғидан мақсадли ажратмалар;
• суд қарорлари ижроси бўйича компенсация тўлаш учун давлат бюджетидан олинган маблағлар;
• ихтиёрий бадаллар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳадя шартномалари бўйича тушумлар;
• халқаро ташкилотлар грантлари;
• хайрия жамғармаларидан, халқаро ташкилотлар ва хорижий фуқаролардан келадиган маблағлар;
• миллий қонунчилигимизга зид бўлмаган бошқа даромадлар.
Бунда турли ёрдамларни кўрсатиш учун уларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги тўлов усуллари жорий этилади:
• бирламчи тиббий-санитария ёрдами – ҳудудларнинг хусусиятлари, муассасалар тури, аҳоли зичлиги ва бошқа омилларни, кўрсатилган тиббий хизматлар сифати натижаларини ҳисобга олувчи тоифаланган тузатиш коэффициентларига эга ягона жон бошига тўғри келадиган нормативига асосан ҳақ тўлашнинг комбинацияланган усули;
• ихтисослаштирилган /иккиламчи амбулатория ёрдами – ихтисослаштирилган амбулатор хизматлар учун ҳақ тўлаш усули;
• стационар ёрдам – республика, вилоят ва туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида ҳажм стратегик чекланган ҳолда клиник-харажат гуруҳлари бўйича «ҳар бир даволанган ҳолат» учун ҳақ тўлаш усули.
Тақдим этилган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни молиялаштириш стратегияси лойиҳасида мажбурий тиббий суғуртани жорий этишдан кутилаётган натижалар келтирилган.
Бундан ташқари, шу ойнинг бошида муҳокамага қўйилган ва сайтимизда ёритилган «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси такроран жойлаштирилди. Қонун лойиҳаси матнига доир шарҳ, изоҳ ва таклифлар бўлса, 5 августгача ҚҲТБТ порталида қолдириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 7.12.2018 йилдаги ПФ-5590-сон Фармонида 2021 йил 1 январдан мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Манба: Kun.uz
Translate: Рус