Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси низомлари лойиҳалари жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/6682).
Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, илмий даражалар белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган ёки талабларга жавоб берган, муайян фан тармоғида чуқур касбий билимга, илмий ютуқларга эга бўлган юксак маънавиятли шахсларга берилади.
Тиббиёт фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш – тиббиёт соҳаси бўйича олий маълумотга, ветеринария фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш – ветеринария соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилади.
Диссертация изланувчи ўтказган тадқиқотлар ва эълон қилган илмий ишлар асосида тайёрланади. Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш изланувчининг хоҳишига кўра ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.
Талабгор, илмий раҳбар ёки илмий маслаҳатчи тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда диссертация ва диссертация авторефератининг мазмуни учун масъул ҳисобланади.
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга оид қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни тўлиқ бажарган, жумладан ихтисослик бўйича малакавий имтиҳон (имтиҳонлар)ни топширган изланувчилар диссертацияни ҳимоя қилишга қўйилади.
Тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида ОАK Раёсати қарори билан истисно тариқасида, қуйидагиларга диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкин:
Ихтиро патенти ва селекция ютуқлари муаллифига истисно тариқасида, диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкин:
фан доктори (DSc) илмий даражаси – мавзу доирасида камида 3 та ихтиро патенти ёки селекция ютуғи асосида фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшиш ҳамда илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши асосида салмоқли самара олинган бўлиши;
фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси – ихтиро патенти (патентлари) ёки селекция ютуғи (ютуқлари) асосида фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшиш ҳамда илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши асосида салмоқли самара олинган бўлиши;
Ушбуда диссертация ҳимоясисиз илмий даража бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) тадқиқотлар амалга оширилган ОТМ ёки ИТМга муаллиф ариза билан мурожаат қилади;
б) тадқиқотлар амалга оширилган ОТМ ёки ИТМ кенгашидаги муҳокама ва унинг ижобий қарори асосида муассаса раҳбарининг кузатув хати билан тегишли Илмий кенгашга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: (1) тадқиқотлар амалга оширилган ОТМ ёки ИТМ кенгашининг хулосаси; (2) ихтиро патенти ва селекция ютуқлари илмий натижалари амалиётга жорий қилингани тўғрисида тегишли бошқарув органи (органлари)нинг умумлаштирилган маълумотномаси; (3) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти ва селекция ютуқларининг долзарблиги тўғрисидаги маълумотномаси; (4) автореферат шаклида тайёрланган тақдимнома; (5) талабгорнинг фаолиятини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар (талабгор тўғрисидаги объектив-маълумотнома; паспорт нусхаси; олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси; фан доктори (DSc) илмий даражаси талабгори учун фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даража (бундан буён матнда фалсафа доктори (PhD) деб юритилади) дипломининг нусхаси ва диссертацияси автореферати;
в) Илмий кенгашда тақдимнома ўрнатилган тартибда диссертацияни ҳимоя қилиш тартиб-қоидасига мувофиқ ҳолда экспертизадан ўтказилиб (нашр ишлари бундан истисно), муҳокамаси натижасига кўра аттестация иши электрон ҳужжат айланиш тизими орқали ОАКга юборилади;
г) аттестация иши ОАКда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбуда ихтисослик бўйича малакавий имтиҳон топширилган бўлиши керак.
Республика ОТМ ва ИТМлари халқаро рейтингини баҳоловчи QS (Quacquarelli Symonds), Times Higher Education (THE) рейтинг агентликлари томонидан тан олинган Elsevier компаниясининг Scopus, Science Direct халқаро илмий-техник базалар рўйхатида мавжуд ихтисослашган илмий нашрларда (бундан буён матнда Халқаро базалар рўйхати деб юритилади) импакт-фактори тегишли фан тармоғи бўйича белгиланган даражада бўлиб, автореферат шаклида тайёрланган тақдимнома асосида истисно тариқасида, қуйидагиларга диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкин:
фан доктори (DSc) илмий даражаси – салмоқли илмий янгиликлар олган ва камида 12 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга;
фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси – муҳим илмий янгиликлар олган ва камида 6 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 4 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга.
Халқаро базалар рўйхатига кирган журналлар импакт-факторининг тегишли даражаси ҳар бир фан тармоғининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда етакчи ОТМ ва ИТМ тавсиялари асосида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда ОАК Раёсати қарори билан белгиланади.
Ушбуда диссертация ҳимоясисиз илмий даража бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) тадқиқотлар амалга оширилган ОТМ ёки ИТМга муаллиф ариза билан мурожаат қилади;
б) тадқиқотлар амалга оширилган ОТМ ёки ИТМ кенгашидаги муҳокама ва унинг ижобий қарори асосида муассаса раҳбарининг кузатув хати билан тегишли Илмий кенгашга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: (1) тадқиқотлар амалга оширилган ОТМ ёки ИТМ кенгашининг хулосаси; (2) нашр ишларининг асл нусхалари; (3) илмий натижалари амалиётга жорий қилингани тўғрисидаги маълумотномалар; (4) автореферат шаклида тайёрланган тақдимнома; (5) талабгорнинг фаолиятини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар;
в) Илмий кенгашда тақдимнома ўрнатилган тартибда диссертацияни ҳимоя қилиш тартиб-қоидасига мувофиқ ҳолда экспертизадан ўтказилиб (нашр ишлари бундан истисно), муҳокамаси натижасига кўра аттестация иши электрон ҳужжат айланиш тизими орқали ОАКга юборилади;
г) аттестация иши ОАКда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбуда ихтисослик бўйича малакавий имтиҳон ва илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилиши керак.
Ёпиқ мавзулар бўйича диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражалар бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бинар (иккилик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимояси “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида илмий ишланма яратган фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган илмий даража эгаси бўлган талабгорга фан доктори (DSc) ва илмий натижаларни амалиётга татбиқ этган талабгорга фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини бериш тартиби тўғрисида низом”га мувофиқ ташкил этилади.
Талабгор ўз диссертацияси (тақдимномаси)ни илмий жамоатчилик олдида ҳимоя қилганидан кейин Илмий кенгашнинг илмий даража бериш тўғрисидаги қарори ОАКнинг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгашининг тавсияси инобатга олинган ҳолда ОАК Раёсати томонидан тасдиқланади.
Фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаcига эга бўлган шахсларга давлат намунасидаги дипломлар берилади.
Манба: kun.uz