Тошкент тиббиёт академияси жамоаси Сардоба сув омбори фожиасидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатмоқда

Халқимизга хос бағрикенглик, меҳр оқибат ва ўзаро ёрдам каби одамийлик фазилатлари бугун юртдошларимизнинг яна бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда. Азалий анъаналаримиз қудратини айнан бугун Сирдарёлик бродарларимизга кўрсатилаётган беминнат ёрдам мисолида кўришимиз мумкин. Барча элсевар юртдошларимиз сингари Тошкент тиббиёт академияси жамоаси ҳам Сардоба сув омбори фожиасидан жабр кўрганларга сидқидилдан, беғараз ёрдам кўрсатмоқда.
Сардоба сув омбори фожиаси содир бўлган куниёқ Тошкент тиббиёт академиясининг терапевт, кардиолог, эндокринолог, невропатолог, инфекционистларидан иборат бир гуруҳ малакали мутахассислари воқеа жойига етиб бордилар ва Гулистон шаҳрига эвакуация қилинган аҳолига чуқурлаштирилган тиббий ва психологик амалий ёрдамни зудлик билан бошлаб юборишди.
Сардоба сув омбори фожиасидан жабр кўрган аҳолига елка тутиб, оғир дамларда улар дардига дармон бўлаётган юртдошларимиздан беғараз моддий ёрдам карвонлари сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Бунга сабаб, шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг виждон уйғоқлиги билан инсоний бурч ва масъулитини чин дилдан ҳис этаётганлигидир.
Инсонпарварлик тадбирлари доирасидаги саховат ва кўмак умумхалқ акциясида Тошкент тиббиёт академияси жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Сирдарё вилоятида содир бўлган фожиа сабабли кўрилган талофатларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус фондига Тошкент тиббиёт академияси ходимларининг 1 кунлик маоши беғараз ёрдам сифатида ўтказиб берилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan