Ҳар тонг юртимизни мамлакатимиз мадҳияси уйғотади. Мана чорак асрдики, бу мусиқа ер юзида халқимиз ғурури, ифтихори, шону-шавкати тантанасини намоён этиб келмоқда. Ўзбекистон мадҳияси бастакори, беназир истеъдод соҳиби, Мутаваккил Бурхонов ҳаёт бўлганида, шу йил 100 ёшдан ошган бўларди.
Буюк композитор альбомидаги лирик романслар, жозибали бадиий симфоник асарлар, “Абу Али Ибн Сино”, “Сурайё”, “Мафтунингман” сингари кинофильмларга басталанган мусиқий ДУРДОНАЛАРИ лари айниқса ўзбек мусиқа санъатининг олтин фондидан ўрин олган “Алишер Навоийга қасида” номли операси катта шуҳрат қозонди.
Истиқлол йилларида Мутал Бурхоновнинг ижоди юксак қадрланиб “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Ўзбек мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк композитор, Ўзбекистон халк артисти Мутаваккил Бурхонов 1916 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топди. Тенгқурлари орасида нозик қалби ва теран мушоҳадаси билан ажралиб турадиган МУТАВАККИЛ ўша даврнинг машҳур хофиз ва бастакорлари Домла Ҳалим Ибодов, Ота Жалол, Ота Ғиёс, Левича Ҳофиз сингари улуғ санъат фидойилари изидан бориб, эшитганда қалбларга таскин берувчи мусиқа асарлари басталашни чин дилдан орзу қилди.
Шу мақсади сари интилди, курашди, ўқиб ўрганди ва ниҳоят ўз орзуларининг рўёбига эришди.
1990 йилларнинг охирида Бухоро вилоят Телевидениеда ишлаб юрганимда Мутаваккил Бурхонов ижодий фаолияти ҳамда Давлатимиз мадҳиясининг яратилиш тарихи тўғрисида кўрсатув тайёрлаш вазифаси менга топширилди.
Санъат дарғасига ошиён бўлган мўъжаз, бироқ файзли хонадонга кирдик.
Деворларда эски суратлар, мусиқа асарларининг ноталари туширилган намуналар, чолғу асбоблари ва қадимий сўзана осиғлик турарди. Сухбат орасида композитордан: – ҳамиша одамлар ёдида қоладиган , замонлар ўтса ҳам сира эскирмайдиган мумтоз санъат асари яратиш учун бастакордан талаб этиладигани нима, деб сўраганимизда, у шундай деди:
МУТАЛ БУРХОНОВ , ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ.
“ Мен бир нарсадан фахрланаман, менинг мусиқам бутун дунё бўйлаб янграганида не-не инсонлар ўрнидан туриб қуллуқ қилади… Бунинг маъноси катта, улар менинг санъатим қаршисида эмас, Ватаним Ўзбекистоннинг салобатли овози қаршисида бош эгадилар. Давлат гимни бу Ватаннинг овози… Менга яратган эгам ўша овоз оҳангларини қалбимга жойлагани ва бу оҳангни ўзга қалбларга етказа олишим учун йўл берганига беадад шукроналар айтаман… Ва яна шуни истардимки, мендан сўнг кимдир қабрим зиёратига борганида, қадам босиши билан ўша сеҳрли оҳанг янграса…”
Мутаваккил БУРХОНОВ
Жаҳон мумтоз мусиқаси дурдоналари қаторидан муносиб ўрин олган, энг сара мусиқий асарлар муаллифи, бастакор, санъат арбоби Мутаваккил Бурхоновнинг камтарона ҳаёт йўлини ўзбек мусиқа санъатининг фидоийлари мусиқашунос олим Аҳмад Жабборов, ҳамда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Азимовлар бизга берган интервьюсида беназир композиторнинг ўзига хос услуби чиндан ҳам мангуликка дахлдорлиги эътироф этдилар. Санъат шундай мўъжизаки, агар уни чин юракдан севолсанг, у минг карра ортиғ ардоғи билан сени юксакларга кўтаради. Мутаваккил Бурхонов замон ва макон чегарасини билмас, миллат ва элат танламас мумтоз санъатнинг ошифта ошиғи эди. Мутаваккил Бурхонов ўз санъатини қалбининг туб-тубида ардоқлади ва ҳалол меҳнати ила уни кўкларга кўтара олди. Биз бугун Ўзбекистон Мажҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Мутал Бурхонов хонадонидаги суҳбатимизни эсладик. Ўзбек бастакорининг худди келажакни башорат қилиб айтган самимий сўзларини ёдга олдик. Ўшанда у ниятлари ҳақида гапириб шундай деган эди.
“-Бутун умрим давомида одамлар ёдида қоладиган, сира эскирмайдиган, ҳамма бир бўлиб, жўр бўлиб куйлайдиган қўшиқ яратиш нияти билан яшадим. Ниятим соф эди. Шуни биламанки мени халқим ҳеч қачон унутмайди.
Баргдек узилиб кетсам
Унутмас мени боғим,
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур
Минг йиллардан кейин ҳам,
Унутмас мени боғим… /УСМОН НОСИР шеъри/
Не бахтки, композитор яратган ижод боғи бугун ўзгача чирой билан янгидан янги навниҳолларни парвариш этмоқда. Унинг санъати бугунги умидли ёшлар, уларнинг орзу ва интилишларида яна бўй кўрсатди. Халқимизнинг яхши кунларида, соғинч билан ёдга олинаётган Мутал Бурхонов мусиқалари Ўзбекистоннинг уриб турган қайноқ қалби мисол юртимиз шону-шавкатини мана чорак асрдирки, бутун ер курраси узра муносиб намоён этиб келмоқда. Бир умр соғинч билан яшаб, соғиниб ёзган, меҳрга ташна қалбини кафтига қўйиб халқига тутган миллат ўғлининг эзгу истаклари мудом эъзозда. Зеро, бу мамлакатда миллатини севган яхши инсонлар ёди ҳамиша абадийликка дахлдор бўлади. Ҳа, умрлар бўладики, тирикликда ўликдир, умрлар бўладики мангуликка тирикдир. Жаҳон мумтоз мусиқаси дурдоналари қаторидан муносиб ўрин олган, энг сара мусиқий асарлар муаллифи, бастакор, санъат арбоби Мутаваккил Бурхоновнинг камтарона ҳаёт йўли, ўзига хос бетакрор услуби чиндан ҳам мангуликка дахлдор эди.
Гулчеҳра МИРЗАЕВА
Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби