ЛОГОС- афазияни тиклашга мўлжалланган ўзбек тилида биринчи миллий мобил илова…

ЛОГОС- мобил илова лойиҳасининг мақсади – бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши – инсултлар туфайли келиб чиқадиган афазияли  инсонлар нутқини тиклашга ёрдам берувчи  ўзбек тилидаги биринчи  мультимедияли мобил илова яратиш.

Афазия бу тўлиқ ёки қисман йўқолган нутқ бузилиши бўлиб, нутқ функцияси учун жавобгар бош мия бўлимларининг  зарарланиши сабаб бўлади. Луғатий маънода афазия сўзи а – йўқотиш, фазис – нутқ маъносини билдиради. Инсулт – бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, унинг  ўткир ва тикланиш даврларида  ҳаракат, нутқ бузилишлари (нутқи бузилса кетидан бемор ўқиш ва ёзиш қобилияти ҳам йўқотади), когнитив ўзгаришлар, кейинчалик эса оғир тушкунлик, ўриндан тура олмаслик ва ўлимга  олиб келади. Ўзбекистон  2019 йил миллий инсулт регистрининг кўрсаткичига кўра ҳар йили республикамизда 60000дан кўп инсонлар инсулт билан хасталанишар экан,  чап ўрта мия артериялари зарарланган беморларда эса нутқ бузилиши – афазия 80% инсонларда кузатилган. Инсултдан кейинги афазияли беморларни нутқини тиклаш нихоятда мураккаб ва қийин.

Афазия-нутқ бузилишларини реабилитацияси қанча эрта бошланса, шунча тезроқ ва яхшироқ  тикланиш кузатилади.  Афазияли беморлар нутқини тиклашни охирги ечими ҳали ҳам тўлиқ охирига етмаган. Бунинг сабаби – 1)  афазияли беморлар нутқи реабилитацияси  кўроқ индивидуал ёндашувни талаб қилиб,  турли хил афазияли ҳар хил беморларни даволашда даволовчи шифокор ва логопедлар турли усуллардан фойдаланиб келишади; 2) афазияли беморларни клиникаларда стационар даволаниш куни  нутқи тикланишидан аввалроқ тугалланади ва улар шуғулланишни уй шароитларида давом эттиришлари гумон; 3) бир бемор нутқини тиклаш учун ишлатилган самарали усул бошқа шунга ўҳшаш бемор нутқини тиклаши учун самара бермаслиги мумкин. Бундай ёрдамга мухтож беморлар кўплаб, мутахассислар эса саноқли. Нутқ тикланишига монеъ-қаршилик қиладиган яна бир фактордан бири – бу беморда ривожланадиган интеллектуал бузилишлар ёки даволанишга беморни ишончсизлиги ҳисобланади.

Юқоридаги барча холатлардан келиб чиқиб, беморлар нутқи реабилитацияси билан на фақат стационарда, балки  уй шароитида ҳам давом эттириш учун ЛОГОС  – биринчи миллий мультимедияли мобил илова яратишга  қарор қилдик ва нутқ тикланиш динамикасини ўтказилган инсульт тури ва оғирлик даражасига боғлиқлиги ўргандик. Республикамизда биринчи бор афазияли беморлар билан ишлашга ёрдам берувчи биринчи- “ ЛОГОС”  ўзбек тилида мобил илованинг  прототипи яратилиб, неврологик амалиётга тавсия қилинди.

Мобил иловамиз афзаллиги: контент – ўзбек тилида, расмлар  ўзбек менталитетига хос, қулайлиги –   тиббий маълумоти бўлмаса ҳам бемор яқинларива мутахассислар учун услубий ёрдам, узлуксиз бемор билан  жой, вақт танламай хохлаганича шуғулланиш имконияти.

Лойиҳамиз  2019 йил Стартап  инновацион 657 та лойихалар ичида яхши инновацион 27 лойиха сафига қўшилиб сертификат билан  тақдирланган эди. 2020 йил эса “Энг яхши 20 та  стартап”  лойихалари орасида ғолиб бўлиб, тўғридан тўғри молиялаштиришга 75 000000млн сум пул мукофоти билан тақдирланди.

Келажак вазифаларимиз: турли афазияли беморларни мия инсултини  тури ва оғирлик даражасига боғлиқ холда, инсулт ўткир ва тикланиш даврида “ЛОГОС”  ўзбек тилида мобил иловаси билан олиб бориш алгоритми ишлаб чиқиш,  илмий ишимиз мобайнида ихтиро қилинган биринчи ўзбек тилидаги– “ЛОГОС” Стартап лойихамиз – биринчи миллий мобил иловаси республикамизни барча вилоят, шахар, туман ва қишлоқларидаги инсулт ўтказган  афазияли беморлар учун эффектив услубий қўлланма бўлиб хизмат қилади ва инсулт асорати бўлмиш депрессия, деменция, деградация, социал дезадаптация кўрсаткичларини ахамиятли камайтиришга хизмат қилади.

Тадқиқот натижаларини тадбиқ этиш режалари.                                 

Ихтиро қилинган биринчи ўзбек тилидаги – “ЛОГОС” – миллий мобил иловасини мамлакатамизда ўтказиладиган республика, вилоят, шахар неврологлар, умумий амалиёт шифокорлари ва логопедлар конференциялари ва семинарларларида тақдим этиш режалаштирилган. Олинган тадқиқот натижалари ва ишлаб чиқилган диагностик алгоритмларни невролог, логопед, афазиологлар ва реабилитологлар кундалик иш жараёнида, Ўзбекистон Республикаси тиббиёт муассасаларида,тиббиёт   олийгохи 5,6 курс талабалари ва магистрларини ўқитишда фойдаланилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan