Агар мендан сизни нима қийнайди? деб сўрасангиз, фарзандларимизнинг таълим – тарбияси, деб жавоб берардим. Ш.Мирзиёев….

Агар мендан сизни нима қийнайди? деб сўрасангиз, фарзандларимизнинг таълим – тарбияси, деб жавоб берардим.

Ш.Мирзиёев.

Таълим муассасаларидаги тарбия тизимининг бўшаб қолганими… ёки бошқа важданми…куни кеча юртимиздаги энг нуфузли олийгоҳларнинг 5 нафар навқирон ёш талаба йигитлари  ижарага олинган уйда, номаълум сабаблар билан ҳаётдан эрта кўз юмди. Мазкур аянчли фожеадан сўнг таълим муассасаларининг тарбиявий-аҳлоқий  ишлар режаси  мутлоқ қайтадан кўриб чиқиладиган бўлди.

Зудлик билан ўша куннинг ўзидаёқ, барча олий таълим муассасалари ректорлари ўқитувчи ва мураббийлар, курс раҳбарлари, деканлар, кафедра мудирларини бир жойга жамлаб вазиятнинг ўта жиддий эканлигини инобатга олиб тезкор режа туздилар. ОТМлар қошида  махсус штаб ташкил этиладиган бўлди.  Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов бошчилигида ўтган йиғилишда академиянинг деярли барча ўқитувчи ва мураббийлари, кафедра мудирлари, деконатлар раҳбарлари, ёшлар билан ишлаш бўлими мутасаддилари иштирок этдилар. Алишер  Шадманов, сўзи аввалида  Янги Ўзбекистон  Президентининг давлатчилик сиёсатидаги энг муҳим ва энг долзарб йўналиш- ёшларга оид давлат сиёсатининг қанчалик стратегик аҳамиятга эга эканлигини тўғрисида гапирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ёшлар-2030» стратегиясида белгиланган «Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш» бош тамойилига асосланган Концепция моҳиятига тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ёшлар парламентлари, Ёшлар комиссияси, ёшлар ташкилотлари, ёшлар сиёсати бўйича миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол ёшлар ва бошқа кенг илмий доиралар ва жамоатчилик вакилларининг муҳокамалари, таклиф ва тавсияларига асосланган  дастурларга масъуллигимизни  йиғилиш иштирокчиларига яна бир бор эслатди.

Бироқ, жамиятдаги бу каби муаммолар  дастурларни ишлаб чиқиш ёки  йирик лойиҳаларни қабул қилиш билан барҳам топмаслигини афсус билан тан олди. Барча…муаммо биз катталарнинг  масъулиятсизлигимиз ва лоқайдлигимизда дея, академия  педогогик жамоасини бир ёқадан бош чиқариб, ёшлар тарбиясига  астойдил енг шимариб киришишга даъват этди.

Матбуот котиби хонаси ётоқхона биносида жойлашгани боис, талаба ёшлар билан тез-тез учрашиб туриш имкониятим бор. Баъзида улар билан янги  ижодий лойиҳалар устида иш олиб борамиз. Куни кеча бир талаба қиз ёнимга келиб, устози кўпчиликнинг ичида унинг кам таъминланган оила фарзанди эканлигини юзига солгани ҳақида  менга шикоят қилди. Бир неча кундан буён  тенгдошлари юзига  қарашга уялаётгани, дарслардаги фаоллиги ўрнини тушкунлик кайфияти, ўзига нисбатан ишончсизлик эгаллаб олганин хўрсина хўрсина гапириб берди. Мен бу ўсмир қизга жўяли бир гап айтишга ботинолмадим. Уни кўпчилик ўртасида камситган устози ноҳақлиги, балки билиб билмай аччиқ устида айтгандирда  деб овутгандай бўлдим. Аслида…агар ваколатим бўлганида  бундай қаҳри қаттиқ мураббийни ёшлар ёнига мутлоқ йўлатмаган бўлардим.

Ич этимни икки уч кундан буён кемираётган саволларимга бугун Тошкент тиббиёт академиясининг катта мажлислар залида бўлиб ўтган  йиғилишдан сўнг, жавоб топгандай бўлдим. Академия ректори, худди ҳалиги номаълум  талаба қизнинг кўнглидаги гапларини ҳис этгандай, бугун барча мураббий ва курс раҳбарларини чинаккам маънода “қаттиқ калтаклади”. Тарбия борасида унутиб қуйилган бурч ва масъуллик эслатилди. Энди, ҳар бир кафедра  мудири ёки ўқитувчи ҳар бир талабанинг ўқиши ва қизиқишларидан тортиб ётиб, туриши, еб ичиши академия  ичи ва ташқаридаги ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир қадамидан ота-онаси каби боҳабар бўлади.

Бугундан бошлаб ҳар бир талаба ўзи севган ва танлаган касб йўналиши  бўйича махсус фан тўгарагига мунтазам қатнайди. Талаб ёшлар бўш вақтини мазмунли ва фойдали ташкил этиш учун уларнинг камида битта спорт тўгараги ва қизиқишига қараб  ижодий тўгаракларга қатнашлари учун  шароит яратилади. Эндиликда академия педогогик жамоаси  ёшлар билан ишлашнинг мутлоқ янгича, устоз-шогирдликка асосланган узлуксиз тизимига тўлиқ   сафарбар этилади. Бу ташаббусли харакатда жозибадорликни ошириш, мунтазамликни таьминлаб, талабаларни касбга йуналтириш, спортга ошно этиш ва саньатга меҳр уйғотишга астойдил киришилади. Зеро, тарбиянинг асл моҳияти ҳам шунда. Бизгача сайқалланиб етиб келган чуқур ва мазмунли маънавий қадриятларимиз замирида аслида шу оддий фалсафа мужассам.

Фарзандларнинг бегонаси бўлмайди. Шогирд ҳам фарзанд…Устоз эса Отадай улуғ…

 

Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan