Наврўзингдан Наврўзинггача…

Наврўзингдан Наврўзинггача

Табаррукдир баҳорим азал,
Ҳар гиёҳинг, ризқ- рўзинггача
Етказибди, шукурлар бўлсин,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

Ўзингдадир улуғвор кунлар,
Ҳар онида ҳислат бор кунлар,
Кимлар етди, етмади кимлар,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

Англади бахт, кўркни одамзод
Тинглади ер-кўкни одамзод,
Ва тан олди Ҳақни одамзод,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

Эл тўлғонди дард қўшиғидан,
Гўдак боқар сарв бешигидан,
Қайтдик қиёмат эшигидан,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

Синовда эл синмади, ўсди,
Бўлди бир ёт бир ётнинг дўсти,
Бой йўқсилни бағрига босди,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

Ҳар кишида хайру-ҳамият,
Ҳар кўнгилда бир эзгу ният,
Тикланди ул ўлмас қадрият,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

Энди бу юрт шундай қолажак,
Бахтдан бағри мангу тўлажак,
Ҳар сония сабоқ бўлажак,
Наврўзингдан Наврўзинггача.

О баҳорим, олам сен томон,
Мўжизасан, шаксиз, бегумон,
То жон борки, етказсин омон,
Наврўзингдан Наврўзинггача!


Назира Матяқубова
@naziramatyakubova

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan