”Неврологияда долзарб муаммолар” … 2021 йилнинг 24-25 март кунлари Тошкент тиббиёт академиясида “Ёш неврологлар мактаби”нинг 11 йиллигига бағишланган Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши кутилмоқда…

”Неврологияда долзарб муаммолар” …
2021 йилнинг 24-25 март кунлари Тошкент тиббиёт академиясида “Ёш неврологлар мактаби”нинг 11 йиллигига бағишланган Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши кутилмоқда.
”Неврологияда долзарб муаммолар” мавзусидаги анжуманда дунёдаги етакчи тиббиёт олийгоҳлари ва клиникаларининг таниқли олимлари, ўз соҳасининг билимдони бўлган мутахасислар иштирок этадилар.
Мазкур йирик анжуманга Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси илмий жамоаси катта тайёргарлик кўрмоқда. Фурсатдан фойдаланиб ТТАнинг махсус расмий сайти орқали Ўзбекистон неврологияси соҳасига илк тамал тошини қўйган фахрий мутахассисларимиз номини ҳурмат билан эътироф этишни жоиз деб билдик.
ТТА кўп йиллик тарихга эга. Ўзбекистон неврологияси тарихи 1920 йилда Тошкент шаҳрида Туркистон Универститети ташкил қилиниши билан боғлиқ. “Асаб касалликлари” кафедрасига профессор М.Л. Захарченко асос солди ва 1939 йилгача ушбу кафедрага мудирлик қилди. Айнан шу йили (1920) республика невропатолог ва психиаторларнинг илмий жамияти ташкил этилди. Бу жамиятга М.Л. Захарченко (1920-1939), Л.Я. Шаргородский (1940 – 1959), Ф.Ф. Детенгоф (1959 – 1963), Я.Я. Гордон каби ўз касбининг фидоийлари (1963 – 1966) раислик қилдилар.
1963-1999 йиллар оралиғида кафедрага академик Наби Мажидович Мажидов раҳбарлик қилди ва ўзининг 30 йилдан ортиқ илмий педагогик фаолияти жараёнида неврология соҳасида кўплаб фан номзодлари ва докторларини етиштиришга муносиб ҳисса қўшди. Олимнинг шогирдлари кейинчалик устоз изидан бориб кўплаб нуфузли тиббиёт олийгоҳларида раҳбарлик лавозимларида ишладилар:
Улар: Марат Хикматович Қориев, Озод Ишчанович Хўжаев, Максуд Махмудович Асадуллаев, Ханифа Мухсиновна Халимова, Саодат Набиевна Асланова, Сайфуддин Нуриддинович Нуритдинов ва бошқалардир. Заҳматкаш олимнинг узоқ йиллик самарали изланишлари унинг 26 та монография, 4 та дарслик, 48 ўқув-методик қўлланмалар ва 500 дан ортиқ илмий мақолаларида ўз аксини топган. Муҳими бундай теран тафаккур маҳсули бугунги кунда ҳам ёш мутахассислар учун катта илмий мактаб вазифасини ўтамоқда.
Мавзуга доир:
Ҳар йили Ўзбекистонда камида 4.6 минг бемор инсульт ва камида 13 минг бемор нерв системаси шикастланиши (травмалар) билан касалланади. Бундан ташқари Республикада мавжуд 700 минг ногиронлиги бўлган кишилар неврологик ва реабилитация муолажаларига мухтож…
Бу рақамлар бугун сиз ва биз яшаётган янги даврга тегишли…
Бундан юз йил аввал ҳам инсоният шу каби муаммоларга дуч келган. Бундай юз йил аввал ҳам ўз касбининг фидоийлари муаммолар ечимини топиб, одамларни дарддан ҳалос этишнинг турли йўлларини излашдан чарчамаганлар. Зеро, инсоният мавжуд экан унинг саломатлиги масаласи ҳамиша долзарблигича қолаверади.
ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan