Тошкент тиббиёт академияси шу йилнинг 24-25 март кунлари ”Неврологияда долзарб муаммолар” мавзусида пойтахтимизда бўлиб ўтаётган онлайн халқаро илмий-амалий конференцияга мезбонлик қилмоқда…

Тошкент тиббиёт академияси шу йилнинг 24-25 март кунлари ”Неврологияда долзарб муаммолар” мавзусида пойтахтимизда бўлиб ўтаётган онлайн халқаро илмий-амалий конференцияга мезбонлик қилмоқда.

Унда Caнкт-Петербург реабилитация терапевтлари жамияти, Литва соғлиқни сақлаш фанлари университети касалхонаси Каунас клиникаси, Ставрополь давлат тиббиёт университети неврология, нейрохирургия ва тиббий генетика кафедраси, Украина Миллий тиббиёт университети неврология кафедраси профессор-ўқитувчилари, тажрибали шифокорлар ва ёш мутахассислар иштирок этмоқда.

Конференция ишига муваффақият тилаган  Тошкент тиббиёт академияси  ректори, профессор А.Шодмонов дунёдаги етакчи тиббиёт олийгоҳлари ва клиникаларининг илғор фикрли олимлари, соҳанинг билимдони бўлган  мутахасислар иштирок этаётган мазкур халқаро анжуман  неврологиянинг долзарб муаммоларига ечим топишда кўмак беришига, айниқса, ёш неврологларнинг янги инновацион ишланмаларига туртки бўлишига умид билдирди.

Ўзбекистонда ҳар йили камида 4.6 минг бемор инсульт, 13 минг бемор нерв системаси шикастланиши (травмалар) билан касалланади. Бундан ташқари 700 минг ногиронлиги бўлган  кишилар неврологик ва реабилитация муолажаларига муҳтож.

Президентимизнинг 2018 йил 30 августда қабул қилган “Неврологик ёрдамни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда неврология тизимини дунёнинг энг илғор тажрибаси асосида модернизация қилиш вазифаси белгиланган.

Унга мувофиқ Тошкентда Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази очилади.  Бу марказ скрининг тадқиқотлари орқали неврологик касалликларнинг хафли омилларини аниқлайди.

Марказда неврология ва нейрореабитология соҳаси кадрлари тажрибаси ва малакасини ошириш мақсадида хорижий мутахассислар иштирокида ўқув семинарлар, вебинар ва  теле-кўприклар ўтказилади.

Ёш неврологлар мактаби”нинг 11 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган ушбу халқаро илмий-амалий анжуманда ёш невролог олимларнинг  касалликларни эрта аниқлаш хамда илмий-амалий тадқиқотлар ўтказишдаги имкониятлари борасидаги  таклиф ва мулоҳзаларига ҳам кенг ўрин берилади.

Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan