Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти қошида тарғибот гуруҳи ташкил этилди

ТТА тарғибот гуруҳини шакллантириш мақсадида 2 апрель куни Тошкент тиббиёт академияси ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Т.А.Бобомуратов ҳамда академиянинг кўнгилли ёшлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон ёшлар форуми”, 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳавфсизлик кенгашининг 2021 йил 12 январда ўтказилган кенгайтирилган йиғилиши ҳамда 2021 йил 19 январда видеоселектор шаклида бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишидаги нутқларида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка карши курашиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган юксак ислоҳотларни янада юксалтириш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётган фидойи ёшлардан иборат мобиль тарғибот гуруҳи тузилди.

Тарғибот гуруҳи ТТАдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти қошида ташкил этилиб, ўз вазифаларини амалга оширишда, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳизматчилари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси аъзолари, ёшларнинг жамоатчилик патруль гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорликда ишларни ташкил этади.

Тарғибот гуруҳининг мақсади талаба ёшлар орасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусни тарғиб қилиш, талабалар шаҳарчалари ва талабалар турар жойларида талаба ёшларнинг осойишталигини ҳамда ҳавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ахборот ҳуружларига қарши курашишга кўмаклашишдан иборат. Учрашувда ватанпарвар, мамлакатамиздаги ислоҳотларга бефарқ қарамайдиган, жонкуяр талабалардан Тарғибот гурухи учун ёшлар саралаб олинди.

 

Мазкур учрашув қизиқарли ва баҳс мунозараларга бой тарзда ўтди. Учрашувдан руҳланган Тиббий педагогика факультети талабаси Ўктамова Динара Зафар қизи қуйидагича фикрларни билдирди.

– Юртбошимизнинг юқоридаги фикрлари билан сўзимни бошламоқчиман. Бугун китоб билан дўст бўлиш муваффаққиятга эришишнинг олтин калитларидан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Йиллар ўтсада китоблардан олинган билим, кўникма ва хулосалар инсонга тўғри йўлни танлашида беқиёс ўрин эгаллайди.

Яқинда Робин Шарманинг “Муваффаққиятга эришишнинг 200 та сири” номли китобини ўқигандим. Ўқиш билан бир қаторда ўзим учун муҳим деб ҳисоблаган жойларини кундалигимга ёзиб олгандим. Қўлёзмаларим орасида Робин Шарманинг китобидаги 18 – сир сифатида келтирилган “Фойдали инсонлар билан мулоқот” қоидасини ҳам ёзиб олгандим.

 

 

 

Ўйлаб қарасам биз эътибор қилмайдиган шу қоида аслида ҳар куни ҳаётимизда бир неча бор рўй берар экан. Бундан бир неча ой олдин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева билан Олий таълим муассасалари профессор – ўқитувчилари ва иқтидорли талабалар иштирокида форум ташкил этилган эди. Бу учрашув шу қадар ажойиб, мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтганлигидан ҳали-ҳануз кўз олдимда гавдаланиб қолган. Сенат раиси, масъул ҳодимлар ва иқтидорли талабалар йиғилган маскан, гўёки илм нуридан ёришган каби эди. Ҳар бир истеъдод эгаси ўз қобилиятини намоён этиб кўнгилларга қувонч бахш эта олгандилар. Ҳақиқатдан ҳам шу форумдан бир олам завқ олгандим. Академиямизнинг истеъдодли талабалари даврасида эканлигимдан бениҳоя фахрлангандим.

Бундан 1-2 ҳафта олдин эса ректоримиз Алишер Қаюмович бир гуруҳ фаол талабалар билан учрашиб, суҳбатлашиб сертификатлар ва эсдалик совғалари билан тақдирлаган эдилар. Уша куни ҳам ректоримиз биз талабаларга жуда муҳим ҳаёт давомида, қолаверса ўқиш давомида асқотадиган кўплаб маслаҳатларни бериб ўтган эдилар. Буларнинг барчаси биз ёшларга бўлган ишонч ва эътиборнинг юксак намунаси деб биламан.

Робин Шарма Муваффаққиятга эришишнинг 18-сири деб билган фидоий, эл-юрт ҳурматидаги инсонлар билан бир даврада бўлиш ҳақиқатдан ҳам ўз ижобий натижасини беришига яна бир бор амин бўлдим.

Кечагина Тошкент Тиббиёт Академиясида Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Бобомуротов Турдиқул Акрамович, Ёшлар иттифоқи раиси Умаров Жасур Мирхомидович ва тарғибот гуруҳи аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Дарҳақиқат бу учрашув ҳар сафаргидан ўзгача руҳда, самимийлик ва дўстона кайфиятда ўтди десам муболаға бўлмайди. Биласизми, қадрли ушбу постни ўқиётган тенгдошим, учрашувдан чиқишим билан шуни ҳис этдимки ҳаётимдаги янги бир дарсни олдим. Нималарга эътибор қилишимиз кераклиги, ҳаётда қандай инсон бўлишимиз, ҳаёт аталмиш мактабда ва унинг бир бўғини бўлган таълим даргоҳимиз яъни Академиямизда қандай ўзгаришлар, янгиликлар бўлмоқда ва биз бу ислоҳотларнинг қайси бўғинидамиз шу каби саволларни ўзимга бердим ва керакли жавобларни олдим. Проректоримиз билан суҳбат очиқлик, самимийлик руҳида бўлгани боис мен каби кўплаб талабаларнинг юракларига етиб борди ва илҳомлантириб, тўлқинлантириб юборди десам адашмайман.

Проректоримиз Турдиқул Акрамовичнинг яна бир фикрлари менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Нега биз ижобий хабарларни дўстларимизга, яқинларимизга юбориб улар билан фахрланмаймиз?. Аксинча салбий фикрлар орамизда учқур ракета сингари тез тарқалади ва энг аянчлиси шу хабарларга эргашувчилардан бўлиб қоламиз? Нима учун аслида нима бўлгани, бу ҳақиқатми ёки йўқми билмасдан туриб қўшилиб кетувчилар, эргашувчилар орамизда жуда кўп?

Ҳақиқатдан ҳам ҳар биримизни ўйлантирадиган савол тўғрими?

Яна Робин Шарманинг асаридан иқтибос келтирмоқчиман (айбга буюрмайсиз). 19-сир бу Мавжуд неъматлар рўйхати.

Бизда шунчалик кўп шукрона келтиришимиз мумкин бўлган неъматлар бор, аммо буларни ўзимиз билмаймиз, билсакда эътибор қаратмаймиз. Аслида ҳамма нарса шу ўзимизда мавжудларини қадрлаш орқали бошланишини унутиб қўямиз кўп ҳолларда. Мисол учун кўплаб талабаларимиз ҳозир “ТТАда ўқиш қийин, семетрдан семетрга ўтиш жуда мураккаб дейишади”. Шу фикрда бўлган дўстларим сизнинг шу қийинчиликларингиз, шу ерда ўқиш ва сизнинг ўрнингизда бўлиб қолиш минглаб хаттоки миллионлаб тенгдошларимизнинг орзуси эканлигини унутмайлик! Дарҳақиқат ҳозирги қийинчиликлар эртанги фаровон ҳаётимизнинг дебочаси эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бизнинг касбимиз фидоийликни талаб қилади. Ҳар доим у нафақат талабалик йилларида балки ишлаш давомида ҳам худди шундай фидоий ва жонкуяр инсон бўла олсаккина халқимизнинг, устозларимизнинг ва албатта яқинларимизнинг ишончларини оқлаган бўламиз.

Юқоридаги фикрлар сўнгги пайтлардаги учрашувлардан олинган тасуротлар ва ижобий энергия натижаси деб ҳисоблайман ва буни сизлар билан ҳам баҳам кўришни истадим. Дарвоқе сиз азиз ушбу постни ўқувчи инсонларга Робин Шарманинг “МУВАФФАҚҚИЯТГА ЭРИШИШНИНГ 200 ТА СИРИ” номли китобини қуйидаги ҳавола орқали қолдираман.

https://fayllar.org/pars_docs/refs/112/111761/111761.pdf

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan