Тошкент тиббиёт академияси илмий-педагогик жамоаси ёдидан чиқмайдиган устоз педогогларнинг адолатлилик, ҳалоллик ва ҳолисликка асосланган касб маҳорати бугунги замонавий тиббиёт амалиётининг ўзагидир. Уларнинг камтарона аудиторияларда соатлаб ўқиган маърузалари, очиқ дарслар, қўшимча амалий машғулотлар ёрдамида берган сабоқлари энг аввало инсон саломатлигини асраб, унинг қадр қимматини улуғлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шундай устоз педагоглар орасида талаба ёшларга шифокор бўлишдан аввал инсоний фазилатларни ҳурмат қила оладиган яхши инсон бўлишни ўргатган фидоийларнинг кўплиги билан фаҳрланамиз. Улар ҳақида янги даврнинг янгича дунёқараши билан тиббиёт соҳасига кириб келаётган ёшларга сўзлаб беришни ўзимиз учун фарз билдик.
Инсон саломатлигини муҳофаза қилишдек, масъулиятли касбга бор меҳру-муҳаббатини боғлай олган инсонлар орасида Тошкент тиббиёт академиясининг патологик физиология кафедраси собиқ доценти Қодирова Малика Мажидовнанинг ўз ўрни бор. Айни кунда устоз педагог нафақа ёшида. Ўғил қизлар, набира ва эваралар даврасида кексалик гаштини сурмоқдалар.
Кичик мақоламизнинг катта қаҳрамони Малика Қодирова 1990 йилда ташкил этилган 2-Тошкент Давлат тиббиёт институтининг патологик физиология кафедрасида узоқ йиллар давомида самарали фаолият олиб борди.
Малика Қодирова 1976 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлагач, 1987 йилгача институтнинг патологик физиология кафедрасида ассистентлик лавозимида ишлаганлар. 1987 йилдан 1990 йилгача катта ўқитувчилик вазифасида ишлаб, 1990 йилдан доцентлик лавозимида фаолият юритди.
1969-1970 йиллар мобайнида институт марказий илмий тадқиқот лабораториясида стажёр тадқиқотчи лавозимида ишлаб, “Углевод субстратларининг ошқозон ости бези шира ажралишини коррекция қилишдаги аҳамияти” мавзусида илмий иш олиб борди. Олиманинг қатор илмий мақола ва тезислари асосидаги ўқув қўлланмаларижан бугунги кунга қадар талабаларга билим бериш жараёнида фойдаланиб келинмоқда.
Бутун умри мазмунини тиббиёт ходими фаолияти учун биринчи даражада турадиган одоб-ахлоқ қоидалари тарғиботига бағишлади. Унинг аудиторияга кириб боришдан мақсади бўлажак шифокорларга беморнинг жинси, ёши, ирқи, дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқиши, моддий таъминлангани, сиёсий қарашлари, жамиятдаги обрў-эътиборидан қатъий назар диагностика ва даволаш амалиётларининг барчасини виждонан бажаришга ундаб, уларни шу олтин қоидага бир умр содиқ бўлиб қолишга чақирди.
Айниқса, устоз педагогнинг талабалар ётоқхонасида талаба қизлар орасида олиб борган тарбиявий ишлари бугунги тарбиячи ва мурббийларга ўрнак қилиб кўрсатишга арзийди. Бугун ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб, тиббиёт илми ривожига муносиб ҳисса қўшаётган шогирдлари Малика опанинг оналарча меҳрибонлиги ва донишманд илм кишисига ҳос инсоний ҳислатлари ҳақида ўз шогирдларига гапириб бермоқдалар. Демак, устоз ва шогирдликнинг рамзий кўприкка қиёс этгулик азалий анъаналари ҳамон давом этмоқда. Демакки, устозлар ибрати шогирдлари меҳнати тимсолида ҳамон шу қайноқ фаолият ичида яшаб, ёшларни эзгу ишларга бошлашдан тўхтагани йўқ.