Комил инсон тарбиячиси         

Инсон умрини  оқар дарёга қиёслашади. Бу фоний дунёда ҳар бир инсон учун лозим бўлган, аммо ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган икки мўътабар неъмат бор. Биринчиси, камтарлик ва меҳнатсеварлик бўлса, иккинчиси эса халқнинг ишончи ва эътирофига эришиш бахтидир.

1970-2009 йилларда Ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси(олдинги 1-Тошкент Давлат Тиббиёт институти)  “Тиллар, педагогика ва психология” кафедрасини бошқарган инсон, педагогика фанлари номзоди, доцент   Альвина Константиновна  Мануилова ҳақида ҳам айнан шу сифатларни бемалол айта олишимиз мумкин.

Мануилова Альвина Константиновна филолог, 1935 йилда туғилган, педагогика фанлари номзоди. Герцен номидаги Ленинград педагогика институтини 1958 йилда тамомлаган. Рус тилини ўқитиш методикасига бағишланган номзодлик диссертациясини 1970 йилда ҳимоя қилган. 38 дан ортиқ илмий мақолалар нашр эттирган. Соғликни Сақлаш Вазирлиги томонидан  кўплаб фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

Бугун нафақада қарилик гаштини сураётган А.К.Мануиловага  чинакам зиёли, хушфеъл, тили билан иши бир, покиза инсон, сифатида кўпчиликни ҳаваси келади. Инсонлар билан суҳбатлашиш маданияти,  уни ўзига ишонтириш қобилияти, керакли сўзларни топиб, ўз ўрнида ишлатиш ҳамманинг ҳам  қўлидан келавермайди. Энг асосийси у кишини ташкилотчиликда ҳам, оддий инсоний муносабатларда ҳам ниҳоятда диёнатли, одамларга яхшилик қилиб завқланадиган инсон сифатида ҳамкасблари ҳозиргача эътироф этади. Эзгулик нури ила  йўғирилган  чиройли ҳаёт  йўлини босиб ўтган,  юзидан нур аримайдиган, суҳбатдошини ҳар бир сўзини эътибор билан тинглайдиган, бир неча авлод шифорларини  тарбиялаб,  бутун меҳнатини ва ғайратини халқ саломатлиги муҳофаза қилишдек эзгу ишга сафарбар этган,  саодатли умрнинг муҳим воситаси ҳисобланган вақтнинг ва бахтнинг қадр қимматини англаган, юртига ва юртдошларига садоқат билан хизмат  қилиб келган ҳурматли ва  меҳрибон устозимиз  Мануилова Альвина Константиновна бу йил 86 баҳорни қаршиламоқда.  Зеро, инсон умрининг сарҳисоби унинг эзгу амаллари-ю фаолият қирралари билан ўлчанади. Фаолият қирралари эса йиллар давомида амалга оширилган машаққатли изланишларининг самарасидир. Мануилова Альвина Константиновна  бу умр давомида меҳрибон она, камтарин инсон, заҳматкаш устоз, малакали мураббий, фидойи ташкилотчи, чуқур билим ва иқтидорга эга бўлган педагог бўла олди. У кишининг инсонийлик, меҳрибонлик, фидоийлик, жонкуярлик, бадиийлик,  ақлу-заковат, меҳнатсеварлик, ташкилотчилик, халқ манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўя олишлик каби ижобий хислатлари кўпчиликка ўрнак бўла олади.        А.К.Мануилова тиббиётга педагогикани олиб кирган биринчи олима аёл сифатида тарихга кирди.  “Педагогика ва психология” кафедраси дастлабки йилларда алоҳида кафедра сифатида фаолият кўрсатмаган бўлса-да, кафедра профессор ўқитувчилари рус тили, чет тили, педагогика ва психология фанларининг замонавий муаммоларидан талабаларга сабоқ бериб келишган.

1970-2009 йилларда педагогика фанлари номзоди, доцент А.К.Мануилова раҳбарлиги остида жуда кўплаб ибратли таълимий, тарбиявий ишлар амалга оширилди. Бу даврдан бошлаб нофилогогик йўналишда таълим олаётган талабаларга рус тили ва педагогика-психология фанларни ўқитишни ташкил этиш, режлаштириш, бошқариш ва баҳолашнинг консептуал асослари ишлаб чиқилди. 1997-йилда рус тили кафедрасига  педагогика ва психология йўналишлари бирлаштирилди ва қисқа вақт мобайнида  тиббиёт олий таълим тизими учун педагогика ва психология йўналишидаги фанлардан намунавий дастурлар, жорий, оралиқ ва якуний назорат учун тестлар, маъруза матнлари ўқув услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди ва нашр эттирилди. Булардан ташқари А.К.Мануилова томонидан клиник фанларни ўқитишни ташкил этиш, замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланиш, таълим самарадорлигига эришишда ўқитишнинг инновацион усулларидан фойдаланиш  масалаларига   ўша даврлардаёқ алоҳида эътибор қаратилди ва шу йўналишларда катта ҳажмдаги, илмий, ўқув-услубий ишлар бажарилди, таълим стандартларини яратиш борасида самарали ишлар олиб борилди.   Бунинг натижаси ўлароқ,  педагогика,  психология, таълим технологиялари ва педагогик маҳорат, каби фанлардан ўқув услубий мажмуалар, ягона методик тизим, кўргазмали материаллар ҳамда уларнинг электрон нусхалари яратилди ва  улардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.

А.К.Мануиловани тиббиёт соҳасида  малакали, иқтидорли илмий  салоҳиятли шифокорларни тайёрлашда қўшган ҳиссаси, маьнавий – маьрифий ишларни такомиллаштириш, ёшлар онги ва қалбида маьнавий фазилатларни камол топтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, илмга меҳр, руҳида тарбиялаш ва республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги эришган муаффақиятлари, кўпчилик ёшлар учун ибрат намунасидир.

Тошкент тиббиёт академияси педагогик жамоаси, кафедра ходимлари Республикамизда тиббий таълим тараққиётига катта ҳисса қўшган

А.К.Мануиловани академия равнақи учун қилган меҳнатларини ҳар доим юксак қадрлайди ва у кишига сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бардамлик, тилайди.

 

Педагогика ва психология кафедраси катта ўқитувчиси  Сайдуллаев  Алишер  Насруллаевич

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan