“Авиценна издошлари” номли биринчи халқаро олимпиада ўтказилмоқда…

“Авиценна издошлари” номли биринчи халқаро олимпиада ўтказилмоқда

Тошкент тиббиёт академиясида тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари ўртасида онлайн тарзда “Авиценна издошлари” номли биринчи халқаро олимпиада бўлиб ўтмоқда.

Мазкур олимпиадани ташкил этишдан мақсад, талабаларнинг фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш, касбий маҳоратини ошириш, назарий ва амалий машғулотлар жараёнида олган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, улар тафаккуридаги ижодий ўсишни рағбатлантиришдир. Шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларига замонавий тиббиёт билан бир қаторда миллий тиббиётимизнинг асрлар оша сайқалланиб келаётган нодир мероси, хусусан Абу Али ибн Сино таълимоти борасидаги билимларни чуқур ўргатиш мақсад қилинган.

Ушбу олимпиада талабалар ўртасида фундаментал фанларни оммалаштириш, ўқув-амалий машғулотлар орқали уларнинг махсус фанларга бўлган қизиқишини ошириш имкониятини кенгайтириши билан аҳамиятлидир.

Икки босқичли олимпиадада 600 нафарга яқин талаба иштирок этаётган бўлиб, уларнинг 124 нафари чет эллик талабалардир.

Олимпиада “ички патология”, “махсус клиник мавзулар”, “жарроҳлик”, “репродуктив саломатлик ва педиатрия”, “тиббий биология”, “асосий фанлар”, “тиббий ва профилактик мавзулар” секцияларига киритилган фанлар бўйича ўтказилмоқда.

Жараёнларни халқаро миқёсдаги тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бормоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan