Яхшилар ёди….

Ана шундай эъзозли, аммо, маъсулиятли тиббиёт илмини мукаммал эгаллаган, мўътабар, ардоқли касб эгаларидан бири – собиқ Биринчи Тошкент Давлат Тиббиёт Институти, ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси тиббий-педагогика факультетининг 2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Ғофур Исахонович Исахонов эди.

Математик бўлиш Ғофурнинг болалик орзуси эди. Аммо бир воқеа сабаб бўлди-ю, унинг бу орзуси бутунлай бошқача тус олди. Ўшанда мактабда ўқир эди. Тўсатдан оғриб қолиб, безовталана бошлади. Онаси уни ТошМИ қошидаги клиник касалхонага олиб борди ва у касалхонага ётқизилди. Ёш Ғофур касалхонада даволанар экан, у ва унга ўхшаган беморларнинг қошида туну-кун парвона бўлиб, уларнинг дардига даво излаётган шифокорларнинг фаолиятига ҳаваси келганди.

Ўзи тузалгач эса оқ халатли шифокорларга бўлган меҳри янада ортди, улар сингари инсонлар дардига малҳам бўлишга ҳаракат қилди. Бу орзуни  эгаллашга бўлган интилишда ўша дамда ТошМИда таҳсил олаётган акаси ёш  Ғофурга камарбаста бўлди, қутлуғ орзу уни 1954 йили Тошкент Давлат Тиббиёт Институтига ўқишга етаклади. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Ғофурда касбга бўлган меҳр, қизиқиш талабалик йилларида айниқса асқотди. Машғулотларда фаол қатнашиш билан бирга дарсдан бўш пайтларида касалхоналарда, факультет қошидаги тўгаракларда тажрибали шифокорлар, устозларидан касб сирларини янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилди. Устозлари Умидова З.И., Асқаров А.А.ларнинг чуқур мазмунга эга маърузалари ва беморлар кўрикларидан ўзига хос маҳорат дарсини ўрганиб, уларга ҳавас ва ҳурмат билан қарарди.

1961 йили институтнинг даволаш факультетини мувафаққиятли тамомлаган ёш шифокорни Самарқанд вилоятининг Зомин (ҳозирги Жиззах вилояти) туманига ишга юборишди.

Нотаниш юрт, бегона одамлар орсида ишлаш ёш мутахассиснинг ўз касбига, ҳаётга бўлган муҳаббатини оширди. Шу боисдан ёш шифокор қишлоқ участка шифохоналарига, фельдшер- акушерлик пунктларига бориб, беморларни қабул қилар, улар дардига даво топишга интилар, лозим бўлган тақдирда эса дам олиш кунлари ҳам ишларди.

Ана шундай шароитда уч йил ишлаган Ғофур Исахонов 1964 йили собиқ иттифоқ миқёсида ўтказилган танловда иштирок этиб, ғолиб чиқди ва Москвадаги Вишневский номидаги Жарроҳлик марказининг юрак нуқсонлари бўлимида илмий фаолиятини бошлади, 1964-1967 йиллари шу институтнинг аспирантурасида таҳсил олиш билан бирга туғма ва орттирилган юрак нуқсонлари бўйича изланишлар олиб борди.

Бу назарий ва амалий изланишларнинг натижаси сифатида Ғ.И. Исахонов 1967 йили “Туғма ва орттирилган юрак нуқсонларининг кибернетик диагностикаси” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1969 йили ёш олим Тошкент шаҳрига қайтди. Ўша йили уни ўзи таҳсил олган институтнинг госпитал терапия кафедрасига ишга таклиф қилишди. Шу пайтдан бошлаб, унинг илмий педагоглик фаолияти бошланди. Бир пайтлар унга тиббиётнинг илк сирларини ўргатган устозлари Ғофур Исахоновга юрак ишемик касаллиги (ЮИК) бўйича илмий изланишлар ўтказишни таклиф этишди. Бир неча йиллик амалий текширишлар, илмий тадқиқотлар ўзаро уйғунлаша борди. Истеъдодли олим Тошкент шаҳрининг бир қатор туманларида ЮИК нинг эпидемиологиясини ўрганди.

Умрининг охиригача Ғ.И. Исахонов госпитал терапия кафедраси доценти лавозимида фаолият кўрсатди ва ўз билими, кўп йиллик амалий кўникмаларини кафедранинг ёш ходимлари, малака ошириш курси тингловчилари, талабаларига  ўргатди. Ғ.И. Исахонов 50 дан ортик илмий маколалар, ўнлаб ўқув-услубий қўлланмалар, қизиқарли ва кўп қиррали маърузалар муаллифи эди.

У киши томонидан чоп этилган маърузалар ва ўқув- услубий қўлланмалар тиббиётнинг охирги ютукларидан кенг фойдаланилган ҳолда тайёрланганди. Кафедрадаги илмий педагогик фаолияти билан муштарак доцент -маслаҳатчи сифатида Ғ.И. Исахоновнинг РДШТЁИМининг қабул бўлими, 1-абдоминал хирургия бўлимларида даволанаётган беморлар дардини енгиллаштиришда, улар соғлигини тиклашда юқорида зикр этилган бўлимлар шифокорларига ўз қимматли маслаҳатлари билан ёрдам бериб келганди.

Айни дамда домла билан бирга фаолият кўрсатган т.ф. д.,профессор

Й.З.Зияев, доцентлар З.Ф. Умарова, З.Т. Собиржанова, РДШТЁИМи шифокорлари т.ф.д. Р. А. Асомов, т.ф.д. Кенжаев М. Л., Хусанходжаев Ж. ва ўнлаб бошқа шифокорлар Ғофур Исахоновични ўзларининг устозлари деб билишади, қолаверса, “устоз” сифатида домланинг шогирдлари ҳозирги пайтда ҳам фақатгина терапия сохасида эмас, балки, хирургия, неврология, гинекология, ангиохирургия ва шу каби тиббиётнинг бошқа соҳаларида Республикамиз ва ҳамдўстлик мамлакатларида самарали фаолият кўрсатишмоқда.

Ғофур Исахонович Исахоновнинг оиласини ҳам том маънода “шифокорлар оиласи” деб, айтиш мумкин. У кишининг тўнғич ўғли Нусрат Исахонов, келини Пўлатой Исахоновалар ҳозирда ҳам шифокор сифатида фаолият кўрсатишмоқда, кенжа ўғли Баҳодир эса терапевт-шифокор сифатида беморлар дардини енгиллаштиришга ҳаракат қилган ҳолда фаолият кўрсатганди.

Зеро, бутун умрини инсонлар соғлигини сақлашдек шарафли, шунинг билан бирга ўта маъсулиятли касбга бағишлаган бу мўътабар олим, оилапарвар инсон, ардоқли шифокор у кишини билган ҳамкасблари, шогирдлари, қолаверса, даволаган беморлари хотирасида ҳурмат билан қолади ва эсланади.

Зотан, хотира-муқаддас, қадр-абадийдир.

Азим Жаббаров

2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси мудири,

тиббиёт фанлари доктори

 

Шоира Қодирова

2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси катта ўқитувчиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan