Клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотаси икки бараварга оширилади…

Клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотаси икки бараварга оширилади

“Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6221-сон, 05.05.2021 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.

Эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассислари шартнома асосида муайян муддатга жалб қилинади.

2021 йил 1 июлдан ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Шунга кўра, ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотаси икки бараварга оширилади.

Бунда, клиник ординатурада ўқитишнинг қуйидагича янги тизими жорий этилади:

➖ ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилади;

➖ ҳудудга зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун грант ажратилади ҳамда мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;

➖ ҳудудга фаолият юритиш учун юборилган тор мутахассисликдаги шифокорларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

 

Бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилади

Фармонга (https://t.me/huquqiyaxborot/9659) кўра, 2021 йил 1 июлдан нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади:

махсус автотранспортда ташкил этиладиган “мобил тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этиш.

2021 йил 1 ноябргача бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилади.

Фармонга кўра, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Вазирликда Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилади.

Палата, жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказади ва уларга малака тоифалари беради.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan