Тошкент тиббиёт академиясида тиббий реабилитация бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди…

Тошкент тиббиёт академиясида тиббий реабилитация бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди

Коронавирусдан кейинги реабилитация – конференциянинг бош мавзуларидан бири бўлди.

Тошкент тиббиёт академияси 5-6 май кунлари «Тиббий реабилитация – янги ёндашувлар» мавзусида 1-халқаро илмий-амалий конференцияга мезбонлик қилди.

Конференция ишида дунёдаги етакчи тиббиёт олийгоҳлари ва клиникаларининг илғор фикрли олимлари, тиббий реабилитация соҳасининг етакчи мутахасислари иштирок этди.

Халқаро анжуманда иштирокчилар соҳага доир илғор тажрибалар, инновацион илмий ишланмалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Тиббий реабилитация – кўп тармоқли соҳа бўлиб, педагогик, психологик ва бошқа бир қанча фаолият турлари уйғунлигига эҳтиёж сезади. Бу эса жаҳон тиббиёт олимлари ва мутахассисларининг бир мақсад йўлида бирлашиш, ўзаро тажриба алмашиб фаолият юритишини тақозо этади. Ушбу тадбир айни шу мақсадга қаратилгани ва илк марта Тошкентда ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.

Касаллик ёки шикастланиш натижасида йўқотилган нормал руҳий ҳолатларни максимал даражада тиклаш, инсон танасининг физиологик функциялари (эҳтиёжлари) ва ишлаш қобилиятини сақлаб қолиш жуда муҳим.

Конференциянинг бош мавзуси – COVID-19 билан оғриган беморларни реабилитация қилиш масаласи бўлди.

Россия президенти маъмуриятининг Жисмоний ва реабилитацион тиббиёт кафедраси Клиник психология ва педагогика бўлими, Марказий давлат тиббиёт академиясининг Қўшимча касб-ҳунар таълими муассасаси етакчи олимлари COVID-19’нинг кечиши ва даволашда дунё бўйлаб кузатилаётган муаммоларга тўхталдилар.

Коронавирусга чалинган одамлар шифохоналарни бутунлай соғлом тарк этмайдилар. Конференция иштирокчилари ўз амалиётлари тажрибасига таяниб, ушбу вируснинг оқибатлари бошқача бўлиши мумкинлигини илмий жиҳатдан асослаб бердилар.

Хусусан, касалликни бошидан кечирган беморларда уйқу бузилиши, депрессия, қон томир ва ўпкадаги ўзгаришлар ҳали бир ёки беш, ўн йил ичида турлича кўринишда намоён бўлиб туриши ҳам тахмин қилинмоқда. Тиббий реабилитация масаласини конференциянинг бош мавзусига олиб чиққан конференция иштирокчилари беморларда қайта тиклаш муолажаларини иложи борича эрта бошлаш кераклигини эътироф этдилар.

Янги коронавирус инфекциясини даволашдан сўнг шифохонадан чиқарилган бемор ўзини мутлақо соғлом ҳис қилмаслиги табиий ҳолат.

Ҳатто енгил шаклда касал бўлганлар ҳам камида психологик реабилитацияга муҳтож бўладилар. Касалликдан сўнг барча беморларда кучсизлик, бош оғриғи, нафас қисиши, ортиқча терлаш ва тушкун кайфият сақланиб қолади. Мутахассислар ушбу симптом мажмуасига «ковиддан кейинги синдром» шартли номини бермоқдалар.

Коронавирусдан кейинги реабилитация касалликнинг оғирлигидан қатъи назар, касал бўлган ҳар бир киши учун зарур. Коронавирус пневмониясининг ўртача ва оғир шаклларига учраган беморлар мажбурий комплекс реабилитацияга муҳтож.

Ўпка, юрак, буйрак ва қоннинг сурункали касалликларига чалинган одамларда касаллик оғирроқ ва кўпинча оғирроқ кечиб, тикланмас ўзгаришлар юрак-мушак соҳасига жиддий таъсир этиши мумкин.

Конференция иштирокчилари тақдим этилган илмий маърузалари орқали беморларни даволашда тиббий реабилитация муҳимлигига урғу бериб, асосан нафас олиш гимнастикасига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидладилар.

Бунда беморни жойлаштиришда ўрнини ўзгартириб туриш, нафас олиш мушакларини рағбатлантириш учун махсус физиотерапия талаб этилади.

Россия реабилитация уюшмаси мутахассисларининг фикрича, беморнинг индивидуал сифатларини ҳисобга олган ҳолда (психологик ҳолат, толерантлик даражаси, жисмоний фаолият, ижтимоий шароитлар) реабилитация натижаларини башорат қилиш мумкин.

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари мамлакатдаги 8 санаторий-курорт ташкилотларида тиббиёт ходимларини тўлиқ тиббий ўпка реабилитацияси билан тайёрлашга киришганини айтишди.

Ковид асоратларини даволашда санаторийлардаги тиббий реабилитация усуллари биринчи ўринга чиқиши илмий жиҳатдан асослаб берилди. Бу усуллар такомиллаштирилгач, бемор организмидаги тўқималарнинг нафас олиши енгиллашиб, танада касалликка қарши курашувчанлик ошиб боради.

Россия Фанлар Академияси академиги, профессор А.Н.Разумов томонидан илгари сурилган тиббий реабилитация таклифларида пневмониянинг узоқ давом этиши шароитида амбулатор даволаш усуллари ва синдромни пасайтириш йўллари борасидаги илмий қарашлар акс этди.

Россиялик мутахассис одатий иқлим санаториялари шароитида организмни физиологик захиралар билан бойитишнинг услубларига урғу берди.

Унинг фикрича, жисмоний даволаш усуллари ҳар доим муҳимлигича қолаверади.

Россия тиббиёт фанлари Академиясининг академиги В.М.Боголюбов эса беморларни ўрмон шароитидаги саёҳатларга юбориш йўли билан иқлимий курортларда тиббий реабилитацияни мустаҳкамлаш таклифини берди.

Конференция ишида, шунингдек, Ўзбекистон, Италия, Беларусь сингари етакчи реабилитация марказлари олимларининг конференция кун тартибидан ўрин олган мавзуларга доир маърузалари тингланди.

Ушбу тадбирнинг мақсади – пандемия шароитида олимлар ва мутахассисларни бирлаштириб, ўзаро тажриба алмашишлари учун имкон бериш эди. Конференция давомида Европа ҳамда Россиянинг нуфузли клиникалари, махсус реоблитация марказлари мутахассислари томонидан соҳага доир  илғор тажрибалар, инновацион илмий ишланмалар тақдим этилди.

Галдаги вазифа конференцияда кўтарилган муҳокамалар, янги илмий қарашларни амалиётга кўчиришдан иборат бўлиши айтилди.

Тошкент тиббиёт академияси
Матбуот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan