ТТА талабалари Каролинска институтида онлайн курсда таҳсил олмоқда…

ТТА талабалари Каролинска институтида онлайн курсда таҳсил олмоқда


Тошкент тиббиёт академияси (ТТА) билан Европанинг етакчи олий таълим муассасаси – Каролинска институти (Стокгольм, Швеция) ўртасида таълим ва ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди.
Ана шундай ҳамкорлик натижасида шу йилнинг19 апрелида Каролинска институтининг “Глобал соғлиқни сақлаш (Global Health)” номли селектив онлайн курсига ТТА талабалари ҳам таклиф қилинди. Ушбу курсда айни пайтда 39 мамлакатдан талабалар таҳcил оляпти. Шундан 7 нафари Ўзбекистондан, унинг 6 нафари эса ТТА талабалари эканлиги эътиборга молик.
–Айни пайтда бирданига иккита хорижий мамлакат олий тиббиёт муассасаси онлайн курсида ўқиш имконига эга бўлдим, – дейди Тошкент тиббиёт академияси тўртинчи босқич талабаси Акобир Собиров. – Каролинска институти ташкил этган курсда ҳозирги пандемия шароитида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан чиқарилаётган тавсия ва қўлланмаларнинг аҳамияти, коронавирусга қарши курашнинг самарали усуллари, пандемиядан кейинги ҳолат ва уни ҳал этиш йўллари, давлатлараро статисик алмашинув каби масалаларда жаҳон тажрибаси борасида соҳа мутахассислари маърузаларини тинглаяпмиз. Сабоқлар инглиз тилида олиб борилади. Курсни агар 7,5 кредит балл натижа билан тугатсак, институт сертификатини олишга муваффақ бўламиз. Сертификат бизга ушбу институтда келажакда малака ошириш, аспирантура ва ординатура боқсқичларида ўқиш имконини беради. Москва шаҳридаги РОСОМЕД тиббиёт муассасасида эса симуляцион таълим бўйича қўшимча курсда таҳсил олаяпман. Бу ерда олган билимларимиз келажакда ТТА симуляцион маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз: Каролинска институти ташкил этган курс 2021 йилнинг 5 май куни бошланган бўлиб, 4 июнга қадар давом этади.

И.Нусратов, ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan