Қариндошга қуда бўлманг…

Қариндошга қуда бўлманг…

 

                                                         Тут сайли

Мукаррамой холанинг ҳовлисидаги марварид тут мевасидан емабсиз, бу дунёга келмабсиз.

Ҳар йили ипак қурти боқиш мавсумида холанинг уйи ажиб тароват касб этади. Тутхўрлик баҳонасида  келган маҳалламиз аёллари,  мириқиб суҳбат қурадилар. Рўзғор ташвишлари бироз унитилиб, ўйин-кулги, хазил-мутойиба авжига чиқади. Аёллар айвондаги хонтахта атрофига , ёш келин ва қизлар марварид тут соясидаги сўрига жойлашиб олишади.

Тут мавсуми давомида Мукаррамой холанинг уйидан одам аримайди. Ўзиям хола бошқачада, ҳеч кимга ўҳшамайди. Баҳона топилди дегунча дастурхон ёзиб, шинамгина ҳовлисига одам йиғишни, тансиқ таомлар билан маҳалладошлар кўнглини олишни ҳуш кўради.

Сумалак сайлинику, айтмай қўяқолинг.

Ҳар йилги одатимизни канда қилмай, бутун маҳалламиз хотин- қизлари тут пишганда яна Мукаррамой холаникига тўпландик.

Бу хонадон ҳаммадан ҳам кўра, менга жуда қадрдон. Беғубор болалигимнинг энг ширин хотиралари, шу кафтдаккина ҳовли ўртасидан оқиб ўтадиган ариқ бўйидаги мана шу катта марварид тут дарахти билан боғлиқ. Назаримда баҳор энг аввало бизнинг қишлоққа келарди. Ариқ этакларидаги бинафшаранг ялпизлар бўй чўзганини ҳам дугонам Ҳамидахон билан биринчи бўлиб, биз  кўрардик.Эсимда, дугонам Ҳамидаҳон иккаламиз катта тут дарахтининг йўғон танасига ўрнашиб олардик -да, тутларга роса тўйганимиздан сўнг, ариқ ёқасидаги ялпизларни теришга тушардик. Мажнутолнинг тахир новдасини тишларимиз билан юмшатиб, сочимизга толбаргаклар тақиб олардик. Бугун негадир ўша дамлар шукуҳини, жонажон дугонамнинг қўнғироқдай ширали овозини соғиниб энтикиб кетдим.

“Сочим учи қўнғироқ, ўзим айланай

Ёр манга қилманг димоғ, эй воҳ санам…”

Маҳалла қизлари  тут дарахтига   чиқиб олиб шиғил мевали  тут шохларини бор кучлари билан силкитишди. Катта ёшли аёллар чодир туғрилаб туришди. Куй, ўлан,  ҳангома, ёш бола ва қизларнинг қий – чуви билан холанинг уйи файзга тўлди.

Бай, бай, бай … ширинлигидан, еб туймайсан киши. Айтишларича тут мевасининг шираси минг дардга даво эмиш. Эрта баҳорда бир  тўйиб тут еган одамга, йил бўйи   касаллик   яқинлашмас  экан.

Айни тут базми авжига чиққанида, маҳалламиз кайвониси – “дастурхончи” миз Ҳабибахон хола келиб қолдилар.

Холанинг кайфияти бошқача,    муҳим бир янгилик борга ўҳшайди. Доим шунақа, янги гап топилди дегунча, шошиб,  маҳалла хотинлари тўпланган уйга киради-да, пиёладаги совуқ чойни  хўплаб, ҳикоясини бошлайди. Бу галги хикоя ҳам ўзимизнинг  қишлоққа тегишли. Фалончининг кунда ичиб олиб нуқул хотинини  уриши,  қайсидир келинчакнинг қайнонаси билан келишмай уйига келиб қолганию, қайси қизнинг қайси йигит билан учрашиб юргани…

— Мен минг маротаба айтдим-а, ҳей, Соҳибахон, иккита хамиртуриш бир жойда ачимайди, хато қиляпсиз, опа-сингил ҳам қуда бўладими, охири вой бу ишингизни десам,

-Йўқ! бегонанинг бети қурсин, биринчи келинимдан куйганим етар. Ягона синглимнинг қизи, ўз боламдай бўлиб қолган , устига – устак, уй жойим, шунча йил йиққан давлатим бегонага қоладими, деб тор ўйлади. Эй, хатто вилоятдан келиб хамма хотинларни тўплаб мажлис ўтказган докторларнинг гапини ҳам бир четга суриб, ўз билганидан қолмадия бу Соҳибахон тушмагур.

Тушинишимча, гап ҳаммамиздан эрта турмушга чиққан синфдошим, Ҳамидахон дугонам ҳақида эди. Ҳозиргина у ҳақда ўйлаб тургандима. Якинроқ бориб, Ҳабиба холанинг гапига яхшилаб қулоқ солдим.

Хола гапга киришиб кетганидан, чодирдаги янги қоқилган тутлар устига ўтириб олганини ҳам сезмасди.

— Опа-сингилни танимай қолдим, —гапида шошилиб давом этарди дастурхончи хола, — бир-бирига шунақа гаплар гапиряптики, куракда турмайди бу гаплар, шўрлик Ҳамидахонга ачинаманда, нима кўрди холасига келин бўлиб.

Ҳой, Ҳабибахон мундоқ нафасингизни ростлаб олингда, бир чеккадан бошлангчи, гапга қўшилди, Муҳаррамой хола.

—Эри ҳар куни ураркан, қиз шўрлик холасини десинми, онасиними?! Эри бир куни ҳамма  тақинчоқларини олиб қўйибди. Аянг олиб берган стенкани сот деб, ҳоли жонига қўймабди.  Ҳамида бечора холасига дил ёрса, холаси келинининг ўзини айблаб, гапни бошқа томонга бурибди.

Менимча, сабаб  икки-уч  маротаба ҳомила туширгани бўлса  керак.

Кайвони холанинг аччиқ ҳикоясини эшитиб, тутнинг мазасини ҳам сезмай қолдим,

Ҳамида болаликдаги дугонам, синфдошим, жуда аълочи қиз эди.   Ўқишга кириш нияти бор эди. Коллежни битиришимиз билананоқ  иккаламиз Тошкент Тиббиёт институтига ҳужжатларимизни топширдик. Биринчи йили  омадимиз чопмай, иккимиз ҳам ўқишдан йиқилганимиздан кейинги тушкун аҳволимизни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Кечагидек ёдимда, қишлоққа қайтганимиздан кейин Ҳамидахонни қўярда қўймай холасининг ўғли Азизжонга узатишди. Ўзиям тўйларининг овозаси етти маҳаллага тарқалди.Энг қиммат ресторанда, машхур артистлар иштироқида ўтган тўй таассуротларини одамлар анчагача гапириб юришди. Аммо Ҳамиданинг тақдири  омонат орзу ҳавасларлар исқанжасида қолгани ойдек равшан эди.

Коллежда ўқиб юрганимизда врачлар қизларни бир хонага жамлаб, эрта турмушга чиқиш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги маҳсус видео роликларни намойиш этишганида роса таъсирлангандик.

Ҳатто, ногирон ва чала-ярим хомилаларнинг аянчли қиёфасидан бир неча муддат ўзимизга келолмай юрганидик. Шу боис ҳам Хамидахонга бу тўйга рози бўлмаслигини кўп уқтирдик. Аммо ота-она ва қариндош уруғлар истаги бизнинг орзуларимиздан устунроқ чиқди. Хамидахон кўнгил қўйган йигитининг покиза туйғуларини армонга айлантириб, бир маҳалла наридаги холасиникига келин бўлиб тушди.

Мен эса яна бир йил тайёрлов курсига қатнаб, иккинчи йил деганда энг юқори балл тўплаб орзуйимдаги институт талабасига айландим.

Ҳар сафар қишлоққа ота-онамни кўргани борганимда, дугонам тақдири билан қизиқардим. Афсуски ҳар доим битта нохуш хабардан дилим хира бўларди. Яқинда ўртоғимнинг бир йилда 3 – 4 маротаба касалхонада даволанаётганини эшитиб ачиниб кетдим. Ҳабиба холанинг айтишига қараганда шу галги касали оғир ўтибди. Кетма-кет ҳомила тушириш оқибатида  Ҳамида туғмайдиган оғир дардга чалинибди.Узоқ давом этган операциядан кейин унинг кўкракларини ҳам кесиб ташлашибди. Тавба, холасининг ўғлидан тузалмайдиган касаллик ҳам орттириб олган эмиш. Бўлажак врач эмасманми, бу каби асоратлар оқибатини ўйлаб  фиғоним ошарди.

Карахт бўлиб қолдим.Талашиб, тортишиб тут еяётган болаларнинг шовқини ҳам қулоқларимга кирмасди. Катта марварид тут дарахтига суяниб, қанча вақт шу ерда қолиб кетганимни билмайман. Бир пайт ўзимга келсам, ҳамма тарқаган, Мукаррамой хола чодирларни йиғиштириб бўлибди. Секин  кўча эшик томон юрдим.

—Болам тўхта, қиз бола бемаҳалда кўчага чиқмайди. Ҳозир амакинг велосапедида олиб бориб қўяди. Ҳа айтганча, бувингга тут олиб қўйгандим, эсингдан чиқмасин.

—Мукаррамой хола-ей,  ажойибсиз-да, сиздай меҳрибон қалби дарё инсонларнинг борига шукр. Амакимни овора қилманг, мен Ҳамидахон ўртоғимни анчадан буён кўрмадим, соғинганман, йўл-йўлакай кўриб ўтаман. Мана бу тутларни ҳам Ҳамидахонга олиб бораман, дея кўчага чиқдим. Тўғри Ҳамидахоннинг ота уйига бордим, кайвони холанинг айтганлари рост экан. Ҳамидахонни чинданам кўч-кўрони билан олиб келишибди. Болаликдан дугона эмасмизми, мени кўриши билан ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди. Чорбоғ ортидаги ихчамгина сўри устида анчагача гаплашиб ўтирдик. Ҳамида бир гапириб, бир йиғларди.

—Ҳамма айб ўзимда, на сени на устозларимни гапига қулоқ солдим. Ғўр эканман, ўз акамдай бўлиб қолган холоваччамга тегибман, нима қилай бир томонда ота-онам, бир томонда холам ялиниб туриб олишди. Менинг кўнглим билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Орадан бир ой ўтмасидан холам ва поччам бизни ҳайхотдай ховлида қолдириб, Россияга   кетишди. Азиз акамни биласан, қўлида пул ўйнайдиган, кўчанинг боласи, ота-онаси узоққа кетиши билан эрта кетиб, кеч келадиган одат чиқарди, уйда бир ўзим ёлғиз қолган кунларимни эсласам, ҳўрлигим келади. Мана 5 йилдан буён аҳвол шу, ҳомилам турмайди. Докторга қатнайвериб безиб қолдим. Устига-устак эрим, – мунча касалвандсан, ана бошқаларам аёл қўша-кўша туғяпти-ю, – дейишини кўймайди.

Шу сафаргиси ҳаммасидан ўтиб тушди. Яқинда операциядан чиқдим, энди фарзанд кўролмасам керак. Врачлар холамга роса бир нималарни тушунтиришди, бугун тана ҳароратимнинг юқорилигига карамасдан, кўч-кўроним билан уйга ташлаб кетишди. Аям билан дадамнинг аҳволига ачиняпман, орага совуқчилик тушгани бир томон, холамнинг “бу ҳовлини елкамнинг чуқури қўрсин”, деб эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетгани бир томон бўлди.

— Диловар, ахир мен ҳам, хамма қизлар қатори бахтни орзу қилгандим, бахтим учун нега  кураша олмадим, нега ожизлик қилдим. Энди эса …”

У ич-ичидан ўкиниб йиғлар, мендан нажот кутгандай қўларимни кафтлари орасига олиб, сира қўйиб юборгиси келмасди.

Ҳамидахон ўртоғимнинг сўлғин юзларига термулиб қараб ўтиришдан бошқа чора тополмасдим. Унга қандай таскин беришни, қандай юпатишни билмасдим, қўлимдан келгани Фароғат холам пиширган иссиққина маставага янги терилган ялпизлардан тўғраб, бироз қатиқ аралаштириб ёнига  қўйдим. Дориларини ичиб уйқуга кетганидан кейин уйга қайтдим. Дугонамга атайлаб кўтариб борган бир коса тут эса, сўрининг бир четида қолиб кетаверибди. Татиб кўрдимикан..Тошкентга қайтганимдан кейин ҳам негадир шу манзарани тез- тез эслайдиган бўлдим.

Ёзги имтиҳонларнинг югур-югури, “Камолот”нинг ташкилий ишлари билан овора эдим. Ётоқхона почта қутисида менинг номимга бир мактуб борлигини айтишди. Олиб ўқисам, Ҳамидахондан экан.

“Салом Диловар, ўқишларинг яхшими? Кеча телевизорда сенга “Ўзбекистон ифтихори”  кўкрак нишони беришгани ҳақидаги кўрсатувни кўриб, роса хурсанд бўлдим. Сендай дугонам борлигидан фахрланаман. Табриклайман.  Сен мен билган қизлар ичида энг меҳрибон ва жонкуярисан. Шунинг учун ҳам иқтидорлисан, илоҳим бахтинг хам ўзингдай чиройли ва тўкис бўлсин.

Ўртоғжон, мендан хафа эмасмисан, ўша  куни ўз дардим билан бўлиб сени кузата олмадим. Сен келган куннинг эртасига тез ёрдам машинасида касалхонага олиб боришди. Бир ойдан ошиқроқ вақт мобайнида даволандим. Эрим бирор марта келиб хабар ҳам олмади. Докторлар жавоб берадиган куни эрталаб, Соҳибахон холам (қайнонам) мен ётган палатага кириб келди. Иккаламиз ҳам анчагача бир сўз айтмай, жим  туравердик. Бир маҳал, холам қўлларимни маҳкам ушлаб олиб роса йиғлади. Ичидаги бор гапларини тўкиб солди.

“Мени кечир болажоним, ўзини ўйлаб сенларни бебахт қилган гуноҳкор холангни кечир, истасанг битта-яримтанинг боласини асраб оламиз, бирор нимадан каминг бўлмайди. Хохласанг ўқишга кирасан, меникида яшайсан. Сен кетиб уйим ҳуввиллаб қолди. Мен ҳам жабрини тортяпман, Азиз аканг ёмонларга аралашиб қолди шекилли, кеча маҳалла нозири бир дунё қоғозга қўл қўйдириб кетди. Уйдан ташқарига чиқолмай қолдим. Жон болам бизни ташлаб қўйма. Биламан мени деб кўп азоб чекдинг. Барибир этни тирноқдан ажратиб бўлмас экан, қадринг билиняпти, агар кечиролсанг мени  кечир ” деб роса хасрат қилди. Диловар нима қилай, ичимдаги дардларимни ота-онамга қандай айтишга, қайси йўлни танлашга ожиз қоляпман.

Сени соғиниб, Ҳамида”.

Ичимдан бир нарса узилиб кетгандай бўлди, қадрдон дугонамга ёрдам беришга ожизлигим аламидан, хатни кафтларим билан шунчалар қаттиқ қисибманки, назаримда қоғоз титилиб кетгандай туюлди. Бир маҳал ўзимга келиб қарасам Хамидахоннинг мактуби орқасига ёпиштириб қўйган бир дона ялпиз барги ва қуритилган тут майизи, ғижимланган қоғоз орасида минг бўлакка бўлиниб ётарди.

Гулчеҳра Мирзаева.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan