Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистон Республикасидаги етакчи тиббиёт таълим муассасаси бўлиб, энг яхши тиббиёт ОТМларининг рейтинги бўйича 1-ўринни, Ўзбекистоннинг барча ОТМлари орасида 6-ўринни эгаллайди.
Академия гигиенистлар ва асосий даволовчи мутахассисларни тайёрловчи муассаса ҳисобланади. Ушбу олийгоҳ 1919 йилда Тошкент тиббиёт институти сифатида Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё университетининг тиббий факультети негизида ташкил этилган.
90 йилларнинг бошида Тошкент тиббиёт институтининг қошида иккита олий тиббий ўқув бинолари: Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти мавжуд бўлиб, улар 2005 йилда бирлаштирилиб, Тошкент тиббиёт академиясига асос солинди.
Айни пайтда академияда даволаш, тиббий педагогика, тиббий-профилактика, тиббий-биология, ҳарбий-тиббий ва олий ҳамширалик иши бўйича факультетлар ташкил этилган бўлиб, уларда 5000дан ортиқ талабалар таҳсил оладилар.
Магистрларга таълим бериш 49 та, тор доирадаги мутахассис шифокорларни тайёрлаш эса клиник ординатуранинг 38 та йўналишида амалга оширилади.
Асосий клиник базаларини Тошкент тиббиёт академиясининг 3 та кўп тармоқли клиникалари, шунингдек Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика ва шаҳар тиббиёт марказлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг шифохоналари ташкил этади.
Тошкент тиббиёт академиясида энг катта эътибор ҳар томонлама етук тиббиёт мутахассисларини тайёрлашга йўналтирилган.
Олий ўқув юртлараро ташкил этилган илмий-тадқиқот лаборатория ва ҳамкорликда яратилган илмий-тадқиқот маркази Тошкент тиббиёт академиясининг ноёб муассасаларидан бўлиб, илм-фан ўртасидаги самарали боғланишни таъминлаб, илмий тадқиқотларнинг сифатини оширади ҳамда талабаларни илмий ишларга фаол жалб қилиш билан бирга тадқиқот натижаларини ўқув жараёни ва тиббий амалиётга кенг жорий қилинишини таъминлайди.
Бугунги кунда академиянинг муҳим йўналишларидан бири – Менежмент: соғлиқни сақлаш менежменти йўналиши бўлиб, унда соғлиқни сақлаш муассасалари, илмий амалий ихтисослашган тиббиёт марказлари, тиббий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари, ва бошқа тиббиёт муассасаларида соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқаришга оид амалий ва фундаментал муаммоларни ҳал этиш учун илмий – тадқиқот ва илмий педагогик кадрлар тайёрланади. Хусусан, ушбу йўналишни битирган кадрлар:
– Соғлиқни сақлашни бошқарув органлари,
– Соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва органлари,
– Тиббий суғурта бошқармалари, компаниялари ва фондлари,
– Шошилинч, тез тиббий ёрдам марказли ва унинг филиаллари,
– Давлат санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги марказлари,
– Нодавлат соғлиқни сақлаш органлари,
– Бошқа вазирликлар ва ташкилотлар тасарруфидаги тиббиёт муассасалари, санатория-профилакториялар,
– Давлат ва ижтимоий инфраструктура бошқарув органлари,
– Тиббиёт коллежларида фаолият юритиши мумкин.
Менежмент: соғлиқни сақлаш менежменти таълим йўналиши битирувчилари магистратуранинг қуйидаги мутахассисликлари бўйича ўқишни давом эттиришлари мумкин:
– Соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш
– Гигиена
Янги киритиладиган мутахассисликлар:
– Соғлиқни сақлаш иқтисодиёти
– Стратегик менежмент
– Молиявий менежмент
– Ижтимоий ва тиббий суғурта
– Инновацион менежмент
Шу билан бирга улар илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиши мумкин.
Магистратура йўналишини тугатгандан кейин улар соғлиқни сақлашни қуйи, ўрта, юқори поғонасидаги тиббиёт муассасалари, тиббий суғурта бошқармалари, компаниялари ва фондлари менежерлари – раҳбарлари сифатида фаолият юритишлари мумкин.
Битирувчилари қуйидаги муассасаларда ишлаши мумкин:
– Соғлиқни сақлашни бошқарув органлари,
– Соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва органлари,
– Тиббий суғурта бошқармалари, компаниялари ва фондлари,
– Шошилинч, тез тиббий ёрдам марказли ва унинг филиаллари,
– Давлат санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги марказлари,
– Нодавлат соғлиқни сақлаш органлари,
– Бошқа вазирликлар ва ташкилотлар тасарруфидаги тиббиёт муассасалари, санатория-профилакториялар,
– Давлат ва ижтимоий инфраструктура бошқарув органлари,
– Тиббиёт коллежлари.
Академиянинг профессор-ўқитувчиларининг таркибини халқаро стандартларга жавоб бера оладиган, ўзининг касбий билим ва кўникмаларини етакчи хорижий тиббиёт муассасаларида мунтазам равишда ошириб борадиган юқори малакали мутахассислар ташкил этади.
Тиббиёт соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш Тошкент тиббиёт академиясининг муҳим вазифаларидан бири саналади.
Академия халқаро алоқалар соҳасида етакчи хорижий тиббий таълим ва даволаш-профилактик муассасалари билан соғлиқни сақлашни турли йўналишлари бўйича илмий амалий алоқаларини фаол ривожлантириб, ҳамкорликдаги тиббий-илмий тадбирлар ташкил қилмоқда ҳамда халқаро лойиҳаларда иштирок этиб бормоқда. Шунингдек, ҳамкорликдаги таълимга оид тадбирлар ўтказиш учун етакчи хорижий профессорлар Ўзбекистонга таклиф қилинмоқда.
Ҳар йили Тошкент тиббиёт академиясининг иқтидорли талабалари давлат стипендиялари ва мукофотларини қўлга киритиб, халқаро олимпиадаларнинг ғолибига айланишмоқда.
МАЪНАВИЯТ МАСАЛАСИ – ҲАР БИР ХОДИМНИНГ БОШ ВАЗИФАСИ
Талабаларнинг академия ҳаётидаги фаоллиги аввало унинг оилавий муҳитига боғлиқ. Ота-оналари фарзандини чиройли тарбиялаб, илмга қизиқтириб, аниқ мақсадни қалбига жойлаб бизнинг қўлимизга ишониб топширганини унутмаслигимиз керак. Улардаги бор билим ва салоҳиятни, маънавий тарбияни мустаҳкамлашга энди биз масъулмиз.
Биз ёшларимизни тўгаракларга қизиқтиришимиз, академия ҳаётига кўникиб кетиши учун танловлар ва мусобақаларга кўпроқ жалб қилишимиз лозим.
Ҳаттоки караоке марказ ҳам очиб қўйиш керак… Болаларимиз орасида иқтидорлар бор, санъат ва адабиётга қизиқувчилари бор. Ниятим – улар олийгоҳни тугатганида академиядан илм билан бирга санъат ва маданиятнинг бир парчасини ўзи билан олиб кетсин. Бир кун зўр мутахассис бўлиб етишганида, катта давраларда шу ердаги қайноқ муҳитни соғиниб эсласин. Шогирдларига фарзандларига гапириб берсин.
Ёшлар беллашувга қизиқади. Нима учун биз ҚВЗни ривожлантирмаслигимиз керак? Ахир тиббиёт тарихи ва бугунги замонавий йўналишлар ҳар доим одамлар учун қизиқарли мавзу бўлиб келган.
Президентимиз яқинда коррупцияга қарши кураш бўйича қарорга имзо чекди. Бир пайтлар кадрлар масаласи ёки илмий ишлардаги грантлар масаласи раҳбар бошчилигида бир икки киши билан ҳал қилинган бўлса, эндиликда бунақа эмас. Энди академияда махсус комиссия ишлаяпти. Адолат ва тартиб учун курашиб ишлайдиган жамоани шакллантиряпман.
Шунингдек, академия ёшлари учун спорт ва маданий тадбирлар сифатини таъминлашимиз керак. Асбоб анжомларда камчилик бўлмаслиги керак.
Бундан ташқари, медиа режамизни шакллантиряпмиз. Деканлар, кафедра мудирлари, профессор ўқитувчилар, ҳатто талабалар ҳам мақола ёза олиши керак, деган фикрдаман. Ҳимоядан чиққан докторлик иши, нашрга тайёрланаётган монография – булар ҳақида оммабоп мақолалар бўлиши керак.
Агар илмий ходимлар мақола ёзмаса, ёзганларини одамлар билан баҳам кўрмаса, бу қандай илм? Академия муҳити янги йўналишлар билан бойиб борар экан, бунда аввало илмий педагогик жамоамиз талабалар қизиши билан биринчи навбатда ҳисоблашиши керак. Шунинг учун биз бутун жамоа билан эътиборимизни ёшлар маънавиятига қаратдик.
Алишер Шодмонов,
Тошкент тиббиёт академияси ректори