Тўхтаев Қодир Рахимович хотирасига…

Тўхтаев Қодир Рахимович…

Унинг муборак номи ўзбек тиббиёти илми билан чамбарчас боғлиқ эди. Забардаст олим, жонкуяр устоз бугун орамизда йўқ…Бироқ унинг машаққат билан яратиб кетган ибрат мактаби яшашда давом этаверади.

Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий устоз педагоги ҚОДИР ТЎХТАЕВ 1945 йилда Бухоронинг Ғиждувон туманида дунёга келганди. Мактабни олтин медаль билан тугаллаб, Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Талабалик давридаёқ унинг иқтидори, илмга қизиқувчанлик қирралари намоён бўлди.

Қодир Рахимович 1968 йилда институтни имтиёзли диплом билан битириб, меҳнат фаолиятини гистология кафедрасининг ассистенти, доценти, профессори, кафедра мудири лавозимларида олиб борди. Бутун ҳаётини морфология илмини ривожлантиришга бағишлади. Қодир Рахимович 1973 йилда номзодлик, 1985 йилда докторлик диссертацияларини ёқлади. Унинг раҳбарлигида 5 та докторлик, 30 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Қодир Рахимович томонидан 2 та дарслик, 6 монография, 300дан ортиқ мақола, 40га яқин ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилган.

Қодир Рахимович нақафат забардаст олим, балки тажрибали педагог, меҳрибон устоз ҳам эдилар. Уларнинг маърузаларини барча талабалар жуда катта қизиқиш билан тинглашарди. Дарсдан бўш вақтларида талабалар ва кафедранинг ёш педагоглари билан тинимсиз ишлар ва уларга морфология илми бўйича сабоқ берардилар.

Қодир Рахимович Тўхтаев барча инсоний фазилатларга, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кўп қиррали, ватанпарвар, олийжаноб, барчанинг ҳурматига сазовор бўлган инсон эдилар.

Азиз Устозимизнинг ёрқин хотиралари ҳамиша қалбларимизда яшайди. Охиратингиз обод бўлсин азиз УСТОЗ.

Тошкент тиббиёт академияси жамоаси марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan