Ҳаво таркибидаги чанг инсоннинг саломатлик ҳолати ва организмнинг функционал ҳолатига таъсир этадиган муҳим омиллар қаторига киради. “Ўзгидромет” маълумотига кўра, 4 ноябр куни кундузи бўрон вақтида атмосферадаги чанг миқдори рухсат этилган концентрациясидан 5 баробарга ошгани (http://hydromet.uz/ru/taxonomy/term/218), кейинроқ маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 баробаргача кўтарилиши қайд этилган бўлиб, ўтган 150 йил мобайнида бундай ҳолат кузатилмаган Айни пайтда соат 23:00 дан бошлаб ҳаво таркибидаги чанг миқдори пасайиши бошланган бўлса-да, бу давр оралиғида чанг миқдори рухсат этилган даражадан 10 баробар юқорилиги сақланиб қолмоқда.
Ҳаво таркибидаги чанг зарралари уйлар, ишхоналар, автомобилларнинг эшик – деразаларидан сизиб кириб, ёпиқ хоналар ҳавосини ҳам чанг заррачалари билан ифлослантирди. Чангдан бутунлай қутилиб бўлмайди, лекин унинг миқдорини камайтириш мумкин. Бунинг учун чангни кўп тўпланишини олдини олиш ва уйни ҳамда юзаларни тўғри тозалаш керак:
• асосийларидан бири – уй, ишхона ва машина эшиклари ва деразаларини зич ёпиш;
• чанг йиғилиши мумкин бўлган ҳамма нарсаларни чанг ютгич ёрдамида тозалаш керак (ковролин, гилам, юмшоқ мебель, юмшоқ ўйинчоқлар ва бошқалар); юмшоқ мебелни қоқишдан аввал усти намланган латта билан ўралиши тавсия этилади.
• чанг йиғилиши мумкин бўлган барча юзаларни (пол, шкаф, ишчи юзалар ва бошқалар) кун давомида бир неча марта намланган латта билан яхшилаб артиш керак; бунда бурчаклар, кроват ва шкафларнинг тагини эътибордан қочирмаслик лозим; артиш ҳаракатлари тепадан пастга йўналтирилган бўлиши тозаланган юзаларга чангнинг қайта тушмаслигини таъминлайди.
• оёқ кийимларини эшик олдида қолдириш ва имкон қадар тезроқ ювиб қўйиш керак;
• уйда (ошхонада) ўрнатилган сўриб олувчи вентиляциядан тўғри ва самарали фойдаланиш лозим;
• хона ҳавоси оптимал намлигини таъминлаш: ҳўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш; бунда чанг зарралари ҳаво таркибидаги сув зарраларига бирикиб тезроқ чўкади.
Юқорида қайд этилган тавсияларга риоя этиш Сизни ва оила аъзоларингизни турли хил ноҳуш ҳолат ва касалликлардан сақлайди.