Таълим сифатини назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 1 мартдан бошлаб хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибини жорий этишга доир таклифлари маъқулланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 январь куни имзоланган «Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида шу ҳақида сўз юритилади.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартибини жорий этишга доир таклифлар қуйидагиларни назарда тутади:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида филиаллари ва қўшма таълим муассасалари фаолият юритаётган хорижий таълим муассасаларида таълим олган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (кейинги ўринларда – фуқаролар);
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий ОТМда таълим олган фуқароларнинг;
тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг йўлланмалари асосида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;
1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқароларнинг;
Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Higher Education) тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
Америка Қўшма Штатлари, Австралия иттифоқи, Исроил давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитациядан ўтган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тўғридан-тўғри тан олиш ва нострификация қилиш;
б) таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги аризаларни фақатгина Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Манба: kun.uz
Translate: Рус