«Соғликни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг
энг муҳим йўналишларидан биридир»
Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг барча қатламига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бугун давлат сиёсатининг бош мақсадига айланган. Шу мақсадда 100 дан ортиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда соҳанинг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар қамраб олинган. Ҳозирда Ўзбекистон белгиланган вазифалар ижроси доирасида қатор ижобий натижаларга эришди.
Изчиллик билан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар самарасида халқимизга жаҳон андозалари даражасида бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда.
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ушбу шарафли ва масъулиятли касб эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда.
2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда шифокорлар байрами сифатида кенг нишонланади.
Шу муносабат билан 2019 йил 8 ноябрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрида Тошкент тиббиёт академиясининг ”Тиббиёт ходимлари куни”га бағишланган тадбири ўтказилди. Тадбирда Тошкент тиббиёт академиясида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда фаҳрли устоз шифокорлар иштирок этдилар.
Тадбирнинг тантанали қисмини ТТА ректори Л.Н.Туйчиев очиб берди ва тадбир иштирокчиларини ушбу фаҳрли, машаққатли ва маъсулиятли касб байрамлари билан табриклаб, уларнинг ишларига муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг академияда кўп йиллик самарали ва ҳалол меҳнатлари, малакали шифокор ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашда қўшаётган ҳиссаси, ўқув, илмий, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш устида қатъият билан ишлаб келаётган шифокор, устоз ва мураббийлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент тиббиёт академиясининг касаба уюшмасининг фаҳрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландалар.
Translate: Рус