Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ва давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида олий таълим тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасида аниқ мақсад ва вазифалар, муайян чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Шундан келиб чиқиб, олий таълимда “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бугунги куннинг энг долзаб масаласи ҳисобланади. Абитуриентларни ўқишга қабул жараёни, талабалар билимини баҳолаш, ўқишни кўчириш ва нострификация қилиш, ўқитувчилар ижтимоий ҳимояси, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш каби йўналишларини қамраб олган.
Ҳозирда ОТМларга ўқишга кириш учун қабул квоталарини сонини ошганлиги, абитуриентнинг масофадан туриб ҳужжат топшириши, бир вақтнинг ўзида бешта олийгоҳни танлаши, кириш имтиҳонлари учун вилоятларда ташкил қилинган жойлардан туриб тест топшириши учун шароитларни яратилишини қатор коррупцион ҳолатларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.
Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда фарзандингизни танлаган олий ўқув юртига киргизиб қўяман дея, фирибгарлик қилиб, сизни ишончингизга кириб, сиздан мўмайгина пул талаб қилаётган фирибгарлар кўплаб учраб турибди. Ачинарлиси, бугун ана шундай фирибгарлар тузоғига чув тушиб, уларга бор-будини ишониб топшириб қўяётган ота-оналар ҳам кўплаб топилади.
Тошкент тиббиёт академиясида қабул жараёнларида ва таълимнинг бошқа босқичларида коррупцияга умуман йўл қўйилмайди.
Маълумки Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг махсус буйруғига биноан, қабул имтиҳонлари республикамизнинг бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибидан тузилган махсус комиссия аъзолари томонидан қабул қилинади ва академиянинг профессор-ўқитувчилари бу жараёнда иштирок этмайди. Шундай экан, сохта фирибгарларга ишониб, ўзингизни ҳаётингизни ва фарзандингиз келажагини хатарга қўйманг! Агар сиз фарзандингизни Тошкент тиббиёт академиясида ўқитмоқчи бўлсангиз, фақат унинг иқтидори ва қобилиятига ишонинг.
Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси www.tma.uz сайтида “Биз коррупцияга қаршимиз” рубрикаси очилиб, унда коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистан Республикаси Президенти Қарорлари, фармонлари ижроси юзасидан маълумотлар билан бирга, ишонч телефони сифатида ТТА раҳбариятининг (ректор, проректор, деканлар) телефон рақамлари берилган. Агар Сиз Тошкент тиббиёт академиясига қабул жараёнларида ва таълимнинг бошқа босқичларида коррупцияга оид бирор бир воқеа-ҳодисанинг гувоҳи бўлсангиз, дарҳол шу ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Унутманг, фарзандингиз келажагига
биз ҳам худди сиздек масъулмиз!
ТУЙЧИЕВ Лазиз Нодирович