“СИЗ БУ ОЛИМНИ ТАНИЙСИЗ” ШОМИРЗАЕВ НАЖИЙЎЛЛА ҲАБИБУЛЛАЕВИЧ…

“СИЗ БУ ОЛИМНИ ТАНИЙСИЗ” ШОМИРЗАЕВ НАЖИЙЎЛЛА ҲАБИБУЛЛАЕВИЧ

 

Нажийўлла Ҳабибуллаевич Шомирзаев.

Унинг муборак номи аввало оиласи, фарзанд ва набиралари, яқин дўсту ёрлари, шогирдлари ёдида бир умрга муҳрланиб қолди…

Таниқли шифокор-олим ўзининг узоқ ва самарали меҳнатлари эваига  республикада тиббиёт фанининг ташкилотчиси сифатида катта хурмат қозонди. Пульмонология, юрак-қон томир жарроҳлиги, умумий жарроҳлик амалий масалаларининг фундаментал муаммоларини комплекс ишлаб чиқишни мунтазам амалга оширган юқори малакали мутахассис сифатида тиббиёт илми ривожишга улкан ҳисса қўшди.

Ўзбекистон Республикаси морфологлар Ассоциацияси раиси, Халқаро морфологлар Ассоциацияси Мувофиқлаштирувчи Кенгаши аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нажийўлла Ҳабибуллаевич Шомирзаев 1937 йилнинг 4-декабрида Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилганди.

Тошкент шаҳридаги  генерал С.Рахимов номидаги 18-ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаган йигитнинг қалбида шифокор бўлиш орзуси уйғонди.

Ана шу ҳавас уни 1956 йилда ТошДавТИ нинг педиатрия факултетига ўқишга етаклади. Шу даврдан бошлаб унинг асосий илмий-педагогик ва ижодий фаолияти тиббиёт олийгоҳи билан чамбарчас  боғланди.

 

ИНТИЛУВЧАН ТАЛАБА…

Талабалари орасида  Нажийўлланинг тиришқоқлигини кузатиб юрган устози уни дарслардан сўнг фан тўгарагига қатнаб илмий ишларга чуқурроқ тайёрланиши мумкинлигини айтади. Олийгоҳдаги профессор ўқитувчиларнинг энг илғори, Давлат мукофати совриндори, профессор Ф.Ф.Амировнинг бу таклифи Нажийўлланинг ҳаётида туб бурилиш ясади.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тиришқоқо талаба Устози раҳбарлигида  оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедраси қошида ташкил этилган талабалар илмий тўгарагининг энг фаол иштирокчисига айланди.

Ўтказилган экспериментал изланишларнинг натижаларига кўра  шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда энг яхши студентлик иши учун мукофот ва Ёрлиқлар билан тақдирланди. Изланишлари самара бериб, унинг ишлари умумиттифоқ мусобақада “энг яхши студентлик иши” деган эътирофга лойиқ топилди. Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг Фахрий ёрлиғини уйига олиб бориб, энг биринчи ота онасини хурсанд қилди. Илмга чанқоқлиги, ўз олдига қўйган мақчадларидан бир фурсат бўлсада айрилмагани боис, унинг бундай ҳурсандчилик кунлари кўп бўлди.

1962 йилда институтни тамомлагач, ТошДавТИ нинг оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедрасида қолдирилганини ўзига билдирилган катта ишонч ва масъулият деб билди.

Шу йилнинг ноябр ойида  ТошДавТИнинг Марказий илмий текшириш лабораторияси морфология бўлимига кичик илмий ходим лавозимига ишга ўтиши билан зиммасида катта вазифа турганини англаб етди. Бу вазифанинг моҳиятини 1962 йилнинг декабрида Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти патоморфологик лабораторияси курсига юборилганидан кейин устози  профессор Р.И.Данилова раҳбарлиги сабоқлари янада теранлаштирди. Энди у илмий жараённинг қайноқ қозонида қайнаб, элга нафи тегадиган ишларни амалга ошириши учун қаттиқ меҳнат қилиши яхши ҳис этарди.

1966 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1966 йилда  ЎзР ФА академиги, профессор К.А.Зуфаров раҳбарлигида докторлик диссертацияси устида иш бошлаганида илмнинг машаққати қанчалар залворли ва айни дамда шарафли эканини англай бошлади.

ТошДавТИ нинг гистология кафедрасига ўтказилган илмий тадқиқот натижалари билан  1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Худди шу йилан Н.Ҳ.Шомирзаевнинг ТошДавТИ Марказий илмий-текшириш лабораториясининг катта жамоасига раҳбарлик  фаолияти бошланди.

1976 йилдан бошлаб Н.Ҳ.Шомирзаев ТошДавТИ оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедраси доцент лавозимида ишлади. 1978 йилда оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедраси асосида бутун институт кафедралари учун кўргазмали ўқув-илмий анжуманида кўрсатган фаоллиги  унинг кейинги илмий фаолияти учун катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Илм ўрганиб, отттирган тажрибаларини шигирдларига ўргатишни ўз бурчи деб билган олим Н.Ҳ.Шомирзаев 1979 йилдан  2005 йилгача ТошДавТИ оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедрасини бошқариб минглаб шогирдларга бағрини очди. Қанчалаб илмий ишларга раҳбарлик қилди.

 Н.Ҳ.Шомирзаев республикада биринчилардан бўлиб Оператив жарроҳлик” ўқув қўлланмасини ёзиб, уни 2 марта қайта нашр эттиришга муваффақ бўлди.

2006 йилда С.Ҳ.Назаров ва Р.Ж.Усманов билан ҳамкорликда  олимнинг тиббиёт олийгоҳлари талабалари учун “Topografik anatomiya” дарслиги нашр этилди.

Оператив жарроҳлик ва топографик анатомия фанини бошқа клиник фанлар билан ўқитишда интеграллаш масаласини у  қўшма дастурлар, услубий кўрсатмалар, “Хирургик касалликлар” дарслигини нашр қилиш орқали амалга оширди.

2020 йилда “Klinik anatomiya” дарслиги икки жилддан иборат  катта дарслик  чоп қилинди.

Нажийўлла Ҳабибуллаевич Шомирзаевнинг илмий текширишлари сабаб

Тиббиёт илмида:

1) ўпка ателектази динамикаси ва унинг реаэрацияси масалалари;

2) пневмонэктомия ва лобэктомиядан сўнг патологик ҳолларда

ўпканинг     функционал-метаболик ва структур хусусиятлари;

3) сурфактант етишмовчилик ҳолатлар ва уларни дори-дармонлар

билан коррекциялаш;

4) ўпканинг нормада ва сурункали носпецифик

касалликларида иммун тизими;

5) ўпкада липидлар метаболизми механизми;

6) ўпка артериал гипертензиясини

жарроҳлик усуллари ёрдамида коррекциялашни ишлаб чиқиш;

7) сўриладиган жарроҳлик иплари ва полимер материалларнинг

янги турларини ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш…

сингари долзарб масалаларга илмий ечим топилди.

Унинг илмий ишланмаларига аосланиб тиббиёт илмида  7 та докторлик ва 23 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган.

Н.Ҳ.Шомирзаев илмий ишларининг натижалари Франция, Польша, Афғонистон, Эрон ва МДҲ давлатларида ўтказилган Халқаро анжуманларда муҳокама қилинган ва муносиб баҳоланган.

500 дан ортиқ илмий иш, шу жумладан 4 та монография, 2 та маълумотнома, 10 та дарслик ва ўқув қўлланмаси ва 56 та услубий тавсиянома, 10 та муаллифлик гувоҳномаси, 11 та рационализаторлик таклифлари олинган.

Н.Ҳ.Шомирзаев кафедрада, деканатларда, Тошкент тиббиёт институти ректори, Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Илмий тиббий Кенгаши раиси (1985-1987 йй. ва 1990-2000 йй.) лавозимларида ишлаган даврларида катта ва унумли илмий ташкилотчилик, илмий-изланиш, педагогик ва жамотчилик ишларини олиб борди. Унинг таклифи ва илмий таҳлиллари асосида  Республикада биринчи бўлиб тиббиёт олий мактабини қайта қуришнинг асосий концепцияси ТошДавТИ мисолида  яратилди.

Н.Ҳ.Шомирзаев 1985 йилдан 1998 йилгача “Ўзбекистон тиббиёт журнали” нинг бош муҳаррири ўринбосари вазифасида ишлади.

1997 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикаси Морфологлар Ассоциацияси раиси. Унинг раҳбарлиги остида 2008 йилда Бухоро шаҳрида Халқаро морфологлар Ассоциацияси IX Конгресси ва Ўзбекистон Республикаси Морфологлар ассоциацияси IV съезди ташкиллаштирилди ва амалга оширилди. Ушбу Конгресснинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, Конгресс очилиши буюк аллома Абу Али ибн Сино ватани Афшона шаҳарчасида олиб борлиди ва конгресс илк бор Россия Федерациясидан ташқарида ўтказилди.

Н.Ҳ.Шомирзаевнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланган. У “Ҳурмат белгиси” ордени, “Шавкатли меҳнати учун” ва “Мустақилликнинг 15 йиллиги” нишонлари, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” белгиси, Ўзбекистон Олий кенгаши Президиумининг ва ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, Бутун Россия анатомлар, гистологлар ва эмбриологлар илмий жамиятининг “Морфологиядаги улкан хизматлари учун” олтин медали, Абу Али Ибн Сино кўкрак нишони билан тақдирланган. Институтнинг интеллектуал салоҳияти ривожланишида қўшган катта хизматлари учун 2020 йилда Бухоро Давлат тиббиёт институтининг фахрий профессори сифатида танланган.

Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби Гулчеҳра Мирзаева.

( Маълумотлар Анатомия, клиник анатомия кафедрасидан олинди.)

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan