Инсон қадри улуғ, хотираси боқий

Нилуфар Ниёзова

Ижтимоий фанлар кафедраси доценти, ф.ф.н.

Xотира ва қадрлаш тушунчалари чуқур ижтимоий-фалсафий, қолаверса сиёсий, маънавий-маърифий маъно касб этади.  Хотира –  кечаги ўтмишни, аждодлар  ўгити, миллий меросимизни англатиб турса,  қадр  –  инсонни юксакликка кўтаради.

Юртимизда  ҳар йили 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни  кенг миқёсда нишонланади. Ушбу байрам мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида  ўлкамизни қахраманона ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар xотирасига, шунингдек, ўз касбининг фидойиси, ватан равнақига муносиб ҳисса қўшган жонкуярни инсонлларни қадрлаш, уларнинг намунали ҳаёт йўлини тарғиб қилишга бағишланган. Уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, қолаверса бугун кунда сафимизда юрган, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий хаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Инсон – ҳаётнинг гултожиси. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқдир. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гапирганда, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади.  Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, балки йиллар давомида садоқат билан меҳнат қилган устозлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.

Шу ўринда Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси устозимиз Маъмурова Клара Тошматовна хотирасини ёд этиш, унинг таълим соҳасини ривожлантириш, ёшлар тарбиясига қўшган ҳиссасини айтиш том маънода хотирага бўлган ҳурматни намоён этади. Бу  ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, устозларнинг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Клара Тошматовна узоқ йиллар Тошкент тиббиёт академияси (II ТошМИ) Ижтимоий фанлар кафедрасида фаолият юритди, кафедра ўқитувчилари ва талабаларнинг севимли устози бўлган. Устозимиз рус, инглиз, ҳинд-урду тиллари бўйича моҳир таржимон ҳам эди. Айниқса, жаҳон халқлари маданиятининг юксак билимдони, тиббиёт тарихи фанининг “академиги” эди.

Кафедрада кўп йиллар талабаларга Тиббиёт тарихи ва Маданиятшунослик фанларидан сабоқ бердилар.Бу борада кўплаб мақолалар чоп эттирди, ўқув-услубий қулланмалар яратди. Кафедрамизда ҳар бир ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишлари (мақола, диссертация, рисола)ни чуқур ўрганар, хориж тилларига таржима қилишга кўмаклашар эди. Ўқув маърузалари устозимиз томонидан жуда намунали даражада ташкил қилинарди.

Клара Тошматовна кийиниш маданиятига риоя қилган юксак дидли инсон эдилар, кафедранинг ёш ўқитувчиларига ҳамиша ўрнак бўлган. Бу борада ҳам талабаларга қаттиққўл бўлган. Жамоат ишларида ҳам фаол ҳисобланарди. Устозимиздан ўрганган дарс ўтиш услубларини бугун ҳам таълим-тарбияда қўллаб келмоқдамиз, улардай фидойи бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш – бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира – бизнинг бойлигимиздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида тинимсиз меҳнат қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди. Биз эса устозларимиз сингари фидойи бўлмоғимиз, хотирасига ҳурматни доимо ёдда сақламоғимиз даркор.

Мамлакатимизда нишонлаётган байрамимиз шундай бир кунки, у шу юртда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадон учун бевосита дахлдор бўлган, уларнинг ҳаётида қандайдир чуқур из қолдирган тарихий санадир. Илоҳим, устозларимизнинг руҳи шод бўлсин, уларнинг бизга қолдирган улкан мероси йўлларимизни ёритиб турсин!

 

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan