ТТАда ишчи-ходимлар ва талабалар учун табиий ва ис газларидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси
натижасида чақнашларни олдини олиш борасида йўриқнома
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 февралдаги 126-Фсонли Фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда халқаро ва республика миқиёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техникавий анжуманлар режасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида 2017 йилнинг 14 декабрь куни “Ёнғин хавфсизлиги муаммолари, уларнинг ечими ва ёнғинга қарши муҳофазани такомиллаштириш” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Шу муносабат билан мазкур анжумандаги ахборотларни ТТАнинг ходим ва талабаларига етказиш мақсадида ФММХ бўлими ходимлари томонидан маъруза-йўриқнома тайёрланди:
Маъруза-йўриқнома
Маълумки ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, корхона шароитида энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3 %, ишланган газда 13 %, портловчи газлар таркибида эса 50-60% гача ис гази бўлади.
Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар паркларда, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглабин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир холатларда эса – аноксия ва ўлим холатига олиб келиши мумкин.
Хона ҳавосидаги ис газининг атиги 0,1% концентрацияси инсон организми учун ўлим даражасида хавфли ҳисобланади.
Табиий газнинг хонада тўпланиши оқибатида портловчи газ-ҳаво аралашмаси ҳосил бўлиб, очиқ олов ёки учқундан чақнаши ва портлаши натижасида инсон турли тан жароҳатлари олиши ёки ҳалок бўлиши мумкин.
Аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари, газ тармоқларидаги авариялар ҳамда уларнинг оқибатида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар сони сўнгги вақтда тез-тез кузатилмоқда.
Аксарият холларда ис газидан заҳарланиш ва газдан чақнашлар табиий газ ва муқобил ёқилғи турларида ишловчи иситиш печлари ва бошқа жиҳозлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик, ностандарт (қўлбола ясалган) ва чет элда ишлаб чиқарилган сертификатга эга бўлмаган иситиш ускуналари, газ сўриш насосларидан фойдаланиш оқибатида юзага келаётгани аниқланаяпти.
Ҳурматли ходим ва талабалар маълумки қиш мавсумида ҳаво ҳароратини кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи махсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан кунга ошиб бормоқда.
Бу эса ўз навбатида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларини бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан захарланиб қолиш эҳтимолини ошишига олиб келмоқда.
Афсуски жойларда олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирларига қарамасдан аҳоли орасида табиий ва ис газларидан заҳарланиш, турли хил тан жароҳатлари олиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар учрамоқда.
Бундай ҳолатларни олдини олиш учун эса қуйидаги оддий қоидаларга қатъий амал қилиш зарур:
иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини текшириб чиқинг;
носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишига асло йўл қўйманг;
болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;
табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўргичлардан фойдаланманг;
чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина фойдаланинг;
Агар хонага табиий газнинг тўлиб қолганлигини сезиб қолсангиз !
газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;
дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;
хонада электр жихозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;
агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз, 104 телефони орқали шаҳар ва туман газлаштириш идоралари авария таъмирлаш гуруҳларига қўнғироқ қилинг.
Азиз ходим ва талабалар юқоридаги қоидаларига риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни Фавқулодда вазиятлардан ва нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз.
ФММХ бўлими бошлиғи
Н.Р.Джураева