“Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизими: муаммолар, ютуқлар ва истиқболлар” мавзуида шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг IV съезди бўлиб ўтмоқда

2017 йил давомида саккиз ярим миллиондан кўпроқ фуқарога тез тиббий ёрдам тизими орқали хизмат кўрсатилди. Уч миллионга яқин бемор стационар ва амбулатор шароитда даволанди. Шу даврда шошилинч тиббий ёрдам тизимида 50 мингдан зиёд беморга юқори технологияли операциялар муваффақиятли ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу кўрсаткич пойтахтда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизими: муаммолар, ютуқлар ва истиқболлар” мавзуида шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг IV съездида эътироф этилди.

Мазкур тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатнинг олим ва шифокорлари қатори Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Исроил каби дунёнинг 15 давлатидан қарийб етмиш нафар малакали мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.
Унда қайд этилганидек, давлат раҳбарининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илм-фан янгиликларини амалиётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўтган йили эллик мингдан кўпроқ юқори технологияли операциялар ўтказилган. Жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилгани тиббиётнинг муҳим ютуғи бўлди.
Тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Жумладан, ўтган йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш 3 баробарга кўпайди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Яна бир эътиборли жиҳати, жойлардаги тез тиббий ёрдам бригадалари ва шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг автопаркини такомиллаштириш мақсадида 2019 йили яна 200га яқин махсус транспортлар харид қилиш кўзда тутилган.
Шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг икки кунлик съездида тиббиётимизнинг муҳим ютуқлари ва илғор тажрибалар оммалаштирилиши баробарида, дунё тиббиётида эришилаётган муҳим илмий-амалий кашфиётлар, янги технологиялар ҳамда улардан инсон саломатлиги йўлида самарали фойдаланишга оид маърузалар тингланади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan