Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди. https://regulation.gov.uz/uz/document/480
Ҳужжат билан қуйидагилар:
2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси;
2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиши мумкин.
Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар сифатли ҳамда тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилади.
Концепциянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизимни ва маданият муассасалари фаолиятини такомиллаштириш;
тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда қўллаш;
анъанавий ва умуминсоний қадриятларни ёш авлод онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва унга асосланган халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;
аҳоли, шу жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш, ижод эркинлигини таъминлашга эришиш;
маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, миллий маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланиш;
маданий ҳаётда фаол иштирок этиш ва маданият соҳасидаги хизматлардан тўлиқ фойдаланишда фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий тенглигини таъминлаш;
бошқа халқлар маданиятлари билан ўзаро очиқ муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш, миллий маданиятга жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида қараш, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни янада ривожлантириш;
қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослигини таъминлаш;
маданият ва санъат муассасаларини тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнининг самарали мувофиқлаштирилиши ҳамда тизимли мониторинги, уларнинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот берилишини таъминлайди;
Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ кўрсаткич ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши чораларини кўради;
зарур ҳолларда, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доираларни Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда иштирок этишга, шунингдек, миллий маданиятни янада ривожлантириш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишга жалб қилади.