ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФГА САЗОВОР БЎЛДИ

2020 йил 25 февраль куни Тошкент тиббиёт академияси мамлакатнинг барча тиббиёт олий таълим муассасалари ичида биринчи бўлиб “Европа тиббиёт мактаблари” уюшмасининг тўлақонли аъзосига айланди.

Ушбу муҳим воқеа уюшма вице-президенти, Вильнюс Университети (Литва) тиббиёт факультети декани, профессор Алгирдас Уткус ва Вильнюс Университети делегациясининг Тошкент тиббиёт академияси билан ташкил этилган қўшма “Таълим форуми”да эълон қилинди.

Форум доирасида ТТАни Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси аъзолигига расман қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Лазиз Туйчиевга тантанали тақдим қилинди.

Маълумот учун: Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси 1979 йилда Европа тиббиёт мактаблари раҳбарлари уюшмаси сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда уюшма тиббий таълимни ривожлантиришдаги энг муҳим масалаларни ҳал қилиш учун Европадаги энг йирик олий тиббий таълим муассасаларидан биридир.

Шу билан бирга, Уюшма Европадаги бош аккредитация ташкилотлари билан биргаликда тиббий таълим дастурларининг сифати ва Европадаги олий таълим стандартлари ва Жаҳон тиббий таълим федерацияси стандартларига мувофиқлигини баҳолаш лойиҳаларини амалга оширади.

ТТАнинг нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланган “Европа тиббиёт мактаблари” уюшмасига аъзо бўлиши Ўзбекистондаги тиббиёт олий таълим муассасаларини халқаро миқиёсга кўтариш ва илғор халқаро стандартларга мувофиқ маҳаллий таълим дастурларининг сифатини ошириш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.

Тантанали тадбир давомида Литва соғлиқни сақлаш вазирининг форум иштирокчиларига расмий табриги ўқилди, Вильнюс университети ва Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти томонидан тақдимотлар қилинди, шунингдек, ТТА ўқув жараёнини кредит-модул тизимига ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини кредит-модул тизимига босқичма-босқич ўтказишга оид чоралар-тадбирлар кўзда тутилган.

Маълумот учун: Вильнюс Университети Европадаги энг катта ва  қадимий университетлардан биридир. У 1579 йилда ташкил этилган бўлиб, хозирги пайтда университет Европа Иттифоқида тиббий таълим ва илм фан бўйича етакчилардан бири бўлиб ҳисобланади. Вильнюс университети Болтиқбўйи давлатлари ичида биринчилардан бўлиб ўқув жараёнини кредит-модул тизимига муваффақиятли ўтказиб, ўқув дастурларини Европа стандартларига мослаштиргандир.

Форум якунида Тошкент тиббиёт академияси ва Вильнюс университети ўртасида тиббий таълим сифатини ошириш лойихаларини амалга ошириш учун асос бўладиган ҳамкорлик шартномаси тантанали тарзда имзоланди.

Литва делегациясининг ташрифи доирасида бир қатор қўшма ўқув тадбирлар, ТТА ва Вильнюс университети Илмий кенгашининг қўшма мажлиси ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ва унинг вилоятлардаги филиалларида талабалар билан учрашувлар, университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан маърузалар ва амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бундай ҳамкорликни амалга ошириш, тиббий таълим сифатини ҳар томонлама яхшилашга қаратилган биринчи амалий қадамлардан бири бўлиб, Тошкент тиббиёт академиясининг Европа тиббиёт мактаблари уюшмасига аъзо бўлиши эса Ўзбекистондаги барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг халқаро интеграцияси ва тиббий таълимни халқаро даражага олиб чиқишда амалий ёрдам беради.

 

Translate: Eng Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan