ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ РЕКТОРИНИНГ ТАБРИГИ

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК, АЗИЗ УСТОЗЛАР!

Азиз устозлар, муҳтарам ҳамкасблар!

Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-мураббийларнинг ўрни жуда муҳим.

Фидойи, заҳматкаш муаллим-ўқитувчилар ўз шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради. Турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган ўғил-қизларимизнинг муваффақиятлари замирида аввало, азиз устозларнинг заҳматли меҳнатлари мужассам.

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.

Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотларининг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан эришамиз, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Давлатимиз томонидан таълим-тарбия муассасаларига катта эътибор берилаётганлиги сабабли моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, муаллимлар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш, ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологияларини, янги ўқув методикаларини жорий этишга имконият яратилмоқда.

Тошкент тиббиёт академияси маъмурияти ва жамоаси номидан Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз!

 

 

Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Туйчиев

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Comment moderation is enabled. Your comment may take some time to appear.