Соғлиқни сақлаш соҳасида Британия технологияларидан фойдаланилади

Ўзбекистон Республикаси инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Crown Agents Limited компанияси (Буюк Британия) ўртасида тиббиёт секторида ҳамкорлик қилишга доир Англашув меморандуми имзоланди.
Миллий палата матбуот хизматининг хабар беришича, ҳужжат Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов ва Crown Agents Limited компаниясининг Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Ольга Сильвестрова томонидан имзоланган. Меморандум Ўзбекистон-Британия кенгашининг савдо ва саноат бўйича 24-йиғилиши доирасида имзоланди.
Тадбир доирасида томонлар Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш секторида Британия компанияси технологиялари асосидаги учувчи лойиҳани амалга оширишга доир келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Crown Agents Буюк Британияда 1838 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Компаниянинг блокчейн технологиясини қўлловчи рақамли платформаси товарлар, хусусан дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини истеъмолчигача етказиб бериш занжирини кузатиш имконини беради. Компания БАА ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида мазкур технологиялар қўлланувчи инновацион лойиҳани амалга оширган. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги туб ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, Crown Agents айни дамда бундай йўналишдаги лойиҳани Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш долзарб аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди.

Манба: kun.uz

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan