ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ТУЗИЛДИ

29 сентябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу муассаса ҳузурида Жамоатчилик кенгашини тузишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Унда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, вазирликнинг бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.

Мажлисда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари рўйхати Низом асосида шакллантирилди.

Низомга кўра, кенгаш ўз ишини жамоатчилик асосида олиб боради ва доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Жамоатчилик кенгаши вазирлик аппарати ҳузурида ташкил этилади ва унинг фаолияти вазирлик тасарруфидаги барча олий таълим муассасалари, марказ ва ташкилотларга тааллуқли бўлади.

Жамоатчилик кенгаши таркиби раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолардан иборат бўлиб, Кенгашнинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланади.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда олий таълим тизими иштирокчилари манфаатларини ҳимоя қилишда, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ҳуқуқларини муҳофаза этишда, соҳага оид давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқаришда вазирлик ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Йиғилишда Ш.Қудратхўжаев, М.Жалолов, У.Шарифхўжаев каби мутахассислар кенгаш фаолиятини самарали йўлга қўйиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Кенгашнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

Жамоатчилик кенгаши аъзолари яқин кунларда ҳудудларга чиқиб, тизимдаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан амалий ҳаракатларни бошлашга келишиб олди.

Мажлисда Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан Муҳаммаджон Қуронов – раис, Комилжон Каримов (Тошкент халқаро Вестминстер университети ректори) – раис ўринбосари, Фарҳод Бабашев (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари) – котиб этиб сайланди.

Манба: ЎзА

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan