Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди

Ҳужжат билан олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;
хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги низом;
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун ўкув адабиётларини яратишга қўйилган талаблар тасдиқланди.
Белгилаб қўйилишича:
олий таълим тизимини ўқув адабиётлари билан таъминлаш мавжуд бўлган зарур ўқув адабиётларини харид қилиш, янгиларини яратиш ва белгиланган тартибда нашр қилиш (фойдаланилаётган адабиётларни қайта нашр қилиш) ҳамда олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларига жойлаштириш йўли билан амалга оширилади;
ўқув адабиётларини харид қилиш ҳамда яратиш ва нашр қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш аниқ ҳисоб-китобларга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилади;
ўқув адабиётларини харид қилиш, яратиш ва нашр қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш вазифаси таянч олий таълим муассасалари томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича қуйидаги тартибда босқичма-босқич амалга оширилади:
таянч олий таълим муассасасида хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш бўйича ректор бошчилигида комиссия ташкил этилади. Комиссия таркибига ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорлар, тегишли факультет деканлари, кафедра мудирлари, ахборот-ресурс маркази раҳбари, олий таълим муассасасининг маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотларининг вакиллари ҳамда турдош олий таълим муассасалари мутахассислари киритилади;
комиссия томонидан муайян таълим йўналиши ёки мутахассислик ўқув режасига киритилган фанлар бўйича ўн кун муддатда профессор-ўқитувчилар таркибидан мутахассислар гуруҳлари белгиланади;
бир ой муддатда мутахассислар гуруҳлари мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда тегишли ўқув фанига оид замонавий, илғор назарий ва амалий билим, услубиёт, маълумот, илмий ва технологик янгиликларни ўз ичига олган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни излаб топади ва аниқлайди;
фанлар бўйича мутахассислар гуруҳлари аниқлаган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар ўн беш кун муддатда комиссия томонидан жамланади, умумий рўйхатга киритилади ва белгиланган талабларга жавоб бериши таҳлил қилинади, зарур ҳолларда умумий рўйхатга ўзгартиришлар киритилади ва ректор томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига белгиланган тартибда тақдим этилади;
Марказ таянч олий таълим муассасалари томонидан киритилган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатларини икки ой муддатда умумлаштиради, умумлаштирилган рўйхатда билим ва таълим соҳалари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг фанлари бўйича такрорланадиган хорижий адабиётларни аниқлайди, такрорланишларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда бартараф қилади, бир хил фанлар бўйича олий таълим муассасалари томонидан рўйхатга киритилган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда оптималлаштиради ва якуний умумлаштирилган рўйхатни хамда таянч олий таълим муассасаларидан Марказга тақдим этилган рўйхатларни белгиланган тартибда Вазирликка тақдим этади;

Вазирлик, Марказ томонидан тақдим этилган хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг умумлаштирилган рўйхатини икки ой муддатда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, олий таълим муассасаларида хориждан келтирилган ўқув ва илмий адабиётларни таржима қилиш, таҳрир қилиш ва экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашда қуйидаги маблағлардан фойдаланиш назарда тутилади:
олий таълим муассасасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари;
ҳомийлик хайриялари, грантлар, жумладан халқаро грантлари;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маблағлар.
Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича яратилиши зарур бўлган ўқув адабиётлари рўйхатини шакллантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
олий таълим муассасалари давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурларига мувофиқ яратилиши зарур бўлган ўқув адабиётларининг рўйхатини шакллантиради ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига киритади;
Марказ олий таълим муассасалари томонидан киритилган ўқув адабиётлари рўйхатларини ўқув режа ва фан дастурларига мослиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқади, билим ва таълим соҳалари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг фанлари бўйича такрорланадиган адабиётларни аниқлайди, такрорланишларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда бартараф қилади, бир хил фанлар бўйича олий таълим муассасалари томонидан рўйхатга киритилган турли ўқув адабиётларини тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда оптималлаштиради ва мақбул ҳолатга келтирилган ўқув адабиётларининг рўйхатларини тегишли олий таълим муассасаларига ўз тавсиялари билан юборади;
ўқув адабиётлари рўйхатларини шакллантирган олий таълим муассасаларининг ректорлари Марказ томонидан таҳлил қилинган тегишли ўқув адабиётлари рўйхатларини Вазирлик томонидан белгиланадиган ягона шаклдаги жадвал кўринишида ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва Марказга белгиланган тартибда тақдим этади.
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун ўқув адабиётларини яратишга қўйилган талабларга кўра, ўқув адабиётларини яратишда:
мамлакатда жорий этилган узлуксиз таълим тизимининг таълим турлари (ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим (бакалавриат, магистратура) ўртасидаги узвийлик ва узлуксизлик таъминланади ҳамда фанлар мавзуларининг асоссиз такрорланишига йўл қўйилмайди;
фанларда мавзулар изчиллигига, оддийдан мураккабга, хусусийдан умумийликка ўтиб бориш тамойилларига амал қилинади.
Яратилаётган ўқув адабиётларининг мазмуни таълим олиш, мустақил ва эркин фикрлаш, олинган билимларни босқичма-босқич бойитиш, мукаммаллаштириб бориш, мустақил таълим олиш, янги билимларни ўкув адабиётларидан излаб топиш кўникмаларини ўқувчи ва талабаларда шакллантиришга йўналтирилган бўлиши таъминланади.
Таълим турларининг хусусиятларидан ва нашр шаклидан қатъи назар, барча ўқув адабиётларига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилар:
муайян фаннинг моҳияти, мазмуни ва мавзуларини фан дастурида белгиланган ҳажмларда изчиллик билан ёритилиши, ўқув материалларининг мазкур фан орқали таълим олувчиларга берилиши зарур бўлган билим, малака ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тартибда тизимли баён қилиниши;
юқори даражада умумлаштирилган ва замонавий билимларга асосланган маълумотлар (қонунлар, айниятлар, таснифлар ва ҳоказо)дан ташкил топиши, иллюстрацияларга бой, замонавий кўргазмали тасвир ва бадиий-услубий жиҳатдан амалий фаолиятга қаратилган бўлиши;
билимларнинг мутлақлиги ва нисбийлигини ёрқин ифодалаши;
назарий ва амалий маълумотлар мақбул, пухта, равон, ижодий ва қизиқтирувчан шаклда ифода қилиниши, зарур ҳолларда фанга оид кенг қамровли мисол ва масалалар, узоқ ва яқин ўтмишдаги бой интеллектуал меросимиз намуналари билан бойитилиши;
жаҳон илм-фани, техника ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқларини инобатга олиши, унинг аҳамиятини ифодалаши, соҳа ва фанга оид миллий ва хорижий тажриба ва маълумотлар мантиқий бир тизимда баён этилиши;
асосий тушунча ва хулосаларнинг таърифлари ниҳоятда аниқ ва равшан ёзилиши, атамаларнинг умумийлигига эришилиши;
таълим-тарбия жараёнига ҳамкорлик педагогикаси ва ўқитишнинг интерфаол услубларини татбиқ қилишга кўмак бериши;
билимларни онгли равишда ўзлаштириш, қизиқиш уйғотиш ва мустақил фикрлашга йўналтира оладиган хусусиятларга эга бўлиши;
билим олувчиларнинг ёши, психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олиши, ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилиши, мустақил таълим олишга қизиқиш уйғотиши;
таълим олувчиларнинг билими, уқуви ва кўникмаларини назорат қилиш имкониятига эга бўлиши;
интеллектуал инсонпарварлик ғояларининг акс эттирилиши, инсоннинг табиат ва ижтимоий ҳаётда ўта масъулиятлилигини англатишга қаратилиши;
ватанпарварлик ҳисси, маънавий-ахлоқий сифатлар шакллантирилиши, таълим ва тарбия узвийлигини таъминлашга эътибор бериши.

ҚАРОРНИНГ ТЎЛИҚ МАТНИ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan