«ТЕЗ ЁРДАМ» ЧАҚИРИШНИНГ ҲАМ ЎЗ МАВРИДИ ВА МАДАНИЯТИ БОР

Мамлакатимизда шаклланган шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматининг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдаги ўрни ниҳоятда муҳим.
Пезидентимизнинг 2018 йил 25 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишда ишларнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илм-фан янгиликларини тиббиёт амалиётига кенг татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўн миллиондан зиёд мурожаат

Маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатимиз шошилинч тиббий ёрдам хизмати орқали аҳолининг 10 миллиондан кўпроқ мурожаатлари қондирилади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиаллари ҳамда бўлимларида икки юз минг нафардан кўпроқ беморга юқори технологияга асосланган энг мураккаб тиббий амалиётлар ўтказилади.

Кейинги икки йил ичида давлат бюджетидан соҳа учун қарийб 1500 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди.

Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатади. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини кузатсак, уларда 20-25 минг кишига битта махсус автотранспорт воситаси тўғри келади. Демак, бу жиҳатдан мамлакатимиз тиббиёти халқаро андозалар даражасига кўтарилди. Айни пайтда тез ёрдам автопаркини замонавийлаштириш ишлари тизимли давом этмоқда. 2021 йилгача «Дамас» автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андазалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади. 2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланган.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам 3 баробарга кўпайди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этарди.
Маълумки, юртимизда шошилинч ҳолатларда кечиктириб бўлмайдиган биринчи тиббий ёрдам илгари фақат давлат тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатилар эди. Эндиликда мулк шаклидан қатъий назар, хоҳ давлат, хоҳ хусусий тиббиёт муассасалари бўлсин, фуқароларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам аҳоли учун катта қулайликдир. Қолаверса, шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматлари тизимида сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар фаолият юритиши, «тез ёрдам» машиналари GPS-мосламалари билан жиҳозланиши халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда.

Кечикиш сабаблари нимада?

Шошилинч тиббий ёрдам тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар муайян натижаларни бераётгани, бу аҳолининг барча қатламига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш қамровини кенгайтираётгани қувонарли ҳол. Бироқ, ҳали соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, «тез ёрдам»нинг чақириқ жойига кечикиб бориш ҳолатлари учраб туради.

Хўш, давлат томонидан барча замонавий шароитлар яратилаётган, «тез ёрдам» хизмати автотранспорт таъминоти борасида ривож¬ланган давлатлар кўрсаткичидан ҳам юқори даражага кўтарилган бўлса, нега яна бундай муаммо кун тартибига кўтарилмоқда, деган савол туғилиши табиий. Мавжуд ҳолат ўрганилганда, асоссиз ва ёлғон чақириқлар, «тез ёрдам» машиналарига йўл бермаслик ёки кўчалар, хонадонларга кириш йўлларининг тўсиб қўйилгани «тез ёрдам» хизмати сифатига жиддий тўғаноқ бўлаётгани аниқланди. Зеро, тез тиббий ёрдам хизматида вақт энг қадрли мезон ҳисобланиб, ҳар бир дақиқа, ҳатто сония ҳам бемор учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Қанча вақт белгиланган?

– Тез тиббий ёрдамга тушган чақириқлар устуворлик бўйича икки гуруҳга ажратилади, – дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслонов. – Беморнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф соладиган жароҳатлар ва касалликлар, яъни, йўл-транспорт ҳодисалари, баландликдан йиқилиш, фавқулодда ҳолатлар, беморнинг ҳушдан кетиши, турли шок ҳолатлари, профуз қон кетиши, туғруқ, терининг термик куйиши ёки совуқ уриши, беморнинг кимёвий моддалар ёки дори воситаларидан ўткир заҳарланиши, ток уриши шошилинч ҳолатлар ҳисобланиб, бундай чақириқларга 20 дақиқадан кечикмай етиб бориш зарур.

Маълум бўлишича, иккинчи тоифага шошилинч бўлмаган, бироқ тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган чақириқлар киради. Беморнинг юрак ритми бузилиши (аритмия), астма хуружи, ҳаракат фаолиятининг тўсатдан бузилиши, ўрта ва енгил тан жароҳатлари, аллергия, бош оғриғи, қорин, кўкрак қафасидаги оғриқлар, психиканинг ўткир бузилиши, буйрак хуружи, қусиш, тошма, юқори иситма (перорал дори воситалари қўлланилганда ҳам иситма тушмаса), ўткир пешоб ажралмаслиги ҳолатлари бўй謬ча «тез ёрдам» чақирилганда, 30 дақиқа ичида етиб бориб тиббий ёрдам кўрсатиш лозим.

Асоссиз чақириқлар

– Бугунги кунда «тез ёрдам»га тушаётган чақириқларнинг 30-40 фоизи бу тоифаларнинг ҳеч бирига тўғри келмайдиган асоссиз чақириқлардир, – дея сўзида давом этади Илҳом Аслонов. – Аксарият ҳолатларда у ёки бу сурункали касаллиги бор беморлар гоҳ қон босимини ўлчатиш, гоҳида қайсидир уколни қилдириш учун ҳам «тез ёрдам»ни чақираверади. Йилига минг маротабадан кўп мурожаат қилган шундай беморлар ҳам бор. Аслида, улар оилавий полик¬линикаси ёки қишлоқ врачлик пунктига мурожаат этиб, умумий амалиёт шифокори тавсия¬¬си асосида муолажаларни узлуксиз тарзда тўғри олиб борса, аввало, ўз соғлиғи учун фойдали.

Республика бўйича чақириқларнинг атиги 15 фоизи госпитализация қилиниши, яъни бемор шифохонага олиб кетилиши, 85 фоизига эса жойида хизмат кўрсатилиши ҳам «тез ёрдам» чақирадиганларнинг аксарияти аслида тез ёрдамга муҳтож эмаслигини англатади. Агар халқаро тажрибага назар солсак, масалан, Европада чақириқларнинг 85 фоизида госпитализация қилинади.
Ёлғон қўнғироқлар ҳам учраб туради. Бундай вазият оддий чақириқдан кўра кўпроқ вақт олади, шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам банд бўлиб қолади. Бундай вазиятда шу атрофда яшайдиганларни куннинг қайси маҳали бўлишидан қатъий назар, безовта қилиб, сўраб-суриштириб, бундай манзил ҳақиқатда мавжуд эмаслигини тасдиқлатиш керак бўлади.

«Тез ёрдам»га йўл бўшатиш ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолардан бири. Тараққий этган хорижий давлатларда йўлларда «тез ёрдам» машиналари учун алоҳида йўлаклар барпо этилган. Бу йўллар доимо очиқ туради. Шу билан бирга, «тез ёрдам»га йўл бўшатиб бериш бўйича ҳайдовчиларда масъулият ҳам, маданият ҳам юқори.

Мамлакатимизда кейинги йилларда бунёдкорлик ишлари жараёнида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Аммо қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина. Чунки, йўлларимизда «тез ёрдам» машинасига йўл бермаслик ҳолатлари тез-тез учрайди. Қачонки, машина чақирув сигналини ёқсагина, йўл бўшатилиши мумкин. Чақирув сигналига парво қилмайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Ҳолбуки, бу ҳаётда ҳеч бир инсон тасодифий бахтсиз ҳодисалардан, соғлиғи билан боғлиқ муаммо юз беришидан кафолатланмаган. Шундай экан, ўзининг ва ўзгаларнинг соғлиғи учун ҳамиша эътиборли ва масъулиятли бўлиш инсонийликнинг муҳим қоидасидир.

Саломатликни ҳимоялаш кучаяди

Барчамизга яхши маълумки, тиббиёти тараққий этган аксарият мамлакатларда аҳолига тез ва шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш тизимида ҳам пулли хизмат ёки тиббий суғуртадан фойдаланилади. Мамлакатимизда эса бу хизмат давлат томонидан молиялаштирилади. Ҳар бир чақириқ нархи давлатга 75-80 минг сўмга тушади. Кейинги йилларда бу хизматни молиялаштириш ҳажми ортиб бормоқда. Соҳа ривожига келгуси 3 йил давомида 604,2 миллиард сўм йўналтирилиши, шу билан бирга, 2020 йилдан эътиборан тез тиббий ёрдам хизмати авиация техникаси билан ҳам таъминланиши кўзда тутилаётир.
Бундан ташқари, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, парамедиклар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Қолаверса, «тез ёрдам» хизмати ва тиббиётнинг бирламчи тиббий-санитария муассасалари ўртасида интеграцияни кучайтириш ва мувофиқлаштириш ҳам доимий эътиборда. Кейинги йилларда бир қатор қишлоқ оилавий поликлиникаларида «тез ёрдам» шохобчалари очилди. Албатта, ана шундай муҳим ислоҳотлардан мақсад, аввало, халқимизнинг манфаатларини муҳофазалаш, саломатлигини ҳимоялашдир.

Барчанинг бурчи бор

Миллий маънавиятимизни асло камситмаган ҳолда чет элликлардан ҳам ибрат оладиган баъзи жиҳатларга эътиборингизни қаратишни истардим. Хорижликлар «тез ёрдам»га мурожаат қилар экан, операторнинг беморнинг аҳволи бўйича сўраган ҳар бир саволига аниқ-тиниқ жавоб беришга ҳаракат қилади. Масалан, беморнинг ҳаётий кўрсаткичлари – тана ҳарорати, қон босими, томир уриши ва бошқа маълумотларни беришга ҳаракат қилади. Бу ҳол, аввало, бемор учун ўта фойдали. Чунки, шошилинч вазиятларда ҳар бир лаҳза ғанимат. Ўз вақтида, тўғри ёндашув асосида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўп ҳолларда бемор тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Бизда-чи? Оператор беморнинг яқинидан беморнинг аҳволи ҳақида сўраса, «мен қаердан биламан, тезроқ етиб кел», дея дағдаға қилишдан қайтмайдиганлар ҳам бор. Баъзилар эса «тез ёрдам»ни ташвишга қўйганидан ийманибгина «беморимизнинг бироз тоблари қочди», дея мурожаат қилади. Аслида, вазият анча жиддий бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам юртимизда ижтимоий адолат принципи устувор. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди. Шу боис, «тез ёрдам» ҳамиша хизматингизга ҳозир. Фақат бу хизматдан фойдаланар эканмиз, давлатимиз бу борада яратиб бераётган имкониятларга жавобан масъулиятли, эътиборли бўлсак кифоя.

Манба: minzdrav.uz

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan