ЮРТ БАЙРОҒИ – ХАЛҚ БИРДАМЛИГИ

Тошкент тиббиёт академиясининг барча профессор ўқитувчиларини, ишчи ходимларини уларнинг оила аъзоларини, талабаларимизни  Ўзбекистон Республикаси байроғи қабул қилинган куннинг

 29 йиллиги билан чин қалбдан муборакбод этамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Мустақил юртимиз, Озод ва обод Ватанимиз – Ўзбекистоннинг байроғи бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.  Маълумки, давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

Давлатимиз байроғи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ва республикамизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида акс эттиради.

Ер юзидаги икки юздан ортиқ давлатларнинг ҳар бирининг ўз  байроғи бор. Ҳар бир байроқ ўзига хос  ранг, тасвир ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига  юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.

Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар.

Байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабардир.

Маълумки, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши  жуда хосиятсиз саналган.  Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолатдир.

Ватанимиз байроғи тарихнинг халқимиз бошига мусибат тушган даврлари – ўтган аср бошларини беихтиёт ёдимизга солади. Ўша кунлар хотираси халқимиз қалбида кетмас доғ бўлиб қолди. Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди… Миллат фидойилари «халқ душмани», «қулоқ», «сотқин» деган қора номлар билан таъқиб остига олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди – улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди.

Мустақил Ўзбекистонимиз байроғи 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида  мағрур ҳилпиради. Мана, 29 йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Байроғимиз дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз биноларида, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмалари ва спорт мусобақаларида, давлат идора ва ташкилотларида, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади. Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.

Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир.

Мустақил Ўзбекистонимиз байроғи  мустақиллик ва миллийликни, сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда республикамизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиргандир. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг навқиронлиги акс этган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ватанимиз байроғи худди она Ватан каби азиз ва муқаддасдир. Уларда халқ тарихи, бугуни ва келажаги ўз ифодасини топган. Байроғимиз миллий ғурур, фидоийлик ва ватанпарварликни шакллантиришдаги энг муҳим воситадир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan