Ўзбекистон ва Германия илм-фан, тиббиёт ва кадрлар салоҳиятини оширишда ҳамкорлик қилади (+видео)…

Ўзбекистон ва Германия илм-фан, тиббиёт ва кадрлар салоҳиятини оширишда ҳамкорлик қилади (+видео)

Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга, Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлган эди.

Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга ташрифи чоғида кўплаб соҳалар қаторида тиббиёт, хусусан, онкология йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу борадаги қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

Тошкент вилоятида амалга оширилаётган Германия онкология клиникаси лойиҳаси улардан биридир. Мазкур лойиҳа Германиянинг «OPASCA German Oncology Solutions GmbH» компанияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад замонавий онкологик даволашнинг барча йўналишлари, яъни жарроҳлик, кимёвий ва иммун даволаш, томографиянинг бутун диапазонини қўллаган ҳолда юқори технологик ташхислаш, ядро тиббиёти имкониятлари, гистология ва иммунногистокимё, шунингдек, реабилитация соҳалари бўйича чора-тадбирларни ўзида қамраб олишга қаратилган. Шу билан бирга, ушбу соҳада кадрлар малакасини ошириш ҳамда мутахассисларни Германияда ўқитиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йил 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркель билан ўтказилган видеоанжуман шаклидаги музокара ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, тиббиёт каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда янада аҳамиятлидир.

Жорий йил 10-17 март кунлари Германия ва Австрия делегацияси мамлакатимизда бўлди. Ушбу ташриф доирасида делегация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш ва Инновацион ривожланиш вазирликлари, Тошкент тиббиёт академиясида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳа ва режалар хусусида фикр алмашди.

– “OPASCA German Oncology Solutions GmbH» компанияси соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритади, – деди мазкур компания бош директори Алексей Свердлов. – Компания клиникаларнинг кундалик иш жараёнларини бошқариш ва оптималлаштириш бўйича Германия бозорида етакчи ҳисобланади. Биз Германиядаги кўплаб университет ва клиникалар билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Клиникаларни тиббий даволаш ва хизматларни самарали ташкил этишига ёрдам берамиз. Делегациясимизнинг Ўзбекистонга ташрифи уч ярим йилдан зиёд амалдаги ҳамкорлик билан боғлиқ. Бу жараёнда ишлар тиббий тажриба ва стандартларни мамлакатингиз соғлиқни сақлаш соҳасига етказишга қаратилган. Биз нафақат истиқболдаги лойиҳалар бўйича, балки Ўзбекистондаги шерикларимиз билан ҳамкорлигимизни сарҳисоб қилишни лозим, деб биламиз. Биз тиббий кадрлар ва етук мутахассисларни ўқитиш бўйича лойиҳаларни йўлга қўйдик. Лойиҳалар бўйича ўқиётган мутахассислар Ўзбекистонда ишлаш учун Германиядаги клиникаларда амалиёт ўтаб, тажриба тўпламоқда. Тиббиёт соҳасида ҳамкорлигимиз самарали бўлмоқда. Мақсадимиз ўзбекистонликлар ҳам Германиядаги даволаш усулларидан фойдалана олишга шароит яратишга қаратилган. Ўзбекистонда бу натижага эришиш осон эмас. Бино қуриб, асбоб-ускуна ўрнатиш билан иш битмайди. Бунинг учун катта тажриба ҳам керак. Шу боис, амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурларни кенгайтириш ниятидамиз. Делегациямиз таркибида Германиянинг етакчи онкологи, профессор Фредерик Венц ҳам бор. У уч йилдирки, онкология соҳасидаги турли дастурларни мувофиқлаштириб келмоқда. Шу орқали Ўзбекистонда ушбу соҳа ривожига ҳисса қўшмоқда.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Германия тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда протон терапияси, радионуклид диагностикаси ва терапияси, онкологияда генетик диагностика ва рақамлаштириш ҳамда инвестицияларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Фрайбург университети клиникаси бош директори Фредерик Венцнинг таъкидлашича, мазкур университет клиникасида илмий йўналишга алоҳида эътибор қаратилади ва клиника учун илмни ривожлантириш бўйича давлат томонидан катта маблағ ажратилади. Бунда асосан неврология, кардиология ва онкология йўналишлари ривожига урғу берилади.

Таъкидлаш керакки, бундай ҳамкорлик нафақат икки давлат, балки бошқа хориж давлатлари ўртасида тиббиёт соҳасида тажриба алмашиш имкониятларини яратмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “OPASCA German Oncology Solutions GmbH“ компанияси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уч йилдан буён Марказий Осиё радиоонкология конгресси ўтказиб келинмоқда. Унда саратон касаллигига қарши курашда самарали натижаларга эришиш учун клиник амалиётдаги илғор илмий ютуқлар ва мукаммал тиббий технологияларни бирлаштириш, одамлар ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш учун барча халқаро тажрибаларни синтез қилиш масалалари муҳокама марказида бўлмоқда.

Масалан, Марказий Осиё радиоонкология конгресси иштирокчилари, онколог ва радиологлари платформаси йилдан-йилга кенгаймоқда. 2020 йилда ўтказилган конгресс иштирокчилари сафига яна Aвстралия, Aвстрия, Озарбайжон, Хитой, Мўғулистон, Нидерландия, Польша, Корея Республикаси, Чехия ва Жанубий Aфрика каби мамлакатлар вакиллари ҳам қўшилгани янада қувонарлидир.

Аҳамиятли жиҳати, 2018 йил ўтказилган I Марказий Осиё радиоонкология конгрессида раислик қилган немис олими Фредерик Венц онкология соҳасидаги ўзбек-немис илмий алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори» унвонига сазовор бўлган эди.

Ташриф доирасида делегацияси аъзолари Тошкент тиббиёт академиясида ҳам бўлди. Тор доирада ўтказилган учрашувда академия ректори Алишер Шодмонов, Фрайбург университети клиникаси бош директори Фредерик Венц тиббиёт, хусусан, онкология соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш хусусида сўз юритди.

Учрашув якунида Алишер Шодмонов немис олими Фредерик Венцга онкология соҳасидаги ўзбек-немис илмий алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори» унвонини топширди.

– Аввало, шундай унвонга муносиб кўрганганингиз учун катта раҳмат, – деди Фредерик Венц. – Ўзбекистон Германия учун муҳим шерик ҳисобланади. Биз мамлакатингиз билан ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз. Ўзаро алоқаларни яхшилаб, илм-фанга ёш кадрлар билан ёндашиб, Ўзбекистон халқига зарур маълумот ва билимларни етказиш йўлида Тошкент тиббиёт академияси каби ҳамкор борлиги жуда муҳимдир. Биз онкологик ва радиоонкологик касалликларга чалинган инсонларни даволаш натижаларини яхшиламоқчимиз. Бунга одамларни тиббиёт имкониятларидан хабардор қилиш, беморларни рақамлаштирилган ва автоматлаштирилган усулда даволаш орқали эришмоқчимиз.

Бундай ҳамкорликлардан ягона мақсад шуки, мамлакатимиз тиббиётини жаҳон талаблари даражасига кўтаришдир. Айниқса, бу жараёнда онкология ва радиоонкология соҳасини халқаро тажрибалар асосида ривожлантириш, замонавий даволаш ва тиббий хизмат кўрсатишда энг илғор техногияларни амалиётга татбиқ этиб, онкологик касалликлардан азият чекаётган беморлар дардига шифо топишдир. Бу борада Германия каби илғор мамлакатлар имкониятидан фойдаланиш соҳадаги муаммолар ечимига хизмат қилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan