ТТА профессор-ўқитувчилари томонидан Сирдарё вилоятида «Соғлиқни сақлашда менежмент ва давлат тиббий суғуртаси асослари» номли ўқув курслари олиб борилди

Тошкент тиббиёт академияси ва Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази профессор-ўқитувчилари томонидан Сирдарё вилоятида «Соғлиқни сақлашда менежмент ва давлат тиббий суғуртаси асослари» номли ўқув курслари ташкил этилди. 

Сирдарё вилоятидаги 20 нафар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман/шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари республикамизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб мазмунини англаб, белгиланган вазифаларни жойларда юқори даражада ижро этиш бўйича ўз билим ва маҳоратларини кенгайтирдилар.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон соғлиғини сақлаш тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва соҳа жадаллик билан ривожланмоқда. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш ва босқичма босқич Республиканинг бошқа ҳудудларида тиббий суғурта тизимига ўтиш вазифаси турибди.

Мазкур ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги №ПҚ-4890 «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғурта механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ва 2020 йил 12 ноябрдаги №ПФ-6110 «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ташкил этилди ва 15-25 март кунлари бўлиб ўтди.

Тошкент тиббиёт академияси томонидан Жамоат соғлиғини сақлаш мактаби профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув дастур ишлаб чиқилиб, соҳа мутахассислари малакасини оширишда тренер сифатида бевосита қатнашиб, ўқув курси якунида 36 соатлик ўқув материалларини ўзлаштирган барча иштирокчиларга сертификатлар тақдим қилинди.

   

Translate: Eng Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan