УСТОЗИМНИ ЭСЛАБ…

Таниқли фан арбоби, гигиенист, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдужаббор Сатторович Бобожонов… 

Беназир ижодкор, оташнафас шоир, эрк куйчиси Усмон Носирнинг ушбу мисраларини ўқиганимда беихтиёр кўз ўнгимда устозимнинг отам сингари нуроний чеҳраси гавдаланади. Ҳар сафар мен унинг ёрқин хотирасини ёдга олганимда  қалбим таскин топиб, кўнглим ёришади.

 1951 йил 21 август. Ўзбек зиёли оиласида ўғил фарзанд туғилди.

Орадан йиллар ўтди… шу ўзбек йигитининг билимга чанқоқлиги, ўқиб ишланишдан, сўраб ўрганишдан, одамларга яхшилик қилиб мазмун топа олгани боис Ўзбекистон зиёлилари энциклопедияси саҳифасига яна бир ватандошимизнинг муборак номи битилди.

ФАН АРБОБИ, ГИГИЕНИСТ, ТИББИЁТ ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР АБДУЖАББОР САТТОРОВИЧ БОБОЖОНОВ…

Инсоннинг бу ёруғ дунёдаги қадр қиммати аввало ўз чекига тушган вазифани садоқат билан адо этишида. Ортидан гуркираган боғлар мерос бўлиб қолишини истаган миришкор боғбоннинг машаққатли меҳнатлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз. Қақраб ётган ерларда, чўлу биёбонларда кўрган кўзларни яшнатадиган жаннатмакон боғлар барпо этиш осон эмаслигиничи….

Нозиккина навниҳолни меҳр билан парвариш қилиб, улкан дарахт холига етгунича шамолу, бўронлардан асраш, бор меҳрини бериб, мевасидан одамларларни баҳраманд этишдек машаққатлар ортида шарафли мукофот бўларкан. Мен ҳар сафар севимли касбим ортидан иззат икром топиб, кимнингдир чинаккам миннатдорлик сўзларини эшитганимда беихтиёр мени навниҳол пайтимдан ардоқлаб тарбиялаган, вояга етказган, йўлимда учраган машаққатларни енгиб ўтишимда улкан қоя мисол кўксини тутиб бера олган отам ва устозим ҳақида ўйлайман. Ич-ичимдан уларнинг менга берган чексиз ва беғараз сабоқларига раҳматлар айтиб,беминнат меҳнатлари қашисида бош эгаман.

Устоз отанг каби улуғ деган сўз мағзини ёшим улғая боргани сингари теран англаб етяпман.

 

Бугун отамдай азизим, тўплаган илми меҳри янглиғҳамон қалбларни ёритиб турган УСТОЗИМ таниқли фан арбоби, гигиенист, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдужаббор Сатторович Бобожоновнинг порлоқ хотирасини яна ёдга олдим.

 

    Илмий фаолияти…

 

С. Бабаджанов 1974 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлагач, 1983 йилга қадар ўз фаолиятини врач-анестизиолог мутахассислиги бўйича Тошкент вилояти онкологик диспансерида олиб борди. Иш фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ, ўз олдига тиббиёт фанига янгилик олиб киришдек, катта мақсадларни қўйди.

1978 йилда ҳимоя қилинган  «Влияние операционной травмы на некоторые показатели жирового, углеводного и белкового обмена у больных раком желудка и толстой кишки» мавзусидаги  номзодлик диссертацияси тиббиёт фанига янги, теран фикрли ёш олим дадил қадамлар билан кириб келганига кичик бир ишора эди.  1983 йилда олим ўзининг илмий меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ССВ Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институтида катта илмий ходим лавозимида давом эттирди. Вазирликдаги масъулиятли ишларнинг кўлами қанчалик кенг бўлишига қарамай устозим аҳоли саломатлиги ҳимоясига бағишланган  илмий изланишларни ҳам давом эттиришдан бир қадам ортга чекинмади.  Амалиёт билан илмий изланишлар   самараси Унинг 1988 йилда  «Состояние и прогноз здоровья населения Среднеазиатского региона в связи с факторами окружающей среды» мавзусидаги докторлик диссертациясининг  ҳимоя қилинишига сабаб бўлди.

1991 йил. Тошкент Давлат тиббиёт институти, Тошкент Давлат биринчи тиббиёт институти ҳамда Тошкент Давлат иккинчи тиббиёт институтларига бўлинди. Абдужаббор Саттарович Бабаджанов ўша йилдан бошлаб  Тошкент Давлат биринчи тиббиёт институти «Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш» кафедрасига профессор раҳбар этиб тайинланди. Энди унинг зиммасида ўз меҳнат фаолиятида тўпланиб бораётган  илмий педагогик ишларни амалиётга тадбиқ этиш вазифаси турарди.

Устозимнинг 1991-2004 йиллардаги иш фаолияти айниқса сермаҳсул бўлди.  Бу давр орлиғида У   6 та докторлик ва 18 та номзодлик диссертацияларига раҳбарлик қилди. Гигиена, жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш бўйича 150 дан ортиқ илмий, ўқув-услубий ишлар, шу жумладан, 3 та монография муаллифига айланди.  Қатор йиллар давомида Биринчи ТошДавТИ илмий котиби, ОАК эксперти, «Гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш» мутахассислиги бўйича Ихтисослашган илмий кенгаш аъзоси  сифатида  фаолият юритди.

Бугун тиббиёт илми кун сайин илгарилаб, замонавий қиёфа касб этиб бормоқда. Мен фаолият олиб бораётган кафедрада сўнги икки уч йилнинг ўзида қачалаб янги лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилди. Устозим бир пайтлар башорат қилганидек:

Назарий билимларни экспериментал тадқиқотлар, антропометрик текширувлар, анимацион-виртуал усуллар билан олиб бориш анъанаси ўқув жараёнига тадбиқ этилмоқда. Маърузалар 100% тақдимот  шаклига ўтказилиб, амалиёт дарслари тўлақонли лаборатор ёки анимацион дастур билан бойитилди. Илмий тадқиқотлар олиб бориш жараёнлари тезлашди.

Шулар ҳақида ўйласам , тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдужаббор Сатторович Бобожоновнинг моҳир педагог сифатида элга машҳур инсон бўлиб танилганида ҳикмат кўраман. Унинг мисқоллаб йиққан илми бугунги замонавий тиббиёт асосларида ҳам худди кечагидек, керакли ва долзарб мавзу бўлиб қолаётганидан, таскин топаман. Илмнинг сўнмас машъала эканлигига тан бераман. Устозим шундай инсон эдилар. Ўз илмига бўлган чуқур ҳурмати, яратувчанликка интилиши шунингдек, илм истаган шогирднинг мақсадларига ҳайриҳоҳлик…

Мен бу камтарин илм фидоийси билан маълум муддат бир жамоада фаолият олиб бориб, унинг ибратли ҳаётий сабоқлари ва илмий тафаккури маҳсули бўлмиш ўгит ва насиҳатларидан баҳраманд бўлган бахтиёр  шогирдман.

Ҳар сафар аудиторияга кириб талабалар билан юзма-юз бўлганимда устозимга ўхшаб боришга ҳаракат қиламан. Кошкийди ўтаётган дарс сабоқларим худди уники сингари таъсирли чиқса, кошки бугунги қисқа илмий музокаралар шогирдларим ёдида бир умр муҳрланиб қолсайди. Ишонинг, бу истак бир менинг эмас, илмини келажак авлодга мерос қилиб қолдиришни истаган ҳар бир ўқитувчининг қалб истагидир.

Устозим Абдужаббор Сатторович Бобожоновнинг муборак номи нафақат тиббиёт жамоатчилиги балки, кўплаб бошқа соҳаларда ҳам маълум ва машҳурлик чўққисига кўтарилганлигининг сабаби, У мураббийликни, устозликни  тор доирада эмас, кенг кўламда бутун инсониятга нафи тегиши зарур бўлган катта ва муҳим иш деб биларди.

Олим одамнинг вазифаси атрофга бирдай зиё тарқата олишида деб ҳисобларди.

Айниқса, одамларни бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чақириш ҳар қандай илм кишиси учун фарз бўлиши тўғрисида кўп гапирардилар. Сира ёдимдан чиқмайди. Бир кун устозим ҳаммани бир жойга жамлаб шундай дедилар: “-анчадан буён сизларга бир гапни айтиб қўйишни фурсатини кутиб тургандим, ўша фурсат мана бугун экан. Яхшилаб қулоқ солинг. Биз бир жамоада ишлаймиз. Демак, бир оила вакилларидай аҳил, иноқ ва ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Ҳамжиҳатлик қачон мустаҳкамланади. Одамни кўзи-кўзига тушиб, бир даврада ўтирса, ўзи яхши кўрган нарсани бир-бировига илинса шунда меҳр пайдо бўлади. Илмнинг кучи ҳам шунда, ҳамжиҳатликда. Бугундан кейин бир пиёла чой бўлса ҳам  бир дастурхон атрофида бир-биримизга илинайлик, ахир “меҳр кўзда” дейдилар…”

Биз ҳаммамиз устозимнинг бу ўгитларига жим ўтириб қулоқ солардик. Мана бугун Устозим гарчан орамизда бўлмасаларда, у инсоннинг содда бироқ, замирида чуқур фалсафа яшринган яхши ҳислатлари, намунали ҳулки  илмий –педогогик фаолиятимизнинг асоси бўлиб қолди. Устозимиздан мерос бўлиб ўтган ҳамжиҳатлик кайфияти бугун кафедрамизда  бир дастурхон атрофида ўтириб, тушлик қилишгина эмас, балки илмий жараёнлардаги қизғин фаолиятимизга турки бўлаётган бирдамлигимиз, устоз шогирд муносабатларига асосланган янгича иш услубимизга ҳам кўчган. Кафедрамизда профессор ўқитувчиларидан тортиб, тингловчи талабаларимизгача бир-биримиздан ибрат олиб, билмаганимизни сўраб, йиқилганни суяб қўйишдек соғлом муҳит ҳукмрон. Кафедрамиз олимларининг илғор педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, аждодларимиз услубига мурожаат қилиб олиб бораётган ишлари ўқув жараёнида ижобий самара беряпти. Аҳиллик ва ҳамжиҳатликка асосланган фаолиятимиз сабаб талаба ёшларлардаги интелектуал салоҳият юзага чиқарилиб, уларнинг қатор инновацион ғоялари нуфузли илмий анжуманларда эътироф этилмоқда.

Инсонни ҳаракатга келтирадиган ҳар қандай яхши ташаббус ва йилт этган янги ғояни интелектуал маҳсулотга қиёслайман. Бу эса илмни ҳаракат келтириш дегани. Тафаккуринггда пайдо бўлган яхши ғояларни инсонлар манфаати йўлида ишлата олиш учун тиним билмай меҳнат қилиш демакдир.

Профессор Бобожонов ўзининг сермазмун илмий-амалий изланишларини жамоат саломатлитги, тиббиёт тарихи, валеология, маркетинг ва менеджмент  йўналишларига бағишлаган олим эди.

Устозим қаерда, қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар одамлар ичида бўлиб, жамоат ишларида фаоллик кўрсатишни ўзининг бурчи деб биларди. Ҳатто соғлиқни сақлаш вазирлигида масъулиятли лавозимларда ишлаб юрган пайтларида ҳам тиғиз иш жараёнидан ортиб “Саломатлик 2 лойиҳаси консультанти сифатида аҳолига энг биринчилардан бўлиб  касалликларннг олдини олиш ва профилактикаси борасида қимматли маслаҳатларини берарди. Ташаббусли ҳаракатларни талабалар билан амалга оширишни тажриба алмашишнинг энг қулай усули деб биларди.

Шунинг учун доим ўзи билан бирга шогирдларини олиб юришни яхши кўрарди. Биз шогирдлар устозимнинг ҳар бир хатти харакатидан сабоқ чиқаришга, унинг амалиёт пайтидаги ноанъанавий иш услубини ўзлаштириб олишга ҳаракат қилардик. Устозим илмда ота мерос қадриятларнинг ўрнини юқори баҳоларди. Кўпинча биз шогирдларга ўз отаси ва устозларидан ўрганган яхши ҳаётий тажрибаларини гапириб беришни ҳуш кўрардилар. Устозимнинг одамлар билан самимий суҳбатлари, катта нуфузли конференция ва мажлислардаги маърузаларини тинглаган инсон беихтиёр унинг   нотиқлиқ санъатини пуҳта эгаллаган маданиятли инсон, маърифатли педогок эканлигига тан берарди.

Ҳа профессор Абдужаббор Сатторович Бобожонов шундай инсон эди.

Ўзидан гуркираган боғлар қолдириб, бизни ҳамиша ҳамжиҳатликка чорлаган   илм боғининг миришкор боғбонига бир умр   чуқур таъзимдамиз.

Боғингизда бош эгиб бодом,сабрингизни солади ёдга

Бўшаб колган кичкина айвон,шайланади фарёдга додга

Том ортида муйсафид ёнгок,хансирайди ололмай нафас

Салом берсам индамас суръат,назаримда жонланар бирпас

Йўллар босиб келдингми болам,омонмисан кўзим қораси

Кўз ёшларинг артиб кўяйми, ҳар томчиси дилим яраси

“Ота”гинам паноҳим менинг, жимлик аро йўкотган тахтим

Бирок менга беради таскин, сиздан мерос шогирдлик  бахтим…

ТТА “жамоат саломатлиги, соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаббат Муяссарова 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan