Фтизиатрия ва пульмонология ёрдами тизими янада такомиллашмоқда…

Фтизиатрия ва пульмонология ёрдами тизими янада такомиллашмоқда

Сир эмас, узоқ йиллар давомида тиббиёт соҳасида қатор муаммолар тўпланиб қолган эди. Шу боис, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соҳада туб ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Хусусан, фтизиатрия ва пульмонология хизматларининг етарли даражада интеграциялашмаганлиги респиратор касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволашда замонавий усулларни самарали татбиқ этишга имкон бермаётган эди.

Фтизиатрия ва пульмонология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими замон талабларига жавоб бермай қолган. Бунинг натижасида, айниқса, ҳудудий муассасаларда фтизиохирург, фтизиоуролог, фтизиоортопед, фтизиоофтальмолог, фтизиогинеколог, фтизиопедиатр ҳамда пульмонолог каби малакали мутахассисларга катта эҳтиёж туғилган эди.

Бундан ташқари, фтизиатрия муассасаларининг моддий-техник базаси ночор, тиббий жиҳоз ва техникалар тақчиллиги сабабли сил касалига чалинган беморларга ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда талай муаммолар юзага келган эди. Шу боис, Президентимиз 2019 йил 13 февралда “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Ушбу қарор ижроси натижасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сил инфекциясидан ҳимояланиш, сил ва ўпка носпецифик касалликлари тарқалишининг олдини олиш, барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини сақлаб туриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, сил ва ўпка носпецифик касалликларини профилактика қилиш, унга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашга йўналтирилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиришга катта эътибор қаратилди.

2019-2021 йилларда сил ва ўпка носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш ва Ташқи ишлар вазирликлари билан биргаликда хорижий давлатлар, халқаро молия институтлари имтиёзли кредитлари (қарзлари), грантлари ушбу қарорда тасдиқланган дастур ижросига йўналтирилди.

2019 йил Тошкент тиббиёт академиясида фтизиатрия ва пульмонология кафедраси ташкил этилди. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб илк маротаба давлат гранти асосида пульмонология мутахассислиги бўйича 3 та магистр ва 1 та клиник ординатор қабул қилинди.

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг барча ҳудудий филиалларида пульмонология бўлимлари ташкил этилиб, улар юқори малакали мутахассис пульмонолог ва замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди.

Тошкент тиббиёт академиясида фтизиатрия ва пульмонология мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни тайёрлаш фақат давлат грантлари асосида амалга оширилмоқда. Айни пайтда пульмонлогия кафедрасида 5 нафар магистр, 4 нафар клиник ординатор таҳсил оляпти.

Мухтасар айтганда, Президент қарори мамлакатимизда фтизиатрия ва пульмонология соҳасини ривожлантириш, мавжуд муаммоларга ечим топишда ҳуқуқий асос вазифасини ўтяпти.

Гулчеҳра Мирзаева,

Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan