Сеулда Тошкент тиббиёт академиясининг ваколатхонаси очилди

Жанубий Корея пойтахти – Сеул шаҳрида Тошкент тиббиёт академияси (ТТА) ўзининг расмий ваколатхонасини очди.

Ваколатхонанинг очилиш маросимида Тошкент тиббиёт академияси вакиллари, академиянинг Жанубий Кореядаги ҳамкорлари, мамлакатимизнинг Сеулдаги дипломатия ваколатхонаси ходимлари, академияда таҳсил олаётган иқтидорли талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.

Академиянинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Мурод Жафаров тадбир иштирокчиларига Тошкент тиббиёт академияси фаолияти ва унинг имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берди. Иштирокчиларга ТТА фаолиятига оид видеороликлар намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этган ҳамкорлар Жанубий Кореядан кўплаб талабаларни Тошкент тиббиёт академиясида ўқишга юбориш, шунингдек, академиянинг кўплаб талабаларини Кореянинг нуфузли тиббиёт олийгоҳларига қабул қилишни ташкил этиш ҳамда бу борада ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби, тиббиёт йўналишида ҳам самарали ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган. Ҳозирги пайтда Тошкент тиббиёт академияси Корея Республикасининг 20 дан ортиқ университети ва клиникалари билан  ҳамкорлик қилмоқда.

Сеулда Тошкент тиббиёт академияси ваколатхонасининг очилиши ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишига шубҳа йўқ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan