2019 йилдан бошлаб барча Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонида белгиланган.
Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, ҳозирда агентлик томонидан ваколатли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши билан бир қаторда зарурий чоралар ҳам кўрилиб борилмоқда.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Давлат хизматлари агентлиги томонидан тажриба тариқасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат тест маркази ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда абитуриентлардан ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни 201 та туман ва шаҳарларда фаолият олиб бораётган ДХМ орқали қабул қилиш амалиёти жорий этилди.
Ушбу янгилик амалиётда ўзининг қуйидаги ижобий жиҳатларини кўрсатган:
– ҳужжат топшириш жараёнида ортиқча қоғозбозликдан воз кечилди;
– ҳар бир абитуриентга ўзининг тумани ёки шаҳри, шунингдек ўзи хоҳлаган ҳудуддан ҳужжат топшириш имкони яратилди;
– уларнинг қимматли вақти тежалди;
– абитуриентларнинг ҳудудлардан овора бўлиб пойтахтга келиш оқими кескин камайди — уларнинг ортиқча сарф-харажатларининг олдини олди;
– ҳужжат топшириш жараёнига бир неча соат ёки кун эмас балки 15-20 дақиқа кифоя қилди;
– абитуриент ҳужжат топширганидан сўнг ҳужжатларнинг асли унинг ўзида қолди;
– университет томонидан фақат ўқишга кирган талабаларнинг ҳужжатигина уларнинг ўзидан қабул қилиниб, олий таълим муассаса қабул комиссияси ва архивида ортиқча ҳужжат айланмасини кескин камайтирди.
Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш бўйича давлат хизматини туманлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши абитуриентларга Тошкент шаҳридаги ва республиканинг исталган ҳудудида жойлашган олий таълим муассасасига ўзининг туманидан чиқмасдан туриб ҳужжат топшириш, шунингдек онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратади.
Манба: kun.uz
Translate: Рус