Тошкент тиббиёт академияси Офтальмология кафедраси.”ТАБАРРУК ИНСОНЛАР ЁДИ…” 

Тошкент тиббиёт академияси Офтальмология кафедраси.”ТАБАРРУК ИНСОНЛАР ЁДИ…”

Икинчи жаҳон урушининг 80 йиллиги ва ТТАнинг 100 йиллигига бағишланади.

 Унинг кафтларидаги чизиқлар,  ёшлигида  фронт учун этик тикиб матонат кўрсатган  Тошкентлик меҳнаткаш йигитнинг  қисмат йўли,   умр бўйи илм излаб, элга нафи теккан донишманд шифокорнинг ибратли ҳаёт сўқмоқларига ўхшаб кетарди, гўё…

 

ТОШКЕНТНИНГ ТИРИШҚОҚ ЙИГИТИ…

Ҳамидулла Тошкентдаги 8 йиллик мактабни тугатганида 18 ёшли навқирон йигит эди. Оиладаги меҳнатсеварлик муҳитида тобланиб вояга етган ўспириннинг кўнглига тугиб қўйган жуда катта орзулари бўларди, ўшанда.

Шифокор бўлиш…Одамларни дарддан ҳалос этиш, бировнинг корига яраб, ўзгалар бахтидан қувониб яшаш…

Бироқ, бу мақсадларга ўқиб ўрганишсиз, тиббиёт илмини пухта эгалламасдан эришиб бўладими.

Бироқ, дунё аҳолиси иккинчи жаҳон урушининг қаҳшатқич зарбасидан азият чекаётганида  одамлар зиммасида ўқишдан ҳам муҳимроқ вазифалар турарди.

Отасининг тиббиёт аввало ўзгаларга ёрдам деган ўринли  ўгитига қулоқ осиб катта бўлган  Тошкентнинг тиришқоқ йигитини шу вазифанинг масъулияти кўп ўйлантирарди. Одамларга  хизмат қилиш керак. Ҳозир муҳими шу… Урушнинг азобли изтиробларини бошидан кечираётган ватандошларига ёрдам бериш истаги уни   фронт ортида туриб армиядаги жангчилар учун ўз қўллари билан этик тикиб беришдек савобли ишга  ундади. Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган Ҳамидулла ҳар куни этик тикди. Тиним билмай ишлади. Қўлларига ноҳос бигиз санчиб олганида ҳам оғриқни ичига ютди, инграмади. Қийинчилилар олдида эсанкирамай, ҳаёт билан курашишни ўрганди. Одамлар дардига малҳам бўлиш учун ҳаммасига чидашим керак дея, ўз- ўзига берган ваъдасига содиқ қолди.

 

Ўзбек тиббиёти илми тарихидан  Ҳаджимуҳамедов Ҳамидулла Қарабоевич деган – таниқли шифокор олимнинг табаррук номи жой эгаллашига   қатъиятли беғубор ўзбек йигитининг ана шундай  машаққатли меҳнатлари сабаб бўлди.

Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедов… 1942-1945 йиллар давомида  фронт ортида туриб қизил армия жангчиларига ўз қўллари билан этик тикиб ватани ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшган меҳнат фронти фахрийси…

Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедов… ҳали дунё уруш аламлари зарбини унутмаган 1945-1946 йилларда кўз касалликлари шифохонасида тиббиёт оғаси бўлиб ишлаган ҳаваскор  Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факултетига ўқишга кирди.

 

1952-йил.

Табиатан  теран ва кенг фикрлайдиган, кўз ўнгида кечаётган жараёнларни чуқур таҳлил қилишга одатланиб борган  талаба  Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедов  тиббиёт институтини  имтиёзли диплом билан тамомлагач, устозлари М.Х. Хамидова, М.К. Камилов, Т. Ё. Касимов, Т.Г. Ильиналар

изидан бориб, Тошкент Давлат Тиббиёт Институтига қарашли кўз касалликлари бўлимига шифокор бўлиб ишга жойлашади.

Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедовнинг узоқ йиллар шу соҳада ишлаб Республикада офтальмология фанини ривожлантиришдаги малакаси айнан шу даргоҳда синовдан ўтди.

1962 – йил.

Ёш олим ўзи ўқиб турган институт қошидаги аспирантурани тамомлагач, Москвада  “Профилактика промышленного глазного травматизма” мавзусидаги илмий ишини ёқлади.

Шу йилларда  Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида эпидемия тусини олган трахома ўчоғида бўлиб, касаллик билан курашди. Орттирган катта  амалий тажрибаларини  1964-йилда Андижон давлат тиббиёт институти кўз касалликлари кафедрасини ташкил этишдаги ибратли бошқарув ишларида кўрсатиб берди.

1979-йилгача Андижон давлат тиббиёт институти кўз касалликлари кафедраси мудири ва даволаш факультети декани лавозимида фаолият кўрсатади. Унинг бошчилигида Андижон вилоятида минглаб юқори малакали офтальмолог кадрлар тайёрланди.

Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедов 1979-йилда яна  Тошкентга қайтиб, Тошкент  давлат тиббиёт институти кўз касалликлари кафедраси доценти лавозимида ишлай бошлади. 16 йил деганда 2010 йилга келиб кафедрадаги  илмий-ўқув ишларига маъсул бўлган олимнинг ўзига хос  ўқув-амалий усуллари офтальмология соҳасини  ривожлантиришнинг замонавий шаклларини яратишда катта муваффақият қозонди. Шу тариқа у кўз касалликлари соҳасининг илмий ва амалий муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш жараёнидаги ташаббусли ҳаракатлари боис, тиббиёт фанлари номзоди, доцент илмий унвонига ҳам  сазовор бўлди.

Азиз умрининг 60 йилдан зиёдини офтальмология ривожи йўлида сарфлаган Ҳамидулла  Ҳаджимухаммедов 200 дан ортиқ илмий ишлар ва услубий қўлланмалари билан   танлаган соҳасида муносиб ўрин топа олди. Бу унинг 2005-2010 йиллар мобайнида  академия иш жараёнидаги  илмий -педагогик, услубий ва даволаш ишлар салмоғида намоён бўлди.

Бор диққат эьтиборини кафедранинг ўқув ишлари базасини яхшилашга йўналтиришни У устози, кафедра мудири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач,  тибиёт фанлари доктори, профессор, Т.Г Ильинадан ўрганди.

 

Тошкент давлат тиббиёт институтида ярим асрлик меҳнатлари билан из қолдирган беназир олимнинг  офтальмология  кафедрасини бошқаришида сафдош ҳамкасблари  т.ф.н. Умарова Т.У., т.ф.н. Агзамова Х.С., т.ф.н. Хақбердиева Ф.Н., Авазматова Ф.К., доцент Авазов Т.Н. сингари  фан фидоийларининг биргаликдаги хизматлари катта бўлди.  Республикада офтальмология соҳасидаги хизматнинг  алоҳида эътироф этилишида ҳамжиҳатликдаги меҳнатнинг ўрни беқиёс.

Ватандошимиз Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедовнинг тиббиёт илми салмоғига  қўшган бебаҳо улуши ва эл юрт олдидаги беминнат меҳнатларининг   ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиига ҳам устоз ва шогирдларнинг биргаликда, елкама-елка туриб бажарган дўстона ишлари сабаб бўлган.

 

“Меҳнат фаҳрийси” кўкрак нишони соҳиби, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими”,  Шарафли меҳнатлари  учун”, “Шуҳрат медали” ва “ “Соғлиқни сақлаш аьлочиси” деган номга сазовор бўлган шифокор  Ҳамидулла Ҳаджимуҳамедов 2017- йилнинг 17-май куни  бу дунёни тарк этган бўлсада, бироқ унинг эзгу ишлари, чуқур тафаккур маҳсули бўлган фойдали илми  одамлар ёдида ҳамон яшаб келмоқда.

Айни кунда бу яхши анъана офтальмология кафедраси мудири, т.ф.д., профессор Эркин Билоловнинг ўзига хос илмий услубий ишларида ўзини тўлиқ намоён этаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Кўз касалликлари илмининг билимдонларидан бири  профессор Фазилат  Бахриддинова каби ўнлаб офтальмология соҳаси етакчилари фаолият олиб бораётган кафедрада  Ҳамидулла Ҳаджимухаммедов изидан бораётган  янги авлод вакиллари жам бўлганлар.

 

МУАЛЛИФ: ТТА МАТБУОТ КОТИБИ ГУЛЧЕҲРА МИРЗАЕВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan