Хотира – муқаддас, қадр – азиз

«Инсоннинг ўрни унинг қилган ишлари, жамиятга теккан нафи билан белгиланади», дейди халқимиз. Назаримизда ушбу нақл мазкур рисола қахрамони Фатхулла ака Ғайбуллаевнинг тимсолида ўз аксини топгандек.

1990 йилда ТошДавТИ иккига бўлингач, кадрлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб турган Фатхулла ака ўз ихтиёрлари билан институмизда ишлаш истагини билдирдилар. Бу бизни жуда қувонтирди. Чунки Фатхулла ака ўша даврга қадар кадрлар бўлими бошлиғи сифатида нафақат ўз билимига, балки институтда ходимлар ўртасида меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, лаёқатли кадрлар танлаб, ходимлар кўнимсизлигига бархам бериш бўйича танилиб қолгандилар.

Фатхулла ака 2000 йилга қадар шу лавозимда фаолият кўрсатдилар. Шу давр мобайнида улар ўз вазифаларини маъсуллик, тезкорлик ва сидқидилдан бажарибгина қолмай институт фахрийлар кенгашининг раиси ўринбосари сифатида хам фидоийлик кўрсатдиларки, бу барча учун ибрат бўлса арзийди. Чунки “Элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган” бундай инсонни учратиш мушкул.

Агарда ҳозир ҳаёт бўлганларида ўзларининг муборак 89 ёшларини нишонлаган бўлар эдилар,

Ёшлардек ғайрат, харбийча салохият билан Фатхулла ака Ғайбуллаев махсус бўлим бошлиғи сифатида институтимизнинг хавф-хатарсизлигига, унинг тартиби – интизомига масъул шахс эдилар. Шунингдек, институт “Нуроний” жамиятининг раиси сифатида хормай-толмай ўз сафдошларига хизмат кўрсатиб келганлар.

Албатта, шундай инсонлар хақида хар қанча ёзса, рисолалар битилиб ёшларимизга ибрат қилиб кўрсатилса қадриятларимиз янада сайқаллашиб бораверади.

Хуллас, Фатхулла ака 1956 йилда олий харбий билим юртини тугатгач хаётининг асосий босқичи бошланади. Умрининг 32 йилини қамраб олган бу даврда Фатхулла Ғайбуллаев лейтенантликдан полковниклик даражасигача бўлган жангавор йўлни босиб ўтди. Ўнлаб ҳорижий давлатларда хизмат бурчини намунали тарзда ва сидқи-дилдан  бажарди.

Хизматдаги кўрсатган  ютуқ ва муваффақиятлари учун юқори қўмондонликнинг 152 та фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Шунингдек Фатхулла Ғайбуллаев ҳарбий хизмат чоғида алоҳида ибрат кўрсатгани учун 15 та орден ва медалларга сазовор бўлган, ҳамда ҳукумат томонидан 30дан ортиқ турли мукофатлар билан мукофатланган.

1984 йилда Фатхулла Ғайбуллаев полковник унвонида истеъфога чиқди. Бироқ табиатдан меҳнатга, жамоага ўрганган Фатхулла ака уйда ўтира олмади. Унинг меҳнатсеварлиги, инсоний фазилатлари, ишга сидқидилдан ёндашиши, талабчанлигидан хабар топган ТошДавТИ ректори Фатхулла Ғайбуллаевга кадрлар бўлимини бошқаришни таклиф этади. Мазкур бўлим шу даврга қадар фаолият кўрсатишда оқсаётган, кадрлар кўнимсизлиги юқори даражада, шунингдек бошқа камчиликлар мавжуд эди.

Фатхулла аканинг кадрлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган кезларидаги энг ибратли фаолиятларидан бири – у кишининг не чоғли қалби дарё, жонкуяр устоз – мураббий эканлигидир.

Ўз даврида мазкур бўлимдаги ишларни талаб даражасида ташкил эта билган Фатхулла ака институт хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифаларни намунали бажариб келган.

Фатхулла ака институтга келибдики, ўз вазифасини намунали адо этиш билан бир қаторда жамоат ишларида хам фаол бўлган. У киши аввал институт Фахрийлар кенгаши раисининг муовини, кейинчалик раис сифатида ўз фаолиятини Кенгаш ишини жонлантиришга бахшида этиб  келган. Турли байрам ва маросимларда институтда ишлаб турган, ишлаб келган уруш ва меҳнат фахрийларини моддий-маънавий рағбатлантириш, уларнинг бошини – бошига қўшиш учун елиб югурган инсон сифатида хозиргача академияда ёдга олинади.

Фатхулла аканинг эътиборидан айниқса уйида хаста ётган ёки ночор аҳволда яшайдиган фахрийлар четда қолмаган. Шундай пайтлар бўлардики, бу жонкуяр инсон институт маъсул ходимларидан икки – уч кишини олиб, таниш – билишларининг машинасида уйда бемор ётган ёки қийин моддий шароитда яшаётган фахрийларнинг уйига ажратилган пул, озиқ – овқатлар билан йўқлаб бориб уларни кўнгилларини кўтариб ҳолларидан хабар олардилар.

Бундай пайтда ҳар қандай кишининг кўнгли тоғдай кўтарилиб ҳаётга бошқача назар билан қараб, ватанга бўлган муҳаббати ва шукроналик ҳисси уйғониши шубхасиз. “Бир ғариб кўнглини этсанг шод, яхшироқдир дунёни қилгандан обод” деган хикмат ўз ифодасини топгандек бўлади шундай онгларда. Ф.Ғайбуллаевнинг ёрқин хотираси доимо академиямиз жамоаси, тиббиёт жамоатчилиги ва унинг шогирдлари хотирасида абадий сақланиб қолади.

 

 

Профессор Т.А.Бобомуратов

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan