“ҲАР КИМКИ ВАФО ҚИЛСА, ВАФО ТОПҚУСИДИР…”

Юртимиз буюк алломаларга бешик бўлган табаррук маскан. Бобокалонларимиз яратган улуғ асарлар жаҳон аҳлини ҳайратга солган ва ҳамон дунё уларни севиб мутолаа қилади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда буюк аждодларимиздан қолган бебаҳо ёдгорликлар, хорижий мамлакатларда сақланаётган бой илмий-маданий меросимиз нумуналарини Ватанимизга қайтаришда бир қанча эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Бобур номли халқаро жамоат фонди ва фонд ҳузуридаги халқаро илмий экспедитсиянинг чорак асрдан буён амалга ошириб келаётган ишлари эътиборга молик. Халқаро илмий экспедитсиянинг илк юриши 1992 йилнинг 19 майидан 15 июнигача бўлган. Экспедитсия таркибида 14 киши бўлиб, автомобилда 18 минг километрдан зиёд йўл босган. Андижондан бошланган сафар қатнашчилари Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хўжа Аҳрор, Баҳоуддин Нақшбанд ҳамда бошқа улуғ азиз-авлиёларнинг қадамжоларини зиёрат қилиб, Туркманистон ва Эрон орқали Саудия Арабистони ҳудудига ўтишган. Президентимизнинг ташаббуси билан экспедитсиянинг ўнлаб сафарлари натижаси сифатида “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи ташкил қилинди. Бу ерда 500 дан ортиқ ноёб қўлёзма асар ва китоблар сақланмоқда. Шунингдек, Бобурнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ноёб асарлар ҳам Ўзбекистонга олиб келинди ҳамда илмий истеъмолга киритилаяпти.

Бобур таваллуди куни арафасида мазкур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедитсия раҳбари Зокиржон МАШРАБОВГА саволлар билан мурожаат қилдик.

– Зокиржон ака, ўтган йилда қилинган ишлар ҳақида мухтасар айтиб ўтсангиз.

– Ўтган йили Бобур халқаро илмий экспедитсиясининг навбатдаги илмий сафари Ҳиндистонга уюштирилди. Сафар давомида Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Бобур номли халқаро жамоат фондининг Деҳли бўлими билан биргаликдаги ўзаро саъй-ҳаракатлар натижасида Деҳли, Рампур, Лакҳнав, Патна, Агра ва бошқа шаҳарларда жойлашган бир қанча кутубхона, музей ва архивларда сақланаётган буюк аждодларимиз томонидан яратилган 120 дан зиёд ноёб асарнинг нусхаларини қўлга киритиб, юртимизга олиб келишга муваффақ бўлдик.

Йил давомида жамоат фонди ўқувчи-ёшлар, талабалар, турли ташкилотлар вакиллари ҳамда Бобур ихлосмандлари билан учрашув ва давра суҳбатлари уюштириб, ушбу учрашувларда иштирокчиларга темурийлар, бобурийлар ва Андижон шаҳрининг тарихи билан боғлиқ китоблар совға қилинди.

Бобур халқаро илмий экспедитсияси томонидан олиб борилган илмий изланишлар натижасида ноёб китоб ва нодир қўлёзма асарлари юртимизга олиб келиниб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида мужассамлаштирилди ва илмий истеъмолга киритилмоқда. 30 дан ортиқ илмий-бадиий китоб чоп этилди.

Шунингдек, Ҳайдарободдаги Саларжанг музейида сақланаётган қадимий ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асл нусхасининг иккинчи ксеронусхасини олиб келишга мушарраф бўлдик. Шунингдек, “Куллиёти Бобур” танланган асарларини Эрондан олиб келишга эришдик. Буюк бобокалонимиз “Хати Бобурий” номи билан машҳур ёзув яратиб, Қуръони Каримни кўчиртириб, Мадинаи Мунавварага юборган. Экспедитсиямиз 10 йил давомида бу улуғ меросни излаб топди ва Эрон давлати билан келишилган ҳолда ушбу асарнинг нусхасини ҳам “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига олиб келдик.

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди олдида яна бир муҳим вазифа турибди, яъни “Бобурнома”нинг йўқолган қисмини излаб топиш. “Бобурнома” 36 йил ёзилган. Шундан бизгача асарнинг ярми – 18 йили етиб келган, холос. Қолган 18 йилини излаб топишимиз керак. Бобур 1494 йил тахтга ўтирган кунидан бошлаб “Бобурнома”ни ёза бошлаган. У токи Бобурнинг вафотига қадар – 1530 йилгача ёзилган. Бизгача етиб келган “Бобурнома”да бор-йўғи 18 йил воқеалари бор, холос. Қолган ярми қани? Буюк аждодимиз Бобур ҳазратлари “Ҳарб иши”, “Мусиқа сирлари”, “Қофия илми” деган асарлар ҳам яратган. Уларни ҳам излаб топиш бизнинг олдимизда турган асосий вазифа саналади.

– Фаолиятингиз давомида дуч келган бошқа маълумотлар ҳақида нима дейсиз?

– Африка қитъасидан то Ҳиндистон ярим ороли – Бирмага қадар буюк аждодларимиз хоклари ётибди. Уларнинг қабрларини излаб топиб бордик ва фарзандлик бурчимизни бажариб, Қуръон тиловат қилдик. Уларнинг ичида қабрлари ўта хароб ҳолатда ётганлари ҳам бор. Масалан, Форобий ҳазратлари Дамашқда, Али Қушчи Истанбулда, Аҳмад Фарғоний Мисрда, Ал-Хоразмий Боғдодда ётибди. Афғонистонда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Беруний ҳазратлари, Бобораҳим Машраб каби улуғ аждодларимиз мангу қўним топган. Ҳозирги кунда Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзоднинг қабрларини тиклаб, зиёратгоҳга айлантирдик. Бу ишлар бардавом бўлади.

Юқорида номлари зикр этилган улуғ аждодларимизнинг бирортаси ҳақида энсиклопедия яратилмаган. Биз Бобур энсиклопедиясини яратиш учун қаттиқ шуғулландик. Айни пайтда иккита нашрини чоп этишга улгурдик. Биринчи нашри 2014 йилда чиқди. Иккинчи нашрини ҳам камчиликлари тўлдирилган ҳолда 2016-2017 йилларда чиқардик. Яна бир хайрли ишни амалга оширдик – “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида сақланаётган асарларнинг библиографиясини туздик. Бунга қизиқиш кўпайгач, республика миқёсидаги кутубхоналарда сақланаётган Бобур ва бобурийларга оид асарларнинг ҳам библиографиясини яратдик. Россия Фанлар академиясининг Туркология институти қизиқиш билдиргач, 5-6 та нусха юбордик. Улар билан ҳамкорликда 2016-2017 йилларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари библиографиясига оид катта асарни яратдик. Россия Фанлар академияси билан ҳамкорликда яратилган ушбу библиография дунёга машҳур бўлиб, қўлланма сифатида фойдаланиб келинаяпти. Бобур ва бобурийларга оид бир нечта асарларни форс, инглиз тилидан ўзбек тилига ўгириб, китобхонларга етказишга кўмаклашдик. Масалан Бобурнинг холаваччаси Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” дея номланган китобини ўзбек тилига ўгирдик. “ХВИ аср бунёдкори”, “Гулбадан”, “Бобур – ЙЎлбарс ”, “Андижон шаҳзодаси” каби китобларни ҳам инглиз, немис тилларидан ўзбек тилига таржима қилиб, китобхонларга етказдик.

Ҳа, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди кўҳна тарихимизни тиклаш, заминимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, улар қолдирган бой илмий-маданий меросни излаб топиб, Ватанга олиб келиш ва илмий истеъмолга киритиш борасида қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда. Зеро, шоҳ ва шоирнинг ўзи айтганидек, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир…”

Манба: ЎзА

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan